Биринчи сўз...
Нега мусулмонлар дунёдан ортда қолган? Сўнгги йилларда шунга ўхшаш саволлар ижтимоий тармоқларда тез-тез пайдо бўлишни бошлади. Бу каби саволларнинг қаердан пайдо бўлгани ва нима учун ҳалигача берилаётгани эса ҳеч кимга маълум эмас.
Дунёда тўрт мингдан ортиқ дин ва турли диний ҳаракатлар борлигини ҳисобга олсак, юқоридаги каби саволларга нисбатан шубҳа пайдо бўлади.
Мавзудан четлашмаган ҳолатда сиздан бир нарсани сўрамоқчиман. Мақоланинг сарлавҳасини яхшилаб ўқидингизми? Нима деб деб ўйлайсиз, нима учун мақоланинг охирида сўроқ белгиси ишлатилган?
Жавоб топмадингизми? Яхши, у ҳолда мақолани охиригача ўқинг.
Маълумки инсон мияси дарак гапни шунчаки маълумот сифатида қабул қилади. Сабаби, кундалик ҳаётимиздаги аксарият хабар ва маълумотлар айнан дарак гапнинг устига қурилган. Масалан “...фалон жамоа ўртоқлик ўйинида фалон жамоанинг устидан ғалаба қозонди(.) ” ёки “...қайсидир давлатда сув тошқини юз берди(.) ” каби.
Эътибор беринг, хаттоки салбий хабарларни-да дарак гап шаклида ёзиш орқали уларни шунчаки оддий маълумотга айлантирса бўлади.
Худди шунингдек, ундов (!) гаплар кишини сергак торттириб, эътиборни ўзига жалб қилади. Масалан, “...фарзандингизга ўйинчоқ танлашда эътиборли бўлинг(!)” ёки “...тезроқ ширинлик ҳарид қилишни камайтиринг, акс ҳолда(!)” га ўхшаш гапларни ундов билан якунлаш орқали исталган маълумотни “ваҳимали” тарзда ўқувчиларга етказса бўлади.
Хўш, сўроқ гаплар-чи? Сўроқ гапларнинг ҳам бирон-бир хусусияти борми? Йўқ, сўроқ гапларнинг бу каби хусусиятлари бўлмаса-да, жуда “кичик” бир айёрлиги мавжуд. Буни ижтимоий тармоқларда “хайп” ёки турли миш-мишларни яратадиган муаллифлар жуда яхши билишади. Одатда улар мавзунинг охирига шунчаки сўроқ белгисини қўйиш билан чекланмай, “нега”, “нима учун”, “қачон” каби сўз ва жумлалардан ҳам фойдаланишади. Айнан шу каби сўзлар билан бошланадиган саволлар ўқувчининг фикрларини жунбишга келтиради. Ва ҳаммаси шундан кейин бошланади...
Гап шундаки, савол шаклида ёзилган сарлавҳалар инсоннинг хаёлидаги “стереотип” яъни янглиш тушунчаларни бирданига уйғотиб юборади. Бир сўз билан айтганда ўқувчини юзаки мушоҳада юритишига ва шошилинч хулосалар чиқаришига сабабчи бўлади. Афсуски ўйланмай чиқарилган қарорлар кўпинча нотўғри бўлиб чиқади.
Аммо нима учун инсонлар чуқур мулоҳаза қилишни хушламайдилар? Нега инсон мияси бирор маълумотни чуқур таҳлил қилишни истамайди?
Маълумотларга қараганда инсон бир кунда ўртача ўттиз беш мингдан ортиқ турли туман қарорларни қабул қилади. Бу ниҳоятда катта рақам. Шу боис бизнинг “дангаса” аниқроғи “бечора” миямиз бирор масала устида соатлаб бош қотиришни умуман истамайди ва ўзидаги бор маълумот ва хабарлар базасига таяниб ноаниқ фикрларни яратишга “мажбур” бўлади.
