Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Тўрт масжидли давлат

1468

Литва Республикаси – Европанинг Болтиқбўйи минтақасидаги, Болтиқ денгизининг шарқий қирғоғида жойлашган давлат. Шимолда Латвия, шарқда ва жанубда Белоруссия, жанубда Польша ва жануби-ғарбда Россия (Калининград вилояти) билан қуруқлик чегараларига эга. Литва майдони 65,300 квадрат километр, аҳолиси 2,8 миллион киши. Пойтахти ва энг катта шаҳри – Вильнюс; бошқа йирик шаҳарлари – Каунас ва Клайпеда. Литваликлар балт этно-лингвистик гуруҳига мансуб бўлиб, оз сонли сақланиб қолган болтиқ тилларидан бири бўлган литва тилида сўзлашади.

Минг йиллар давомида Болтиқ денгизининг жануби-шарқий қирғоқларида турли Болтиқ қабилалари яшаган. 1230 йилларда Литва ерларини Миндаугас исмли шахс бирлаштириб, 1253 йил 6 июлда Литва Қироллигига асос солди. XIV асрда ҳозирги Литва, Белоруссия, Украина, Польша ҳамда Россиянинг бир қисми Литва Олий Герцоглиги ерлари бўлиб, мамлакат Европадаги энг йирик давлат ҳисобланган. 1569 йили Люблин Иттифоқи билан Польша-Литва Ҳамдўстлигини тузилган. 1772–1795 йилларда қўшни давлатлар, шу жумладан Россия империяси Польша-Литва Ҳамдўстлиги ҳудудининг катта қисмини қўшиб олган. Биринчи жаҳон уруши тугагач, 1918 йил 16 февралда Литва Мустақиллик акти имзоланиб, замонавий Литва Республикаси ташкил топган. Иккинчи жаҳон урушида Литвани дастлаб Совет Иттифоқи, кейин эса фашистлар Германияси босиб олган. Уруш тугашига яқин, немислар чекиниши билан 1944 йили Совет Иттифоқи Литвани қайта эгаллаган. Совет ишғолига Литванинг қуролли қаршилиги 1950 йилларнинг бошигача давом этган. 1990 йил 11 мартда, Совет Иттифоқи расман парчаланишидан бир йил олдин, Литва ўз мустақиллигини эълон қилган биринчи Совет республикаси бўлди.

Литва – ривожланган иқтисодиёт ва юқори даромадга эга мамлакат; Инсон тараққиёти индексида жуда юқори ўринни эгаллайди. Фуқаролик, матбуот ҳамда интернет эркинлиги бўйича ижобий кўрсаткичларга эга. Бироқ, 1990 йиллардан бошлаб Литвада аҳоли камайиши кузатилиб, ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичи ҳам юқори бўлиб қолмоқда. Литва Европа Иттифоқи, Европа Кенгаши, Еврозона, Шимолий инвестиция банки, Шенген келишуви, НAТО ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти аъзосидир.
•  Литваликлар икки мустақиллик кунини нишонлайдилар: бири 16 февраль санаси бўлса, иккинчиси – Мустақиллик тикланиши куни, 11 март.
•  Литва Европада насронийликни охирги бўлиб қабул қилган мамлакатдир (тахминан 1387 йили).
•  1989 йили француз олими томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, Литва географик жиҳатдан Европанинг қоқ марказида жойлашган.
•  Литва дунёдаги энг тезкор Интернет уланишларидан (30 Мбит/с) бирига эга.

Диний муҳит
2011 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Литвада асосий дин насронийлик бўлиб, католик черкови энг йирик конфессия ҳисобланади (аҳолининг 77%). Православ насронийлари, евангелист лютеранлар, бошқа протестантлар, яҳудийлар ва мусулмонлар, шунингдек бошқа дин вакиллари ҳам бор.

