Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Мусулмон эркак учун қиз боланинг шаъни ҳар нарсадан устун...

1274

Ижтимоий тармоқда “келин ҳомиладорлиги сабабли 5 ой ичида 8 мингта никоҳ муддатидан олдин тузилди” деган хабар тарқалди. Хабарда вилоятлар кесимида кўрсаткичлар берилган бўлиб, энг юқори кўрсаткичлар орасида Хоразм вилояти 882 та (12 фоиз) билан иккинчи ўринда турибди. Биз айни шу масалани ўрганишга ҳаракат қилдик. Сабаби, бу муаммо енг ичида қараладиган, бефарқ бўладиган масала эмас. 

Азон.уз мухбири бу масалага аниқлик киритиш учун Хоразм вилояти билан боғланди. Хоразм вилояти Оила ва хотин қизлар бошқармаси матбуот котиби Гулноза Умирова бу масалага ўз муносабатини билдирди. 

–  Хоразм вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан  мазкур ҳолат юзасидан Хоразм вилояти статистика бошқармаси мутасаддиларига мурожаат қилинганда, ушбу кўрсаткич статистика бошқармасининг тегишли ҳужжатларида қайд қилинмагани маълум бўлди. Ҳозирда мазкур рақамларнинг қайси манбадан олинганлиги,  ушбу маълумотнинг қай даражада асосли ва ёки асоссиз эканлиги бўйича Хоразм вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Хоразм вилояти Адлия бошқармаси Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш назорат бўлими масъул ходимларига тегишли тартибда мурожаат қилинганда, таъкидландики, ушбу салбий ҳолатларнинг юзага келишига оила қуриш остонасида турган ёшларнинг никоҳни қайд этишдан олдинги тиббий кўрикдан ўтиш масаласига лоқайдлик билан қараши асосий сабаблардан бири бўлиб қолмоқда. Шунингдек, ота-оналарнинг масъулиятсизлиги, бефарқлиги, оилада носоғлом муҳитнинг мавжудлиги, фарзандлар тарбиясига эътиборсизлик каби бир қатор омиллар оқибатида мазкур ҳолатлар юзага келган.

Мазкур масала юзасидан ижтимоий тармоқларда Адлия вазирлиги масъул ходими Шаҳноза Соатова ҳам ўзининг муносабатини билдирган.  У никоҳ қайд этиш борасидаги яна бир муаммоли ҳолат хусусида шундай дейди.

–  Мен сўнгги бир йил давомида республикани айланиб, қайси туманга борсам, албатта ФҲДЁ органларига кириб ўтдим. Ушбу масала юзасидан қуйидаги ҳолатларни эътиборга олиш лозим деб ҳисоблайман. 

Биринчидан, статистик рақамлар фақат 2022 йил бошидан бери олинган кўрсаткичлар бўлиб, улар маълум бир ҳудуд ёки авлод учун хулоса чиқаришга асос бўла олмайди. Чунки ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос географик, ижтимоий-иқтисодий, логистик ва мавсумий омилларга боғлиқ шарт-шароитлари мавжуд. Масалан, Деҳқонобод туманидаги тоғли қишлоқлар ноябрдан март-апрел ойларигача марказдан узилади, шу даврда ҳам оилалар қурилади. Уларнинг никоҳи ФҲДЁ органларига келиш имкони пайдо бўлгач қайд этилиши мумкин.

Иккинчидан, никоҳни тезроқ қайд этиш, 1 ойлик муддатни кутмаслик учун сохта ҳомиладорлик маълумотномаларини олиб келиш ҳолатлари ҳам учраб туради. 

Учинчидан, Президентнинг 2018 йил 12 июндаги ПҚ-3785 қарорига кўра кўплаб шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган шахсларга ҳужжатлар берилиши ортидан улар никоҳни расман қайд этиш имконига эга бўлдилар. Бу ҳам амалда яшаб турган оилаларнинг расман қайд этилиши кўрсаткичини оширди.

Тўртинчидан, никоҳни расман қайд этмай яшашнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунмаслик ортидан бир оила бўлиб яшаган ҳолда ФҲДЁ органларига мурожаат этмаслик ҳолатлари ҳам кўп учрайди. Бир нечта фарзандлик бўлса ҳам, никоҳни расман қайд этмай, фақат болага метрика керак бўлганда ФҲДЁга келишади. Яъни ҳуқуқий онг масаласи. 

Масалан, Сурхондарё вилоятида ўтказилган хатлов натижасида кўплаб оилаларнинг фақат шаръий никоҳ асосида яшаётгани аниқланган, уларга ушбу ҳолатнинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилгач, никоҳни расман қайд этиш ҳолатлари кўпайган. Бундай оилалар орасида ҳам, табиийки, фарзанд кутаётганлари ҳам бор.

Шунинг учун биргина статистикага қараб шошиб хулоса чиқарманглар. Ҳар бир рақам ортида алоҳида ҳолат, тақдир, шаън ва қадр қиммат турибди, буни унутманглар.

Дарҳақиқат, мутахассис таъкидлаб ўтган ҳолатлар сабаб қайд этилаётган никоҳлар бор. Бироқ, масаланинг муаммоли жиҳати ҳам йўқ эмас. Балки юқорида айтилган рақамлардай кўп эмасдир, бироқ борлиги аниқ. Бир қиз ҳомиладор бўлиб турмушга чиқдими, унинг сингилларига, баъзан жиянларининг турмушига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказади. Бир тақдир билан қанчадан-қанча қизлар жабр кўриши мумкин. Шу сабаб, қуйида ўз мулоҳазаларимиз билан муаммонинг омилларига тўхталишга ҳаракат қилдик. 

Қиз бола оиласидаги эркакларнинг номуси бўлади. Эркак номусини ҳимоя қила олмабдими, у қандай қилиб Ватанини ҳимоя қилсин?! Бу каби ҳолатларнинг содир бўлиш омиллари ҳамда қизларимиз маънавияти ва тарбиясидаги “заифлик” ҳар биримизни ўйлантириши лозим.  Оилада эркакнинг ўрни камайиб бораверса, оналар қизларининг қалбига қулоқ сола олмаса, суҳбатлашмаса, дардлашмаса, уларнинг туйғуларини, ҳиссиётларини англай билмаса, бу каби муаммолар бўлаверади. 

Гарчи юртимизда диний бағрикенглик бўлса-да, Ислом динига эътиқод қиладиганлар аҳолининг асосий қисмини ташкил этади. Зеро, мусулмон инсон учун қиз боланинг шаъни ҳар нарсадан устун. Зино ҳаром амал ҳисобланиб, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам унинг жазоси муқаррар. 

Донолардан бири “Тарбия таъмирланиб туриладиган иморатдир”,  деган эди. Бу нозик масалада кичик хато ҳам келгусида ката кўнгилсизликларни юзага келтиради. Шу боис, қадимда зодагонлар фарзандини фақатгина таълими билан эмас, тарбияси билан ҳам шуғулланадиган махсус мураббийларга мурожаат қилишган. Афсуски, бугунги кунда ундай  эмас. Агар бола ота-онадан тарбияни ололмаса, “кўча”, яъни бегоналар унга “йўл кўрсата бошлайди”. Қизларимиз ҳам атрофидаги дугоналари, ижтимоий тармоқлар ва бошқа “салбий” омиллар таъсирида эмас, деёлмаймиз.

Қайси она вақт ажратиб, қизининг дугонаси билан гаплашади, ким билан юрибди, ҳамсуҳбат бўлаяпти? Бу бугунги оналарга қай даражада қизиқ? Яна бир масала, оналарнинг ўзи акалардан “акалик” мартабасини олиб қўймоқда. Синглисини ёки опасини тергаган йигит “сенинг ишинг бўлмасин, ёш нарса ўйнаб олсин”, деган сўзни эшитади.

Бугун қизлар тарбиясидаги нуқсонда кўпроқ оналарни айбдор десак, адашмаган бўламиз. Сабаби, қиз фарзандни она тарбиялайди. Бироқ, аёлига эгалик қила олмаган, қизини ҳимоясиз қолдирган эркаклар ҳам беайб эмас. Қиз боланинг нотўғри хатти-ҳаракати ортидан гапириб, “ғийбат” қилиб, ижтимоий тармоқларда шарманда қиладиган жамият вакилини ҳам бу муаммода бирдай жавобгар десак, хато қилмаган бўламиз. Сабаби, қиз боланинг номусидаги кичик доғ ҳам уни беномусга чиқариши, хатолар устига хатолар қилишига сабаб бўлади. Атрофдагиларнинг дашномидан қочиш учун қиз бола “ёмон” жиҳат билан кучли бўлишга ҳаракат қилади. Аллоҳ ўзи асрасин, бироқ бу ҳақиқат!

Ҳар бир ишнинг ҳам, сўзнинг ҳам энг яхшиси муроса ва яхши муомаладир. Қизларимизни эшитишни билайлик. Ўткинчи ҳиссиётларга алданиб қолишига йўл қўймайлик. Салбий ҳолатни кўрдикми, ўша заҳоти ёшларни тартибга чақириб қўйишни ўрганишимиз, уларнинг ота-оналарини масъулиятли бўлишга чорлашимиз лозим. Бу каби масалаларни муҳокама қилишимиздан олдин, ўзимизнинг ҳам қизимиз, набирамиз борлигини, эртага уни ҳам шу каби ҳолатларга тушмаслигига ҳеч ким кафолат бермаслигини унутмайлик. Сиз-у биз томондан қаратилган озгина эътибор аксари ёшларимизни билиб-билмай қиладиган харом ишлардан тийилишига сабаб бўлса, ажаб эмас.

Камола Адашбоева

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қирғизистонда биринчи “Халқ қурултойи” чақирилади

37 11:45 16.08.2022

Ғарбнинг буюклари пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида...  

201 11:15 16.08.2022

Ўзбекистонда «Имом Бухорий» ордени таъсис этилади

154 10:55 16.08.2022

«Тез ёрдам» машинасида сув ташиган ҳайдовчига чора кўрилди

153 10:35 16.08.2022

Франция ғазнасидан миллионлаб пул ўғирлаган 4 нафар исроиллик ҳибсга олинди

151 10:10 16.08.2022

Саудия валиаҳди қирол Салмон номидан Каъбани ювди 

337 09:45 16.08.2022
« Орқага