Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Наманганнинг ғаройиб масжиди

1011

«Масжидларимиз» лойиҳасида бу сафар Наманган шаҳридаги замонавий услубда қурилган «Юсуфхон ўғли Қосимхон» жоме масжиди ҳақида маълумот берамиз. Ушбу масжид бош имом хатиби Мусохон домла Аббасиддинов масжид қурилиши тарихи, масжиднинг ўзига хослиги борасида бизга бир қатор қизиқарли маълумотлар берди. 

«Шаҳримизнинг кўркига кўрк қўшиб турган барча масжидлар қатори ушбу «Юсуфхон ўғли Қосимхон» масжидининг тарихи кўпчиликка қизиқ. Бу масжид жойлашган ҳудуднинг қибла томонида Ибн Аҳмад қабристони ва қуйи қисмида Мир Аҳмад зиёратгоҳи ҳам жойлашган. Масжид қурилиши бундан уч йил олдин Президентимиз ташрифлари билан боғлиқ. Бу ерда Машраб боғи жойлашган бўлиб, ташкилотчилар шу боққа монанд равишда бир масжид бўлса, деган мақсадда лойиҳага киритишган. Масжид 2021 йил 18 март куни рўйхатдан ўтди ва 19 мартда илк азон айтилди. Аллоҳни неъмати, раҳмати, хоҳиши билан бу сана айнан жума кунига тўғри келди, биринчи азон жума намозига айтилди.

Кўпчилик нега бу масжиднинг меъморий услуби одатдаги масжидлардан тубдан фарқ қилади, деб сўрайди. Бу масжидни меъморлари туркиялик мутахассислар бўлишган. Улар бизга ўзлари қурган масжидлар суратларини тақдим қилишди ва шу танлов бизга маъқул келди. Бу қурилиш услуби биз учун янги лекин, дунё мусулмонлари учун янгилик эмас. Мутахассислар худди шу кўринишдаги масжидни Малайзия давлатида ҳам қуришган. Масжидимизни интернет тармоқларида кузатиб зиёрат қилиш учун кўплаб юртдошларимиз ва қўшни давлатдаги биродарларимиз ҳам ташриф буюришмоқда ва ўйлаймизки, бу давомли бўлади. Қизиқарли томони шундаки, тарихчиларимиз аниқлашича, бундан ўн аср олдин худди шу жойда – қабристоннинг қуйи қисмида масжид бўлган экан. Бу ерда масжид бўлишининг яна бир сабаби – Буюк Ипак йўлининг кириш қисми ҳисобланиб, Хитойдан бу ҳудудга кириш дарвозаси бўлган. Бу ерда нафақат масжид балки савдо масканлари, меҳмонхоналар от-уловлар учун ҳам шароитлар бўлган. Қизиғи шундаки бу тарих бизга масжид қурилганидан кейин маълум бўлди, бу ҳам бизга Аллоҳ таолонинг инояти, неъмати десак муболаға бўлмайди», – деди Мусохон домла Аббасиддинов.

«Юсуфхон ўғли Қосимхон» масжиди ҳовлисининг ҳудуди 1.8 гектарга тўғри келади. Бундан ташқари масжид яқинида автотураргоҳ ҳам мавжуд бўлиб унинг майдони икки гектарга яқин ва 700-1000 автомобилга мўлжалланган. Масжид хонақоси 200 кв.метрни ташкил қилади. Ҳовли жуда кенг қилиниб, ариқчалар ўтказилган ҳамда панжаралар билан ёпилган. Бунинг бир нечта сабаблари бўлиб ёғингарчилик пайтларида сув шу ариқчалар орқали ташқарига чиқиб кетади. Яна бир сабаби бу сафларни тўғри олиш учун чизиқ вазифасини ҳам бажаради. Айтиб ўтган ариқлар ёнидан нафақат чиқинди чиқадиган қувурлар, балки уч фазали электр токлари ҳам олиб ўтилган бўлиб яқин келажакда худди Мадинаи Мунавварадаги каби очиб ёпиладиган соябонлар ўрнатилиши режалаштирилган.