Исломий муҳит
Литвада Ислом бошқа шимолий ва ғарбий Европа мамлакатларидан фарқли ўлароқ XIV асрдан бошланган узоқ тарихга эга. Болтиқбўйидан Қора денгизгача чўзилган Польша-Литва Ҳамдўстлигида Қрим татарлари яшаган бир қанча мусулмон ерлари бўлган. Ислом оламидан узоқ вақт изоляция қилинганлиги сабабли, Литва татарларининг урф-одатлари бошқа сунний мусулмонлардан фарқ қилади, лекин улар алоҳида секта ҳисобланмайди. Бир пайтлар Литвада мусулмонларга эркинлик бўлган. Aммо Совет Иттифоқи Литвани қўшиб олганидан кейин татар маданиятининг бир қисми бўлмиш масжидлар, қабристонлар ва бошқа кўплаб жойлар вайрон қилинган. Литва мустақиллиги тикланганидан сўнг вазият ижобий тарафга ўзгарди. Ҳозирги вақтда учта ёғоч масжид (Вильнюс туманида иккита ва Райжиаи туманида битта), шунингдек, Каунасда қурилган янги ғиштли масжид мавжуд. Литва пойтахти Вильнюс шаҳрида эса бирорта ҳам масжид йўқ, чунки коммунистлар у ердаги Лукишк масжидини вайрон қилишган. Литва татарлари ҳамжамияти ушбу масжидни қайта тикламоқчи, лекин турли муаммоларга дуч келмоқда. Ҳозирги вақтда фақат бир неча минг Литва татарлари қолган, бу мамлакат аҳолисининг 0,1 фоизини ташкил қилади. 
Ҳозирда Литвада жами 4 та масжид фаолият юритмоқда.

Каунас масжиди


Каунас шаҳри ва туманидаги ягона, Литвадаги тўртта масжиддан бири, Литва ва Болтиқбўйи мамлакатларидаги ғиштли ягона масжид. Ҳозирги кунда масжидга ташриф буюрувчиларнинг кўпчилиги Каунас университетларида таҳсил олаётган дунёнинг турли бурчакларидан келган чет эллик талабалар ва Марказий Осиёдан келган ишбилармонлардир. Жума хутбалари ҳар хил хатиблар томонидан инглиз, араб ва литва тилларида ўқилади. Масжид беш вақт намоз учун очиқ.

Райжиаи масжиди
Mosques in Lithuania | True Lithuania
Хонақоҳи минора билан қўшиб қурилган ушбу ёғоч масжид қурилиши 1889 йилга тўғри келади. Совет Иттифоқи даврида очиқ қолган ягона масжид сифатида Райжиаи татар қишлоғини Литванинг мусулмон пойтахтига айлантиради.

Немежис масжиди
Биринчи ёғоч масжид Немежисда 1684 йилда қурилган. У ёниб кетган, лекин янгиси 1909 йилда қурилган. Советлар даврида у омборга айлантирилган. Литва мустақиллик эълон қилганидан сўнг, масжид жамоага қайтарилиб, диний маросимлар учун ишлатилишда давом этмоқда. 1993 йили қайта тикланган ушбу масжид фақат жума кунлари ибодат учун ишлатилади. Хутба ва намозни ўқиб бериш учун Вильнюсдан имом келади. Немежисда татар қабристони ва татар мактаби ҳам бор.

«40 татар қишлоғи» масжиди
Кетуриасдешимт Тоториу – Литва татарларининг энг қадимги аҳоли пунктларидан бири. 1397 йилда Қрим ярим оролига муваффақиятли ҳарбий юришдан сўнг, Литва қироллиги герцоги Витаутас биринчи татар ҳарбий асирларини Тракайнинг турли жойларига, шу жумладан Вильнюс жанубидаги Воко дарёси яқинидаги жойларга ҳам олиб келган. Ушбу қишлоқдаги биринчи масжид 1558 йилда биринчи бора тилга олинган. Наполеон урушлари пайтида ёниб кетган. 1630 йили қишлоқда 42 татар оиласи бўлган. Бугунги кунда бу қишлоқда 130 га яқин татар яшайди. Қолган аҳолиси литваликлар, поляклар, руслар ва бошқалар.

Фахриддин Расул ўғли тайёрлади

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброни рад этиш

249 22:05 03.12.2021

Динимни ўрганаман: Қуръоннинг ўзбекча таржимасини ўқиса хатм қилган ҳисобланадими?

639 20:05 03.12.2021

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

596 10:05 03.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг рукнлари - қабул

518 22:05 02.12.2021

Динимни ўрганаман: Қуръонни неча кунда хатм қилиш лозим?

1068 20:05 02.12.2021

Работ – 2022 йилда ислом дунёсининг маданият пойтахти 

288 14:10 02.12.2021
« Орқага