Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Нега Қрим Украинага қайтарилиши керак?

2467

Қримдаги рус қўшинлари учун бу ҳафта ташвишли бўлди. Россиялик ҳарбийлар фойдаланаётган муҳим темир йўл чорраҳаси бўлган Жанкой шаҳри яқинида портлашлар содир бўлди. Украинанинг худкуш учувчисиз парвоз аппаратлари Россия Қора денгиз флоти учун қанотли ракеталарни олиб кетаётган поездга ҳужум қилгани хабар қилинди. Уруш бошланганидан буён Украина иккинчи марта Севастополда рус ҳарбий кемаларига денгиз кучларининг учувчисиз дронлар билан зарба берди.

Халқаро миқёсда Украина ҳудуди, деб тан олинган, лекин 2014 йилда Россия аннексия қилган Қрим ярим ороли дастлаб Москва томонидан Украина зарбаларидан хавфсиз масофа деб ҳисобланган. Бу некбинлик нотўғри бўлиб чиқди. Ярим орол бўйлаб иншоотларга, жумладан, ҳарбий аэродромлар, ҳарбий-денгиз базалари ва штаб-квартираларга қатор ҳужумлар уюштирилди. Владимир Путиннинг 70 ёшга тўлишининг эртасига, ўтган йилнинг октябр ойида Керч кўпригининг портлатилиши энг шов-шувли ҳужум бўлган эди. Бу кўприк Қрим ярим ороли ва "катта ер" - Россия Федерациясини боғлаб туради.

Ҳарбий тил билан айтганда, Қрим «ҳал қилувчи ҳудуд» - оддий тил билан айтганда, можарода бир томонга бошқасига нисбатан ҳарбий устунлик берадиган жой. Тактик даражада, бу тепаликнинг чўққиси дейиш мумкин. Шунинг учун ҳар икки томон Қримни жуда муҳим деб билади.

Баъзилар Қримнинг ҳуқуқий мақомини аниқлашни қийинлаштирадиган мураккаб тарихга эгалигини таъкидлайдилар. Аслида, Қрим Украинага тегишли, ҳатто яқин-яқингача Россия ҳам буни тан оларди. 1991 йил декабрида, Совет Иттифоқи парчаланганида, Россия Қримни ўз ҳудуди деб ҳисоблаган Украина мустақиллигини тан олган дунёдаги биринчи давлат бўлди. 1992 йил бошига келиб, аксарият давлатлар Россия каби, Украинанинг мустақиллигини ва унинг Қрим устидан назоратини тан олди.

Форс кўрфазидаги Украина мустақиллигини тан олган биринчи давлат Бирлашган Араб Амирликлари эди. 2014 йилда Россия Қримга тажовуз қилганида БМТ Бош Ассамблеясида кўпчилик давлатлар Украинани ёқлаб овоз берган эди. Бироқ Форс кўрфазининг ҳеч бир давлати Россиянинг Қримни аннексия қилишига қарши қораловчи резолюцияга овоз бермади. Ўтган ой БМТ Бош Ассамблеяси Россияни Украинадан ўз қўшинларини олиб чиқишга чақирувчи резолюцияни ёқлаб овоз берган 141 давлат ичида Форс кўрфази давлатлари ҳам бор эди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида охирги овоз бериш натижалари кутилмаган бўлмади. Ҳатто Қримдан минглаб километр узоқликда жойлашган давлатлар ҳам у ерда содир бўлаётган воқеалардан азият чекиши мумкин. Россия анъанавий равишда Қримдан кенгроқ минтақадаги геосиёсий мақсадларига эришиш учун трамплин сифатида фойдаланди. Ўтган йили Украинадаги урушдан олдин Россия Қримдаги ҳарбий-денгиз базаларидан Ўртаер денгизи шарқидаги амалиётларини қўллаб-қувватлаш ва Сурияда Башар Асадни қўллаб-қувватлаш учун фойдаланган. Россия, шунингдек, Қримдаги кучларини Ливияга таъсир ўтказиш учун ишлатди.

Қолаверса, Россия ҳарбийлари Қримда тураверса, Украинанинг бутун дунё учун муҳим дон экспортига халақит бериши мумкин. Ўтган йили Туркия воситачилигида Москва ва Киев ўртасида Украина ғалласини экспорт қилиш имконини берувчи келишув янгиланди. Бироқ, Россия бу келишувни ўз хоҳишига кўра қабул қилиши ёки воз кечиши ҳам мумкин, чунки унинг Қримдаги мавжудлиги Қора денгизда ҳукмрон ҳарбий мавқени тутиб туради.

Украиналиклар жанг майдонида олдинга силжиган сари Қрим ҳудудидаги ҳарбий қарама-қаршилик тобора ҳақиқатга айланиб бормоқда. Бу йил Украинанинг асосий қарши ҳужуми жойи жанубда, Запорожьедан Мелитопол йўналишида бўлиши мумкин. Агар украиналиклар Азов денгизига етиб боришса ва Россия Федерациясини Қрим билан боғлайдиган қуруқликдаги "кесиб" ташлашса, Украина кун тартибидаги навбатдаги масала ярим оролнинг ўзига кириш бўлади. Россия буни яхши тушунади; сунъий йўлдош тасвирлари Қрим бўйлаб янги танкка қарши тўсиқлар ва мустаҳкамланган ҳандақлар қурилаётганини кўрсатмоқда.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

  Azon.uz’га хат келди: “Қримликлар номидан раҳмат айтаман...”

6523 16:17 20.05.2023

Юз йиллардан бери ватанидан жудо этилган қардошларимиз... 

3027 22:36 18.05.2023

Қрим татарларига тазйиқлар нега кучаймоқда?

2203 21:35 14.04.2023

Қора денгиз соҳилида хандақлар қурилмоқда

3257 17:35 04.03.2023

Қримда партизанлар уруши бошландими?

1914 23:45 27.02.2023
« Орқага