Энди эса биргаликда кичик бир топшириқни бажариб кўрамиз. Сиздан талаб қилинадиган ягона нарса ушбу гапларни диққат билан ўқиб чиқиш ва ҳар бир гапни ўқиганингиздан сўнг хаёлингизда пайдо бўладиган фикрларга эътиборли бўлишдан иборат. Демак, мана ўша гаплар:
1. “Мусулмонлар дунёдан ортда қолган. (дарак)”
2. “Мусулмонлар дунёдан ортда қолган! (ундов)”
3. “Мусулмонлар дунёдан ортда қолган? (сўроқ)”
Хўш, юқоридаги гапларни ўқиб бўлдингизми? Агар ўқиб бўлган бўлсангиз, қуйидаги саволга виждонан жавоб бериб кўринг-чи: “Юқоридаги гаплардан бирортаси сизга заррача бўлса-да, таъсир қилиб, миянгизни оз бўлса-да, фикрлашга ундадими?”
Аниқки, юқоридаги гапларнинг ҳеч бири сизни чуқур фикрлашга мажбур қилолмади. Нега? Сабаби жуда оддий.
Катта эҳтимол билан биринчи гап сизда ҳеч қандай таассурот уйғотмади. Сиз ушбу гапга деярли эътибор қилмадингиз. Сабаби, сиз ушбу сўзларга шунчаки кўз югуртириб қўя қолдингиз. Худди одатий янгиликларни ўқиганингиз каби.
Иккинчи гап сизни бироз бўлса-да ўйлантирди. Чунки бу ундов гап. Ундов гап эса ҳар қачон ҳар қандай ўқувчининг диққатини жалб қилишга қодир. Бироқ шунга қарамай, ушбу гап сизга у қадар ҳам қаттиқ таъсир қилгани йўқ. Аммо қандайдир тушунарсиз фикрлар хаёлингиздан ўтгани аниқ.
Учинчига гапга эса кўпчилик тушунмади ҳам. Ушбу гап шу қадар маъносиз ва нотабиийки, миянгиз ушбу гапни эътиборсиз қолдирди. Чунки бу каби тузилишдаги гапларни кундалик ҳаётда деярли учратмаймиз. Ўзини ҳурмат қилган инсон зоти борки, ҳеч қачон бу каби тузилишдаги гапларни тузмайди. Дарак гапнинг охирига шунчаки сўроқ белгисини қўйиш билан уни савол кўринишига айлантиришнинг имкони йўқ.
Энди эса сизни бироз фикрлашга мажбур қилган ҳолатда бошқа бир гап эълон қилинади. Ушбу гапни ўқиган ҳар қандай инсон борки, ўзи билан ўзи баҳсга киришади. Бу ҳам етмаганидек, бу мавзуни бошқалар билан муҳокама қилади. Муҳокама баҳсга, баҳс эса турли норозиликларга, норозиликлар эса адоватга, адоват эса (Аллоҳ сақласин) турли фитналарга замин яратади.
Иккинчи сўз...
Келинг, энди юқоридаги гапнинг тузилишига эмас, балки маъносига эътибор қаратамиз.
Очиғи, мен ушбу гапни илк маротаба ўқиганимда ҳеч нарсага тушунганим йўқ. Бу каби мавҳум гаплардан маъно излашнинг ўзи ғалати.
Агар ушбу гапда мусулмонларнинг айнан қайси соҳада дунёдан ортда қолганликлари ҳақида маълумот берилганида, мен ҳеч иккиланмай ушбу гапнинг қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини текшириб кўриш имкониятига эга бўлардим.
Дунёда соҳалар жуда ҳам кўп. Ҳатто замонавий соҳаларнинг аниқ ҳисобини билишнинг ҳам имкони йўқ. Биргина ахборот технологияларининг ўзи етмишдан ортиқ турли соҳаларга бўлинади. Энди қолган соҳаларнинг ададини ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Модомики юқоридаги саволда мусулмонларнинг айнан қайси соҳада дунёдан орқада эканлиги кўрсатилмаган экан, келинг ушбу саволни ўзимиз қайтадан “жонлантирамиз”.
