Спортнинг ислом динига оид салбий стереотипларни йўқ қилишга қодирлиги борасида фикрлар пайдо бўла бошлади. Ғарб оммавий ахборот воситалари ва уларга тегишли таҳлил марказлари томонидан бир неча йил мобайнида эфирга узатилган, шунингдек, исботлашга уринилаётган исломофобияга оид фикрларни йўқ қилиш масъулияти мусулмон спортчиларнинг елкасига тушадими? Бир неча йил давомида таҳлил марказлари спортчилар одамларнинг идрокида таъсир кўрсатиши ва қиёфасини ўзгартиришдаги ролини ўрганиш билан шуғулланишди. Соҳанинг кўпгина тадқиқотлари шуни кўрсатдики, спортчилар бағрикенгликни рағбатлантиришда, бошқаларга нисбатан муросасизлик ва зўравонлик туйғусини сусайтиришда ва омма хаёлидаги тушунмовчилиг-у шубҳаларни тарқатишда кучли таъсирга эга эканлар.
Исломфобия билан кураш
2016 йилда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида бир қатор мусулмон спортчилар иштирокида тафаккур қиёфасини ўзгартиришда спортнинг ўрни ҳақида савол ўртага ташланган эди. Олимпиадада қатнашган мусулмон спортчиларнинг бўйнига терроризмга оид айбловлар қўйилди. Чемпионат бошлангач, британиялик югуриш спорти бўйича машҳур Муҳаммад Фараҳ ва америкалик қиличбоз Ибтиҳаж Муҳаммад каби мусулмон спортчилар томошабинлар эътиборига тушди ва улар исломофобияни йўққа чиқаришга эришдилар. Бразилиядаги Олимпиада ўйинларидан сўнг Aмерика Қўшма Штатларидаги муслима аёл спортчилар томонидан ўзларига қарши душманона танқидлар ортидан интернетда бошланган “Muslim Girls Hoop Too” деб номланган кампанияни йўлга қўйишганди. Уни Мемфис университетининг америкалик мусулмон баскетболчиси Билқис Aбдулқодир бошқарган. Бу қиздан ё спортдаги карьера ёки ҳижоб орасидаги танллашни талаб қилишган. Унинг уринишлари ўз самарасини берди. Ниҳоят, AҚШнинг собиқ президенти Барак Обама Оқ уйда штатлардаги мусулмон лидерлар билан учрашуви сабаб мамлакатда Исломга нисбатан душманлик муносабатини пасайтирди. Билқис ўша пайтда ҳам мусулмон, ҳам америкалик кимлигини бир вақтнинг ўзида тасдиқлаганди. Қолаверса, америкалик мусулмонларнинг спорт билан шуғулланишларига Исломга ўзига хос даъват сифатида қараш мумкин. Стивен Финкнинг “Даъватдан қочиш: Aмерика мусулмонлари орасида спорт” номли китобида у америкалик мусулмонлар спортининг ўз шахсиятини шакллантиришга ва шу орқали ўзини таништишга интилишларини, хусусан, баскетболчиларнинг таъсири борасида батафсил муҳокама қилган. Финк, спортнинг 2001 йил 11 сентабрь воқеаларидан сўнг мусулмонлар ва ғайримусулмонлар ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлагани ва мусулмонларга нисбатан душманлик даражасини пасайтирганини, бу эса спортни ҳозирги пайтда Исломга стратегик даъватларнинг бир қисмига айлантирганини таъкидлади. Финкнинг фикрича, спорт ислом ва мусулмонларнинг салбий қиёфасига қарши курашда ва омма фикрини ўзгартиришда Aмерика жамиятида кўзга кўринган спортчиларни ибрат қилиб кўрсатиши мумкин. Қолаверса, бир қанча тадқиқотчилар ҳаммуаллифлигидаги “Ислом ва мусулмон жамиятида спорт” номли китобда футболчилар икки йўл билан иймон элчиси бўлиши мумкинлигини таҳлил қилинган. Биринчидан, улар исломни жаҳон саҳнасида ва кўпгина глобал жамиятларда тобора кўпроқ намойиш этиш имкониятга эга бўлишади, иккинчидан, мусулмон спортчилар исломофобияга қарши курашда ҳам етарлича ижобий роль ўйнаши мумкин. Тажрибадан маълумки, оммавий ахборот воситалари фақат фожиавий хабарларни етказиш, салбий характердаги информация билан эътиборни жалб қилишга уринади, муваффақиятларга эса сенсация даражасида эътибор бермайди. Айниқса, бу муваффақиятлар мусулмон спортчиларнинг айрим ютуқлари бўлса, оммага ошкор қилинмайди. Канадалик хоккейчи Нозим Қодирий Стэнли кубогини қўлга киритгач, чемпионликкача етиб келган, унинг масжидга чемпионлик кубогини олиб бориши Канада ва Британиядаги кўпгина ёшларни илҳомлантирганди.
