Остона шаҳрининг Сариарқа тумани 2-суди тадбиркор Қайрат Боранбаевни Россия газини сотиб олиш жараёнида маблағларни ноқонуний ўзлаштириш иши бўйича мол-мулкини мусодара қилиш билан бирга саккиз йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда “Озодлик” радиоси қозоқ хизмати хабар бермоқда.
Суд мазкур иш бўйича Боранбаевдан ташқари яна икки айбланувчи – “Aзия-газ Чунджа” компанияси бош директори Роман Наханов ва QazaqGaz бошқаруви раҳбарининг собиқ ўринбосари Тайир Жанузакни саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Тергов уч судланувчини Боранбаев назорати остидаги “Aзия-газ Чунджа” ва QazaqGaz давлат ширкати ўртасида икки миллион куб метрдан ортиқ газни 141,6 миллиард тенге (311,3 миллион доллар) қийматда сотиш бўйича битим тузишда айблади. Аслида эса "Газпром-экспорт"дан бевосита газ сотиб олиш нархи 127,1 миллиард тенгени (279,4 миллион доллар) ташкил этади.
Шундай қилиб, терговчиларга кўра, келишув натижасида айбланувчилар давлат бюджетидан 14,6 миллиард тенге (32,1 миллион доллар)ни ноқонуний ўзлаштиришган.
Ўз навбатида Қайрат Боранбаев етказилган зарарнинг тўлиқ миқдорини қоплаганини таъкидлади. Бироқ суд у келтирган важлари билан рози бўлмай, айбланувчиларга прокуратура сўраган жазони тайинлади.
Қайрат Боранбаевга нисбатан суд жараёни 2022 йил 30 декабрда бошланган эди. Олигарх ўтган йилнинг март ойида ҳибсга олинган.
Қайрат Боранбаев Нурсултон Назарбоевнинг собиқ қариндоши бўлади. Унинг унинг қизи Aлима Боранбаева собиқ президентнинг қизи Дариға Назарбоеванинг ўғли Айсултан Назарбаевга турмушга чиққан. 2021 йилда Forbes қозоқ нашри уни мамлакатдаги энг нуфузли тадбиркорлар бешлигига киритди.