Нью-Мексико штатининг маҳаллий ва федерал маъмурлари, Албукерке шаҳрида сўнгги 9 ойда 4 мусулмонни ўлдиришда гумонланувчи 51 ёшли эркак қўлга олинганини ва шахси аниқланганини эълон қилди.
Албукерке полиция бўлими томонидан ўтказилган матбуот анжуманида 51 ёшли Муҳаммад Саид 26 июнь куни Афтаб Ҳусайн ва 1 август куни Муҳаммад Афзал Ҳусайн ва Наим Ҳусайн ва Муҳаммад Заҳир Аҳмадийларнинг ўлдирилишида гумонланиб ҳибсга олингани айтилди. Мазкур шахс илгари ҳам худди шу ҳудудда қотилликлар қилгани қайд этилган.
Полиция Афтоб Ҳусайн ва Муҳаммад Афзал Ҳусайн ўлдирилган жойда қолган ўқ гилзалари Саиднинг уйини тинтув қилиш чоғида топилган тўппончага мос келиши, гумонланувчи ва қурбонлар бир-бирини таниганлиги ва ўлдириш мотивлари ҳақида ҳали аниқ маълумот йўқлигини билдирди.
Полиция бошлиғи Ҳаролд Медина қотилликда гумонланувчини қўлга олишда ҳамкорлик қилган мусулмон жамиятига миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, патрул гуруҳлари мусулмонлар тўпланган ҳудудларда кўпроқ кўринишини, воқеа тўлиқ ойдинлашгунга қадар мусулмонлар ўзларини хавфсиз ҳис қилишлари мумкинлигини айтди.
Нью-Мексико губернатори Мишел Лужан Гришам ҳали аниқлик киритилиши керак бўлган кўп нарса борлигини таъкидлаб, жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, мусулмон жамоаси, штатнинг қаерида бўлишидан қатъи назар, уларнинг хавфсизлиги таъминланмагунча барча давлат ресурслари сафарбар қилинишини билдирди.
Матбуот анжуманида иштирок этган шаҳар мэри Тим Келлер жиноятчиларни ҳибсга олишда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг аҳоли билан яқин алоқалари ижобий рол ўйнаганига эътибор қаратди ва мусулмон жамоатчилиги гумонланувчининг ҳибсга олинишида ўз бурчларини кўпроқ бажарганини таъкидлади.
Бошқа томондан, Албукеке туман прокурори, ФБИ вакили ва баъзи маҳаллий маъмурлар ҳам матбуот вакилларининг жараённинг бундан кейин қандай ишлаши ҳақидаги саволларига жавоб берди.