Унинг уринишлари ирқчиликни енгишга сабаб бўлди ва бу мусулмон жамияти учун ҳам бир ғалаба эди.
Тасаввурни ўзгартириш
Спортдаги исломофобия белгиларидан бири бу исломга хос анъаналарни қоралашга уриниш, масалан, рўза тутишни нотўғри талқин қилиш шулар жумласидандир. Британиянинг “Челси” клуби аъзоси Нголо Кантени танқидчилар рўза тутиб ўйнаган ўйинларидан бирини танқид қилиб, бу ўйинига салбий таъсир этиши ҳақида гапиришди. Aнглия Премьер-лигасининг 18 та футбол клубида Садио Мане, Пол Погба, Суфян Буфал ва Месут Ўзил каби элликдан ортиқ мусулмон ўйинчилар ўйнайди, аммо Муҳаммад Салоҳ феномен сифатида баҳоланади ва таҳлил марказлари ва медиа томонида энг кўп кузатиладиган футболчидир.
Салоҳнинг Aнглия Премьер-лигасида иштироки омма орасида ислом ва мусулмонлар, Британия жамиятида эса мусулмонларга нисбатан душманлик ва нафратнинг камайишида хизмат қилган омиллардан бири бўлди. Доктор Раша Мурсийнинг “Ғарб жамиятида араблар ва мусулмонларнинг қиёфасини ўзгартиришда энг яхши спортчиларнинг роли” деб номланган тадқиқотида статистик маълумотлар орқали Салоҳнинг бу борадаги роли муҳимлигини тасдиқлайди.
Мурсий спорт хунук таассуротларни ижобий томонга ўзгартиришга қодир куч сифатида алоҳида урғу берган. У шунингдек, “Ливерпуль” мухлисларининг фикрларини кузатиб, уларнинг Ислом билан танишишга бўлган қизиқиши ортиб бораётгани, шунингдек, ислом ва мусулмонларга қарши овозлар анчага, эҳтимол клуб мухлисларининг ярмидан кўпи бугун аввалги салбий қарашларидан кечган бўлишлари мумкинлигини тасдиқлади. Қизиғи шундаки, 2019 йилда Aмерикадаги Стэнфорд университети тадқиқотчилари томонидан эълон қилинган яна бир тадқиқот Муҳаммад Салоҳ 2017 йилда “Ливерпуль”га ўтгандан сўнг Ислом ва мусулмонларга қарши нафрат туфайли содир қилинадиган жиноятлар Салоҳнинг шуҳрати ёйилишни бошлаши билан қарийб 18,9 фоизга камайганини ва клуб мухлисларининг Исломга қарши твитлари ҳам ярмига қадар қисқарганини тасдиқлайди.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, исломий билимларнинг ортишига Салоҳнинг психологик тўсиқларни бартараф эта олгани ва исломофобияни йўқолишига каттагина ҳисса қўшаётгани сабаб бўлган. Бундан ташқари, 2021 йилнинг июнь ойида Американинг сиёсий журналларидан бири «APSR»да чоп этилган тадқиқотда Салоҳ “Ливерпуль” клубига ўтгач, Британия бўйлаб мусулмонларга нисбатан нафрат туфайли содир қилинган жиноятлар 16 фоизга, клуб мухлислари орасида Исломга қарши хушламай босилган твитлар икки баравар камайганини тасдиқлади. “Ливерпуль” мухлисларининг ижобий ҳис-туйғулари Салоҳдан Исломга ва мусулмонларга кўчиб, ақидапарастликни камайтиришга ҳисса қўшган. Худди шу нуқтаи назардан, профессор Имран Aван ва доктор Ирене Земпи Британияда футболнинг гўзал ўйиндан нафрат майдонига айлангани борасида тадқиқот олиб бориш мобайнида кўпгина жамоат вакиллари томонидан мусулмон спортчиларга қарши улар нафрат сабаб содир этилган кўплаб жиноятларни ўрганишди. Тадқиқот натижалари: агарда спортчи ўз шахсиятидан воз кечмай, спорт машғулотларида муваффақият қозонса, ўзига хос инсонлигини исботлай олса, фанатизм ва нафратни камайтиришда спортнинг ўрни борлигини кўрсатди