Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

«Нежный» ва «Fruttis» йогурт маҳсулотлари ҳақида

3883

Таҳририятимизга Муҳаммадрасул Умаровдан қуйидаги савол келиб тушди:

“Ассалому алайкум, ҳурматли azon.uz жамоаси ходимлари! Сизларга мени анчадан бери ўйлантириб келаётган савол билан мурожаат қилмоқдаман. Саволим шундан иборатки, ҳозирда юртимизда кенг тарқалган «Нежный» ва «Fruttis» номи билан машҳур бўлган йогурт маҳсулотларининг таркибидаги желатин ҳамда кармин моддалари ҳалолми? Яъни ушбу йогурт маҳсулотлари Ислом нуқтаи назаридан истеъмол учун жоизми? Жавоб учун раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин!”

Бевосита жавоб беришдан олдин шуни маълум қилмоқчимизки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди», деганлар (Абу Яъло, Баззор ва бошқалар ривояти). Шу сабаб бўлса керак, бизга турли хил маҳсулотлар тўғрисида тепадаги саволга ўхшаш кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Айрим истеъмолчилар маҳсулот таркибини умуман ўрганмай туриб истеъмол қилишса, айримлари ушбу маҳсулотларни мутлақо ҳаромдан олиб ҳаромга солишади.

Аввало, айтиш керакки, бу турдаги маҳсулотлар борасида кўпчилик мусулмонларни ўйлантирадиган нарса – бу маҳсулот таркибидаги турли хил қўшимчалар, хусусан желатин ҳамда кармин моддаларининг мавжудлигидир. Бунга ойдинлик киритиш мақсадида биз унинг таркибини ўрганиб чиқдик. Қуйида унинг таркиби билан танишишингиз мумкин:

Қулупнай шарбатли «Нежный» йогурт ичимлиги

Ёғсиз сут, ичимлик суви, шакар, глюкоза-фруктоза сиропи, қуюқлаштирувчи моддалар, мевали тўлдирувчи, лактоза, ранг берувчи кармин,  кислота регулятори, кальций хлорид ташувчиси, сут кислотаси, хамиртуруш.

Банан ва қулупнай шарбатли «Нежный» анъанавий йогурти

Ёғсиз сут, ичимлик суви, шакар, глюкоза-фруктоза сиропи, қуюлтирувчи, зардоб кукуни, мевали тўлдирувчи, ранг берувчи кармин, кислота регуляторлари, озиқ-овқат желатини, лактоза, хамиртуруш.

Кўриб турганингиздек, озиқ-овқат желатини асосан анъанавий кўринишдаги йогуртлар таркибида учрайди. Ичимликларига у асосан қўшилмайди. Демак, асосий масала ичиладиган эмас, балки ейиладиган йогуртларда экан. Биз бу борада ушбу йогуртларни ишлаб чиқарувчи «Campina» компаниясига мурожаат қилдик. Уларнинг бизга юборган ишончли ҳужжатларида «Campina» МЧЖ ишлаб чиқарадиган йогурт маҳсулотларидаги озиқ-овқат желатини молдан олиниши маълум бўлди.

Замонамизнинг кўпгина таниқли уламолари ҳам айнан шу мавзудаги саволларга батафсил жавоб берганлар:

“Ушбу масала бўйича Фатволар ва тадқиқотлар бўйича Европа Кенгаши 1998 йилда Дублин шаҳрида қарор қабул қилди (19-сонли фатво): «E» ҳарфи билан белгиланган моддалар асосан озуқавий қўшимчалар бўлиб, (уларнинг сони 350дан ошади) улар ёки консервантлар, бўёқлар ёки хушбўй таъм берувчи моддалардир. Келиб чиқиши бўйича уларни тўрт гуруҳга бўлиш мумкин:

  • кимёвий синтетик моддалар;
  • ўсимликлардан олинадиган моддалар;
  • ҳайвонлардан олинадиган моддалар;
  • эритувчи сифатида ишлатиладиган алкоголли моддалар.

Уларнинг барчаси таркибидаги моддалар туфайли озиқ-овқат маҳсулотларида фойдаланишнинг рухсат этилишига таъсир қилмайди. Биринчи ва иккинчи гуруҳдаги моддаларга таърифи бўйича рухсат берилади. Учинчи гуруҳ, гарчи келиб чиқиши ҳайвонлардан бўлса ҳам, кимёвий ишловдан ўтади, натижада ўз тузилишини ўзгартиради ҳамда асл хусусиятларини йўқотади. Бундай ўзгариш қоидаларнинг ушбу қўшимчаларга нисбатан муносабатига таъсир қилади. Оддий мисол: вино сиркага айланганда ҳукмий поклик хусусиятига эга бўлади.

Тўртинчи гуруҳ моддалар одатда озиқ-овқат ранглари таркибига киради ва жуда оз миқдорда ишлатилади, шунинг учун уларга рухсат берилади ( маъфуввун ъанҳ ), шунингдек, «уммул-балво» ҳолатига тушиб қолади (яъни улар кенг тарқалган бўлиб, улардан сақланиш жуда қийин).

Шундай қилиб, юқорида айтиб ўтилган қўшимчаларни ўз ичига олган маҳсулотлар ҳеч қандай тақиқларга эга эмас ва истеъмол қилиш учун мутлақо жоиз. Бундан ташқари, ислом қонунларининг асосларидан бири тахминий шубҳаларни излаш эмас, балки енгиллатишдир».

Илгари мен шунга ўхшаш саволларга бир неча бор жавоб берганман ва олий диний маълумотга эга бўлган шахс сифатида юқоридаги фатвога тўлиқ қўшиламан”, дейди у.

Бундан ташқари ушбу корхона ишлаб чиқарадиган айрим маҳсулотлар таркибида кармин моддаси ҳам бўлиши мумкин. Бунга нима дейиш мумкин?

Жавоб шуки, маҳсулот таркибидаги карминли бўёқ бу каби маҳсулотларнинг умумий массасининг 1% дан кўп эмас. Пастеризацияланган мевали тўлдирувчилар таркибида мавжуд бўлган кармин бўёғи кимёвий усул билан ишлаб чиқарилган бўлиб, қайта ишлаш жараёнида ўз кучини деярли йўқотади.

Хулоса ўрнида шуни маълум қиламизки, тақдим қилинган ишончли ҳужжатлар асосида ва бошқа йўллар орқали текширишлар мазкур маҳсулотлар таркибида истеъмол учун Ислом нуқтаи назаридан монеълик қиладиган ҳолат йўқ.

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага