Греция пойтахти Афинадаги янги ва ягона масжидда ниҳоят жамоат намози ўқилди. Мазкур масжиднинг очилиши анча йилларга чўзилиб кетди.
Шу пайтгача Афина Европа бўйича масжиди йўқ ягона пойтахт ҳисобланар эди. Аслида бу ерда масжид лойиҳаси 2007 йилда таклиф қилинган, бироқ миллатчиларнинг тўсқинликлари ва бюрократик жараёнлар оқибатида нафақат қурилиш ишлари, балки масжиднинг очилиши ҳам чўзилиб кетди. Масжид қурилиши давлат бюджетидан молиялаштирилди.
Афинанинг минорасиз масжидида бир пайтнинг ўзида 350 киши намоз ўқиши мумкин. Бу ерда азон овозкучайтиргич орқали айтилмайди. Greek City Times нашрининг ёзишича, масжидга асли марокашлик, йигирма беш йил аввал Грецияга кўчиб келган Заки Муҳаммад имом этиб тайинланди. У араб тилидан ташқари грек ва француз тилларини ҳам билади.