CАВОЛ:
Бир киши машинасини насияга (вариантга) сотса ва олган одам пулни тўлолмаётган бўлса, (ҳали муддат келмаган лекин) машинани бошқага соиб юбориши мумкинми? Берилган пулларни қайтармасдан бу пул бермаган ойларинг учун ижара пули, менга ҳалол деб айтиши-чи?
ЖАВОБ:
Асл қоидага кўра сотилган (нақдга ёки насияга, бўлиб тўлашга сотилган бўлса ҳам) товарлар сотиб олувчининг мулкига айланади ва уни бошқа одам (ҳатто собиқ эгаси ҳам) сота олмайди. Қолаверса, савдо вақтида келишилган муддат келмагунича пулни, харидорнинг розилигисиз товарни талаб қилишга ҳаққи йўқ. Демак, машина сотган одам ҳам муддат келгунича кутиши, муддат келганида ҳам харидор пулни тўламаса уни розилиги билан машинани сотиб қарзи миқдорича олиб қолган қисмини қайтариб бериши керак бўлади. Чунки сотувчи машинани насияга сотгани сабабли нақдга сотиладиган нархидан бир мунча қимматроққа сотган бўлади. Шундай экан муддатни кутиши керак эди.
Саволдаги ҳолатда эса машинани сотган киши албатта биринчи харидор билан ҳисоблашиб, унинг қарзи миқдорича олиб қолганини қайтариб бериши керак. У кишининг "бепул шунча вақт фойдаландинг, шу ойлар учун пулинг менга ҳалол" деган даъвоси мутлақо нотўғри. Юқорида айтганимиздек сотилган нарсалар олган одамни мулки ҳисобланади ва ундан ижара пули олишга сотувчининг ҳаққи йўқ. Тезда бировни ҳаққини бериши ва айтган гаплари учун тавба қилиши зарур. Валлоҳу аълам.
Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази