Россия ва Украина уруши фонида дунёнинг кўпгина давлатларида асосий турдаги истеъмол товарлар нархларининг ўсиши кузатилмоқда. БМТнинг озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) 2022 йил март ойидаги ҳисоботига кўра, дунёда озиқ-овқат нархлари индекси ўртача 159,3 пунктни ташкил этган. Бу эса охирги 30 йил ичидаги энг юқори кўрсатгичдир. Шунингдек, ушбу кўрсатгич жорий йил февраль ойига нисбатан 12,6 фоизга, 2021 йил март ойига нисбатан эса 33,6 фоизга ошган.
Ушбу вазиятда қатор дунё мамлакатлари зарурий товарлар экспортини чеклаш билан бир қаторда ўша турдаги товарларни импортини рағбатлантириш билан ички бозордаги нархларнинг барқарорлигини ушлаб туриш чораларини кўрмоқда.
Бу вазият Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Шу боис нарх-навонинг кескин ошиб кетмаслигининг олдини олиш бўйича зарур чора кўришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Шунга асосан, “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга ва монополияга қарши чораларнинг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.
Унга мувофиқ, 22 хил тоифадаги озиқ-овқат маҳсулотларини йил охиригача Ўзбекистонга олиб киришда импорт божи ундирилмаслиги белгиланди. Балиқ ва сут маҳсулотлари, банан ва цитрус мевалар, ўсимлик ёғи ва сариёғ, тухум ва кофе шулар жумласидан.
Шунингдек, республикага олиб кириладиган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларини давлат тилида мажбурий маркировка қилиш тартиби вақтинчалик тўхтатилади.
Бундан ташқари, ўсимлик ёғини четга экспорт қилиш ҳам вақтинча тақиқланди.
Ҳужжатга мувофиқ, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бозордаги нарх-навонинг асоссиз ошириш ҳолатлари бўйича ваколатлари кучайтирилмоқда.
Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кескин тебраниши даврида:
рақобатга зид ҳаракатлар натижасида нархларни сунъий оширишга нисбатан тўғридан-тўғри рақобат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган чораларни қўллаш;
нархларнинг асоссиз ўсиши ҳолатларини аниқлаш учун мавжуд захираларини хатловдан ўтказиш ва хатловда аниқланган маҳсулотларнинг ортиқча ҳажмини савдога чиқариш бўйича огоҳлантириш ва кўрсатма бериш;
аниқланган сифатсиз маҳсулотларни истеъмол муомаласидан чиқариш тўғрисида ишлаб чиқарувчи ва сотувчиларга кўрсатмалар бериш;
Истеъмол товарлар савдосига ихтисослашган савдо комплекслари, тармоқлари ва бозорларда:
асосий озиқ овқат маҳсулотлари нархларини асоссиз ва сунъий ошириш, уларга бўлган танқисликнинг вужудга келтиришга қаратилган ғайриҳуқуқий ҳаракатларни;
истеъмол товарларга нарх-навони шакллантиришнинг белгиланган механизмларига риоя этилишини;
бозорлар ва савдо тармоқларига кириш бўйича сунъий тўсиқлар ва чекловларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар бериш ваколатлари берилмоқда.
Бундай чора-тадбирлар нарх-навони барқарорлаштиришга қаратилган яна бир ҳаракат бўлиб, республика аҳолисининг арзон ва сифатли асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш асосий масала ҳисобланади.
Албатта, ушбу ваколатлар, авваламбор, бозорда нархларнинг сунъий оширилиши ва маҳсулотлар танқислигини келтириб чиқаришнинг олдини олишга қаратилган.