Сўнгги маълумотларга қараганда дунёда ривожланиш даражасини аниқлайдиган юзга яқин асосий кўрсаткичлар мавжуд. Бироқ биз энг муҳим, энг долзарб ва энг асосий соҳа — илм-фанда мусулмонларнинг дунёдаги ўрнини биргаликда кўриб чиқамиз. Негаки илм-фан, бу барча соҳаларнинг асосини ташкил қилиб, ривожланишнинг энг асосий кўрсаткичи сифатида эътироф этилади. Шунингдек, “Нега мусулмонлар дунёдан ортда қолган?” каби турли саволларни ўртага ташлаётганлар “дунёдан ортда қолиш” деганда илм-фанга шама қилаётган бўлсалар, не ажаб? Бироқ...
Мусулмонларнинг илм-фандаги ўрни ҳақида гап кетганида, кўпчилик “Ибн Сино”, “Мирзо Улуғбек” ва “Ал-Беруний”ни ёдга олади. Мен юқоридаги алломаларнинг билимига заррача шубҳа қилмаган ҳолатда бугун уларнинг номини тилга олмоқчи эмасман. Зеро, бу каби даҳоларни дунё аллақачон тан олиб бўлган.
Агар мусулмонларнинг илм-фандаги хизматларини тарих фанининг “ёрдамисиз” ифодалашнинг имкони бўлмаса, кимни ҳам эътироф этиш мумкин деб ўйлаётган бўлсангиз, бироз ўзингизни босинг. Ахир шошилинч хулоса чиқариш кўп ҳолларда хато бўлиб чиқишини мақоланинг бошида ўқидингиз-ку?!
Тўғри, илм-фан ҳақида гап кетганида, албатта бирор кимнинг номини зикр қилиб ўтиш керак. Сабаби, кўпчилик илм-фан деганда асосан олим ва кашфиётчиларнигина эътироф этишади. Бироқ шу нарса аниқки, илм-фан ҳеч қачон якка шахс ёки маълум бир гуруҳларгагина боғланиб қолмаган. Катта эҳтимол билан, илм-фаннинг ривожланишида бутун инсониятнинг бевосита ва билвосита хизматлари мавжуд. Ҳаттоки, сизнинг ҳам (истеъмолчи сифатида сиз ҳам қайсидир маҳсулотнинг яратилишига ўзингиз билмаган ҳолатда сабабчи бўлгансиз). Тарих эса фақатгина айрим шахсларнигина эслаб қолади холос. Бирон-бир улкан лойиҳа ҳақида гап кетганида эса фақат лойиҳа раҳбарлари ёки шу лойиҳага пул сарфлаган ҳомийларгина тилга олинади. Ваҳоланки, бирон-бир оламшумул кашфиётнинг орқасида сизу биз билмайдиган қанчадан-қанча инсонларнинг “кўринмас” меҳнатлари ётган бўлади. Хусусан, мусулмонларнинг ҳам...
Бугунги дунё шу қадар глобаллашув чўққисига етдики, дунёнинг турли бурчакларидан исталган дин ёки миллат вакилини топишингиз мумкин. Ривожланишда тенги йўқ бўлган турли давлатларда миллионлаб мусулмонларнинг умргузаронлик қилаётганини эса кўпчилик эътибордан четда қолдиради.
Шу ўринда сизга яна бир савол билан юзлансам. Мусулмонлар деганда фақат исломий давлатларда яшайдиган инсонларни тушунасизми ёки дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, динининг кўрсатмаларига таяниб яшаётган инсонларними?
Агар сиз биринчи вариантни танлаган бўлсангиз, катта эҳтимол билан янглишдингиз. Сабаби, исталган мусулмон давлатида ўзга дин вакиллари етарлича топилади.
Агар иккинчи вариантни танлаган бўлсангиз, фикрингизга қўшиламан. Дин фақатгина бирор мамлакат ёки миллат билан чегараланмайди. Ҳатто бошқа диндаги оилада туғилиб, айнан ислом динини танлаётганларнинг сони миллиард кишидан ошди, десам ишонасизми? Ўша сиз билган оқ танли, мовий кўз ва малласоч европаликларнинг бугун аксарият қисми ислом динига эътиқод қилишидан хабардормисиз?
