Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Тарих

Наполеон Бонапарт Исломга қандай муносабатда бўлган?

4220

“Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо алайҳиссалом ўз миллатига, Исо алайҳиссалом ўз умматига, Муҳаммад алайҳиссалом эса бутун инсониятга билдирди”.

Наполеон Бонапарт

XVIII асрнинг охири – XIX асрнинг бошларида таъсири бутун Европага ёйилган асосий воқеалар Францияда бошланди. Йиллар давомида олиб борилган тўхтовсиз урушлар натижасида Франция ўз ҳудудини анча кенгайтириб олди. Франция Ғарбий Европанинг энг катта ва дунёнинг энг қудратли давлатига айланди. Сўзсиз бу муваффақиятларнинг барчаси Наполеон Бонапарт шахси билан боғлиқ.

Бугунги кунгача Франция императорининг ҳаёт йўли ҳақида юзларча китоб ёзилган. Баъзи китобларда Наполеон мусулмонларга жуда илиқ муносабатда бўлгани, ҳатто Исломни қабул қилгани айтилади. Қизиқ бу гаплар қанчалик ҳақиқатга яқин экан? Бугун мақоламизда Франция императорининг мусулмонларга бўлган муносабати ва Ислом динини қабул қилгани борасида билдирилган фикрлар ҳақида сўз юритамиз.

Наполеон нима учун Мисрга юриш қилган?

Бир нечта ҳарбий юришларда муваффақият қозонган Наполен Бонапарт Директория (1795-1799 йилларда Франция Республикасини бошқарган ҳукумат)га хат ёзади. Унда шундай дейилган эди:

“Биз Англияни енгиш учун Мисрга эга бўлишимиз керак”.

Тез орада, Наполеон Директорияга юриш режасини тақдим этди ва ҳукумат уни тасдиқлади. Бонапарт бу юришга катта тайёргарлик кўрди. У Александр Македонский Шарққа юриш қилаётганида ўзи билан турли олимларни олиб кетганини эслаб, 167 нафар ботаник, кимёгар, тарихчи ва бошқа олимларни ўзига ҳамроҳ қилиб олди. 1798 йил 19 май куни Наполеон Бонапарт 38 минглик қўшин ва 350 кема билан Тулон портидан Мисрга қараб суза бошлади. Ўша вақтда Миср расмий равишда Усмонийлар империясига қарашли эди, аммо амалда уни маҳаллий ҳарбий-феодал мулкдорлар бошқарган. Наполеон олти ҳафта ичида Ўрта Ер денгизини кечиб ўтди. Унинг қўшини Александрия шаҳри яқинида қирғоққа тушди. Шу тариқа, Наполеон Бонапарт Миср ерларини эгаллашга киришди.

Наполеоннинг мусулмонларга бўлган муносабати

Наполен Бонапарт Мисрга ҳужум қилиш арафасида қўмондонларига шундай дейди:

“Биламанки, кўпчилигимиз иймонли кишилар эмасмиз. Лекин биз урушадиган ўлка мусулмонлар мамлакатидир. Биз уларнинг динини ҳурмат қилишимиз, урф-одатлари ва байрамларига аралашмаслигимиз лозим”.

Бу сўзлардан тушунишимиз мумкинки император мусулмонларга яхши муносабатда бўлган ва ўз аскарларидан ҳам шуни талаб қилган.

1 июль куни Наполеон қўшини Искандария шаҳри яқинида соҳилга тушади ва эртаси куни шаҳарни эгаллайди. Бонапарт шаҳар аҳолисини майдонга йиғиб шундай деди:

“Эй қозилар, шайхлар, имомлар! Халқингизга бизнинг ҳам мусулмонлигимизни айтинг. Шаҳодат этамизки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад (алайҳиссалом) Унинг элчисидир. Сизларга бир саволим бор: “Биз Исломга тажовуз қилган Папани йўқ қилмадикми?”.

Баъзи тарихчилар императорнинг бу сўзларини дипломатик ҳийла деб таъкидлашади. Бироқ Наполеоннинг дўсти Жоржнинг хотираномаси бу борадаги қарашларини янада ойдинлаштиради. Жорж ўз хотира дафтарларида “император Наполеоннинг бўғиқ овозда Қуръон ўқиганини ва Муҳаммад пайғамбарнинг дини барча динларнинг энг олийси” деганини очиқ ёзган.

Наполеон Бонапарт ҳақида Ислом тарихчилари ўз асрларида ёзиб қолдиришган. 1839 йилда M.Десгранге араб тарихчиларининг Наполеон ҳақида ёзиб қолдирган маълумотларини француз тилига таржима қилиб, “Imprimerie Royale” журналида нашр эттиради. Араб тарихчиларининг таъкидлашича, Наполеон Мисрни забт этиш вақтида мусулмон уламоларни ҳурмат қилган. Ҳатто, император мусулмонларнинг мажлисларида қатнашиб, дин уламоларидан Ислом ҳақида маълумот олган.

