Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Муҳаббат дегани мана шунақа бўлади!

1423

Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг уйининг томида тарнов бўлиб, у тарнов Умар розияллоҳу анҳу ўтадиган йўлда эди. Жума куни Умар розияллоҳу анҳу янги кийимларини кийиб, инсонларга хутба қилиш учун масжидга шошилдилар. Аббоснинг оиласи томнинг тепасида иккита товуқ сўйишган эди. Улар қонни ювиб юбориш учун унинг устидан сув қуйиб юборишди. Қон аралаш сувнинг тарновдан тушадиган пайти Умар розияллоҳу анҳунинг кўчадан ўтадиган пайтларига тўғри келди. Қонли сув Умар розияллоҳу анҳунинг кийимларига тегди. Умар розияллоҳу анҳу тарновни дарҳол жойидан суғуриб ташлашни буюрдилар. Сўнгра тезлик билан уйларига қайтиб кийимларини алмаштириб яна масжидга қайтдилар. Инсонларга хутба қилиб намозни ўқиб бердилар.

Намоз тугагач, Аббос розиёллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб деди:
– Эй мўъминлар амири! Аллоҳга қасамки, бу тарновни шу жойга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз қўллари билан ўрнатиб берган эдилар.

Буни эшитган халифа Умар розияллоҳу анҳу дедилар:
– Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаман, оёқларинг билан менинг орқамга чиқиб, бу тарновни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўрнатган жойга ўрнатасан.

Аббос розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳу айтганларидек қилиб тарновни ўз жойига ўрнатиб қўйишга мажбур бўлди.

Умар розияллоҳу анҳунинг тарновни суғуриб ташлатганларига сабаб унинг бошқаларга зарар бергани эди. Зеро, тарнов у кишининг кийимларини булғаган эди. Эҳтимол бошқаларнинг ҳам кийимларини кир қилиш мумкин эди. У зот халифа эдилар. Халқдан зарарни даф қилишлари лозим эди. Аббос розияллоҳу анҳу бу тарновни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз қўллари билан ўрнатиб берганларини айтгандан сўнг ҳолат ўзгарди. Умар розияллоҳу анҳу Аббосни орқаларига чиқиб тарновни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўрнатган жойга ўрнатишини айтиб қасам ичдилар.

Бу қандай муҳаббат! Ҳаққа қайтишни қаранг, тавозуни қаранг, бўйсунишни қаранг!

Энди масалага бошқа томондан қараймиз. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам биз учун тарновдан қимматлироқ ва азизроқ нарсаларни ўрнатиб кетдилар. Биз уларни қўйилган жойида муҳофаза қилаяпмизми?!

У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам бизга ота-оналаримизга яхшилик қилиш ҳақида кўрсатмалар бериб кетганлар. Биз унга риоя қилаяпмизми ёки ота-оналаримизга оқ бўлаяпмизми?! Бунга риоя қилмаслигимиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўрнатган тарновни суғуриб ташлашимиз эмасми?! Хотинларимиз билан гўзал муносабатда бўлишимизни бизга васият қилиб кетганлар. Биз у васиятга амал қилаяпмизми ёки хотин-қизларимизга ёмонлик ва зулм қилиб уларнинг қалбини ёмон сўзлар билан жароҳатлаяпмизми?! Ахир аёлларимизга ёмон муносабатда бўлишимиз тарновни ўз жойидан суғуриб отиш билан тенг-ку!

Қўшнига яхшилик қилишни бизга амр қилиб кетганлар. Биз яхшилик қилдикми ёки қўшниларимизга озор бердикми?! Гоҳида уларга бақирдик, гоҳо уларни ғийбат қилдик, гоҳида уларнинг айбларини очдик, гоҳида мулкларини ўзлаштирдик. Бу ишимиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўрнатган тарновни ўз жойидан суғуриб отиш билан тенг эмасми?!

Бизга силаи раҳм қилишни васият қилиб кетганлар. Биз қариндошлар билан алоқани яхшиладикми ёки улар билан арзимаган дунё матоси учун хусуматлашиб узилишиб кетдикми?! Ака укасининг эшигини тақиллатмайди. Сингил акасини йўқлаб келмайди. Амакилар ташлаб қўйилган. Тоғаларнинг аҳволи сўралмайди. Фақатгина ҳайитларда ҳол сўралиши мумкин. Ахир бу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўрнатган тарновни ўз жойидан суғуриб отиш билан тенг эмасми?!

Умар розияллоҳу анҳу Аббос розияллоҳу анҳуга орқаларини эгиб турганлари Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларидандир.
Муҳаббат бу бўйсуниш, эргашиш, бўйин эгишдир. Агар тарновни билмасдан суғуриб қўйган бўлсангиз Умар розияллоҳу анҳу каби дарҳол орқангизни эгинг ва тарновни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўрнатган жойга ўрнатиб қўйинг!

Абдулқодир Полвонов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Асл бахтингиз оддий ва осойишта ҳаётингиздир. Бағрикенглик, муҳаббат ва иймон бўлса...

530 16:30 11.05.2021

Саҳобаларнинг Расулуллоҳга муҳаббати шундай эди

793 19:00 21.04.2021

Мени йиғлатган рост тарих...

2119 09:30 19.04.2021

Муҳаббат 

1323 20:30 09.03.2021

Шайх ва аёли ўртасидаги муҳаббат

4665 13:05 16.11.2020
« Орқага