Ҳа, яна бир гап. Маълумотларга қараганда, дунёнинг ривожланган давлатларининг асосий қисми айнан Европада жойлашган. Замонавий Европа деганда ўрта асрга оид қарашларни маҳв қилишнинг фурсати етди. Дунё сизу биз ўйлагандан кўра анча мураккаброқ кўринишга келиб қолган...
Илм-фан мавзусидан четлашмаган ҳолатда, яна бир муҳим фактларни сиз билан бўлишмоқчиман. Маълумотларга қараганда, биргина Бирлашган Қироллик ҳудудида бугун уч юз мингга яқин мусулмон талабалар таҳсил олмоқда. Шунингдек минглаб профессор ўқитувчилар ушбу юртнинг топ университетларида фаолият кўрсатмоқдалар. Бу рақамлар АҚШ, Сингапур, Малайзия ва Индонезия каби ривожланган мамлакатларда ҳам юқорилигича қолмоқда.
Шунингдек, ҳар йили минглаб мусулмонларнинг турли соҳаларда фан доктори ёки профессорга айланиб, юзлаб илмий мақолалар чоп эттираётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Агар сиз ҳали-ҳамон “Нобел” мукофоти совриндорлари орасидан мусулмонларни излаб юрган бўлсангиз, сизга бир нарсани эслатиб қўймоқчиман. Агар илм-фан фақатгина ушбу мукофотга боғлиқ деб ўйласангиз, сиз катта эҳтимол билан “буддавийлар” ва “ҳиндуийлар”ни, борингки “атеист”ларни ҳам қолоқлик ва илмсизликда айблаган бўласиз. Ваҳоланки, ушбу мукофотни деярли қўлга киритмаган, бироқ ривожланишда дунёга дарс бераётган миллатлар етарлича топилади. Бу ўз навбатида илм-фаннинг қандайдир мукофот ёки унвонларга боғлиқ эмаслигини кўрсатиб беради. Ахир футбол бўйича Нидерландия терма жамоасини жаҳон чемпиони бўлолмагани учун футбол ўйнашни билмасликда айблаш инсофданми? Айнан ушбу мамлакат дунёга юзлаб футбол даҳоларини етиштириб бергани эса ҳеч кимга сир бўлмаса керак...
Охирги сўз...
Ушбу мақола мусулмонларни мақташ ёки уларнинг қайсидир соҳада бошқалардан устун эканликларини эътироф этиш учун ёзилгани йўқ. Шунчаки бугун дунё анча ўзгарди. Динлар ўртасидаги адоват, айирмачилик ва миллат ажратиш каби тушунчалар аллақачон замонавий инсонлар учун ўтмишга айланиб бўлди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бу дунёда ҳеч қайси бир миллат, мамлакат ёки дин ривожланишда бошқалардан мутлақ пешқадам эмас. Зеро, бошқалардан устун бўлишликнинг ўзи мантиқсиз бир нарса. Бироқ бу ҳақда бошқа сафар сўз юритамиз, ҳозир эса юқорида мавзуга нуқта қўямиз.
Мусулмонлар ҳеч қайси бир соҳада ривожланишдан орқада қолишмаган. Шунингдек, “ривожланиш” сўзи нисбий характерга эга бўлиб, йиллар ўтгани сайин ўзгарувчанликка юз тутиб бораверади. Дунё ўтган асрнинг ўрталарида ҳам “ривожланган” статусига эга эди. Ядро қуроллари, космик пойганинг бошланиши ва одамзоднинг ойга илк парвози – буларнинг барчаси тасаввур қилиб бўлмайдиган даражадаги оламшумул воқеалар эди. Аммо бугунги кун авлодлари наздида интернетсиз ўтган оддий бир замон сифатида ёдга олинади...
Шерзод Ҳайдарбеков