Масжиднинг ички кўриниши ҳам ўзгача бўлиб одатий масжидларимиздан тубдан фарқ қилади. Мустақиллигимизнинг илк йилларида қурилган масжидлар асосан ёғоч ўймакорлик нақшлари билан безатилган ва ёғоч маҳсулотлари кўп ишлатилган. Кейинчалик қурилаётган масжидларимиз асосан «ганч» услубида бўлмоқда. Масжид HI-TECH услубида қурилган, хомашёлар асосан темир бетон маҳсулотларидан иборат. Масжиднинг ички сиғими 5.5 минг ўринли бўлиб биринчи қавати 4 минг ва иккинчи қавати 1.5 минг киши сиғимга эга. Ташқи ҳовлига 9 минг одам жойлашиши мумкин. Агарда ҳайит намозларида одам кўпайиб кетиш эҳтимоллари юзага келганда автотураргоҳни ҳам намозхонлар учун фойдаланиш мумкин. Масжидга келганларнинг автомобилларини жойлаштириш учун эса боғнинг автотураргоҳидан фойдаланилади. Натижада 22 минг намозхонни қамраб олиш имконияти бор. Бу масжидни Наманган шаҳридаги 38 та масжид ичида энг катта масжид деб айтсак муболаға бўлмайди.

«Туркиядаги ҳамкорларимиз бизга бу лойиҳани тақдим қилишганида бир қаватли бино бўлган иккинчи қават кейинчалик қўшилган. Масжид қурилиш жараёнида бизни ўзимизни усталаримиз қатнашди. Иситиш-совитиш тизими ҳам жуда пухта ишланган, иситиш иссиқ пол орқали, совитиш эса юқори қисмдан амалга оширилади. Бундан ташқари бу ичкаридаги ҳавони айлантириш вазифасини ҳам бажаради. Шуни таъкидлаш керакки, масжидда нақшлар ишлатилмаган. Бунинг сабаби, намозхонни хушусидан чалғитиб қўйиши мумкин. Фақатгина меҳробнинг ён томонларига Калимаи тоййиба ва Оятал курсий хаттотлар томонидан ёзилган. Масжиднинг меҳроб қисми очиқ китоб шаклида қилиб қурилган. Бу ердаги асосий безак –Туркия давлатида ишлаб чиқарилган диаметри 17 метр бўлган ва 276 та чироқ ўрнатилган қандил ҳисобланади. Қандилда уч қисмда Аллоҳ таолонинг 99 исми, пастидаги икки қисмда басмала, Тавҳид калимаси ва Аллоҳнинг исмлари битилган. Гумбазларнинг пастки қисмига Фотиҳа сураси ва Ёсин сураси икки қатор қилиб ёзиб чиқилган. Ўнг томондаги кичик гумбазчада Ҳашр сураси чап томондаги гумбазчада Мулк сураси битилган», – дея масжид ҳақида маълумот берди Мусохон домла.

Шунингдек, масжид таҳоратхонаси ҳам замон талабларига монанд қилиб ёритиш тизими, иссиқ ва совуқ сув, нам тортадиган сочиқлар билан таъминланган. Таҳоратхона биноси ҳам иссиқ пол тизими орқали иситилади. Таҳоратхонада ўтириб таҳорат қилиш учун 99 та ўриндиқлар мавжуд ва 15 га яқин қўл ювиш учун алоҳида жойлар қилинган. Шунингдек, 44 та ҳожатхона ва имконияти чекланган инсонлар учун алоҳида шароитлар яратилган.

Муҳаммад Бобур Муҳиддин, 

Azon.uz мухбири.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўзбекистонда 10 та қуёш ва шамол электр станциялари қурилади

487 17:30 12.01.2022

Наманган: «Афсоналар водийси»даги ҳодисага ИИБ муносабат билдирди 

1784 19:20 10.01.2022

Ўзбекистондаги аҳоли энг зич жойлашган ҳудудлар маълум қилинди

1933 16:45 06.01.2022

Намангандан Россиянинг бир қатор шаҳарларига авиарейслар йўлга қўйилади

411 08:14 30.12.2021

Дили бузуқлар фожиаси

4036 19:01 26.10.2021
« Орқага