Наполеон Кодекси ва қонунчилиги

1815 йил тахтдан туширилиб, Муқаддас Елена оролига сургун қилинган Наполеон шундай деган эди:

“Менинг ҳақиқий шуҳратим 40 та жангда ғолиб бўлганимда эмас. Ватерлоо бу ғалабалар ҳақидаги ҳамма хотираларни ўчириб юборди. Аммо, бир нарса борки, у ҳеч қачон унутилиши мумкин эмас, у абадий яшайди – бу менинг Фуқаролик кодексим”.

Наполеон яратган фуқаролик кодекси барча камчиликларга қарамасдан жуда ката меҳнат ва жасорат маҳсулидир. У бир йил ичида – 1803 йил март ойидан 1804 йилнинг мартигача қабул қилинган ва жами 2281 та моддани ўзида мужассамлаштирган. Баъзи тарихчиларнинг таъкидлашича, Бонапарт Қадимги Рим ҳуқуқини усталик билан янги капиталистик муносабатлар шароитига мослаштирган деб таъкидлашади. Лекин бошқа тарихчилар Наполеон Ислом динидаги қонун қоидалар асосида ўз кодексини яратган деган фикрни илгари суришади. 

Наполеоннинг насронийлик, яҳудийлик ва Исломга берган таърифи

Наполеон ўз дўстлари билан кўп маротаба мактуб алмашган. Кейинчалик бу мактублар “Cорреспонданcэ де Наполéон, Жоурнал де Саинте Ҳéлèне” номли китоб шаклида нашр этилган. Ушбу китобда император насронийлик, яҳудийлик ва Ислом ҳақида шундай ёзади:

“Мусо Пайғамбар яҳудийларни тўғри йўлга бошлаши керак бўлган Аллоҳнинг элчиси эди. Аммо яҳудийлар унинг таълимотини фақат фойдали томонларини сақлаб қолишган. Кейинчалик улар бу ғояларни дунё бўйлаб тарқатиш ўрнига, Мусонинг хабарларини “Худонинг танланган халқи”, деган ғояга алмаштиришди”.

“Исо Пайғамбарнинг ўлимидан кейин, – деб ёзади Наполеон ўз хотира дафтарларида Римдаги сиёсий гуруҳ халқни бошқариш дастакларини динда кўрди. Шундай қилиб, улар Исони Худонинг даражасига кўтардилар ва у Худонинг бир қисми бўлди”.

Наполеон ўз хотира дафтарларида Ислом динига қуйидагича таъриф беради:

“Тарихнинг маълум бир даврида Муҳаммад исмли бир киши пайдо бўлди. Бу одам Мусо, Исо ва бошқа барча пайғамбарлар айтган бир нарсани айтди. Оламда ягона Худо бор”.

1815 йилнинг 18 июль куни Ватерлоо (ҳозирги Бельгия ҳудудидаги қишлоқ) жангида Наполеон мағлубиятга учради. Император Атлантика океанидаги муқаддас Елена оролига сургун қилинди. Наполеон бу ерда то ўлимигача аниқроғи, 1821 йилгача бўлди. Баьзи маълумотларга кўра, Наполеон Бонапарт вафот этганида ёстиғи остидан Қуръон китоби топилган экан.

Наполеон умрининг охирида барон Гургога “менга Муҳаммад пайғамбарнинг дини кўпроқ ёқади, у бизнинг динимиздан мукаммалроқ. Агар яна ҳокимиятни эгаллай олсам, Ислом аҳкомларига асосланган давлат қурар эдим”, деган. 

Наполеон Бонапарт Ислом динига киргани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Унинг жасади қолдиқлари ўлимидан 19 йил ўтиб, Францияга олиб келинган ва ўзининг васиятига биноан Париждаги Ногиронлар қасрида насронийлар удумига кўра дафн қилинган.

Сардор Али

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бу йил янада  кўпроқ ўзбекистонлик ҳажга боради

177 11:25 20.05.2022

Time журнали “Йил одами”ни эълон қилди

338 11:00 20.05.2022

Мисрлик талаба қиз илк марта Қуръонни тўлиқ ҳолда қайта ёзди

181 10:35 20.05.2022

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

607 10:05 20.05.2022

Бир миллиондан зиёд қочқин Украинага қайтди

130 09:40 20.05.2022

Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистондан электр учун қарзи ошиб бормоқда

334 08:56 20.05.2022
« Орқага