Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Намоздан кейин қўл кўтариб дуо қилиш керакми?

4953

Дуода қўлни кўтариш борасида жуда кўп ҳадислар келган. Ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларини кўтариб дуо қилганлари ҳам, қўл кўтаришга буюрганлари ҳам ривоят қилинади. Жумладан, имом Байҳақий  Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсалар қўллари бармоқларининг учлари елкалари баробар бўлар эди" дейилган бўлса, Сойиб ибн Язид разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсалар, қўл кўтарар, кейин юзларига суртар эдилар" дейилади.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу "Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода қўл кўтарсалар, юзларига суртмасдан уни туширмас эдилар" деганлар.

Набий алайҳиссаломнинг дуода қўл кўтаришни буюрганлари эса қуйидаги ҳадисда ворид бўлган.

"Қачон Аллоҳдан сўрасанглар, кафтларингизнинг ички томони билан сўранглар, уларнинг орқа томони билан сўраманглар! Бас, қачон дуодан фориғ бўлсангиз, кафтларингизни юзларингизга суртингиз!”. Бу ҳадисни имом Абу Довуд ривоят қилган.

Мазкур ҳадислардан дуода кўл кўтариш шариатда жоиз, балки буюрилган амал экани маълум бўлмоқда. Аслида умумий ҳолатларда қўл кўтариш жоиз экани ва бу ишдан қайтарувчи далил йўқлиги намоздан кейинги дуоларда қўл кўтариш жоизлигига далолат қилади. 

Айнан намоздан кейинги дуода қўл кўтариш борасида ҳам ҳадислар ривоят қилинади. Ибн Абу Ҳотим тафсирида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам салом берганларидан кейин қиблага қараган ҳолда қўлларини кўтариб "Аллоҳим..." деб дуо қилдилар" дегани ривоят қилинади. Табароний ривоятида "Абдуллоҳ ибн Зубайр бир кишининг намоздан фориғ бўлмасдан олдин дуога қўл кўтарганини кўриб "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан фориғ бўлмасдан дуога қўл кўтармас эдилар" деган" дейилади.
Бу борада булардан бошқа бир неча ҳадислар ривоят қилинади. Гарчи бу ҳадислар заиф санад билан келган бўлса-да, аксар деярли барча уламолар наздида фазилат ва савобга оид амалларда заиф ҳадис ҳужжат бўлаверади.

Аср муҳаддиси Анваршоҳ Кашмирий "Файзул Борий" да шундай дейди. "Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аксар дуолари зикр шаклида бўлар эди. Доим тиллари зикр билан нам ҳолатда юрар эдилар. Инсон ҳолатларининг барчасида, туриш, ўтириш ва ёнбошлаш ҳолларида зикрда бўлар эдилар. Барча ҳолларда доимий зикрда бўлсалар у зотга доимо қўл кўтариб юриш шарт бўлмайди. Чунки қўл кўтариш маълум мақсад учун жорий бўлган маълум бир ҳолатдир. У бир нарсани сўрашдир. Бу маънони билгандан кейин юрагингизни сиқаётган нарсадан қутулинг. Қўл кўтариш бидъат эмас. Гарчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан кейин кам ҳолларда қўл кўтарган бўлсалар ҳам, жуда кўп ҳадисларда бунга оғзаки равишда тарғиб қилганлар. Зикр ва дуо бобида у зотнинг одатлари шу эди. У зот учун Аллоҳ таоло ихтиёр этган нарсани ўзларига ихтиёр этганлар ва бошқа ҳолатлар учун умматни тарғиб этганлар. Биздан бирон киши намоздан кейин қўл кўтариб дуо қилишга одатланса у инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари кўп қилмаган, лекин тарғиб этган ишни қилаётган бўлади. Бу масалани "Найлул фарқадайн"да батафсил зикр қилганман" дейди.

Анваршоҳ Кашмирий мазкур китобнинг бошқа жойида "Намозлардан кейин дуо қилиш инкор этиб бўлмас даражада собит бўлган. Лекин уларда қўл кўтариш нафллардан кейин бир-икки марта ворид бўлган. Баъзилар қўл кўтаришни бидъат дейдилар. Қизиқ, бир-икки марта собит бўлган нарса мустаҳаб бўлмай бидъат бўладими? Бошқа барча мустаҳаб ишлар ҳам шундай шаклга эга-ку?! Гоҳ-гоҳида содир бўлади, кейин уммат унга амал қилишда давом этади" дейди. 

Юқорида ўтган нарсалардан бизга маълум бўладики, намоздан кейинги дуоларда қўл кўтариш жоиз, балки мустаҳаб амаллардан экан.

 Валлоҳу аълам.

Ҳабибуллоҳ Жўрабоев, 
Тошкент ислом институти мударриси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўмон: жума намозига фақат эмланганлар бориши мумкин

196 13:02 23.09.2021

Хушхабар: жума намози бўйича чеклов олиб ташланди

587 11:02 20.09.2021

Қозоғистон пойтахтида жума намозини ўқишга рухсат берилди

351 12:30 11.09.2021

Пешин намозини ўрганиш

585 10:00 26.08.2021

Москва: жума намозига келган юзлаб намозхон текширилган

1936 11:05 22.08.2021

Хушхабар: жума намозига рухсат берилди

803 15:00 11.08.2021
« Орқага