Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ношукрлик  -  неъмат  заволи (Бешинчи қисм)

1192

Неъмат соҳибини унутма

Бандадаги барча қобилиятлар ва имкониятлар унга Ҳақ толонинг неъмати ўлароқ намоёндир. Лекин, гоҳида бандаи ожиз буни унутиб қўяди ва ўзини гўё неъматнинг аслий эгаси дея билиб қолади. Аллоҳ таоло фазли марҳаматини ато этса, бандалар ушбу ҳолатдан тезда огоҳ бўлишиб, дарров ўзларини ўнглайдилар ва ҳар бир қобилият Ҳақ таолонинг инъоми эканини ва ўзларининг ожиз банда эканини англайдилар.

Аммо, Аллоҳ таоло раҳматидан узоқ қилса, бу бечора банда бир умр унга ато этилган неъмат соҳиби дея ўзини кўради ва неъмат соҳиби бўлмиш Зотни унутиб қўяди. Қуйида замонамизнинг буюк алломаларидан бири бўлмиш Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг оталари мавлоно Муҳаммад Шафиъ Усмоний  билан бўлган воқеъани келтирамиз.      

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳикояси

Отам раҳимаҳуллоҳ етмиш йиллар илгари «Дорул-улум Девбанд» да бўлган бир воқеани сўзлаб берган эди. Тунлардан бирида отам чироқ ёруғида бир амални қилар, бошқа хонада эса чироқ йўқ эди. Шунда онам қоронғуда чаён чақиб олишидан қўрқиб, отамдан ўз эҳтиёжи учун чироқни сўради. Отам эса ўша қилаётган ишини тўхтатгиси келмас, бу унга жуда оғир ботаётган эди.

Шунда отам онамга:

– Мен чаён заҳрига қарши ўқиладиган руқя (дам солиш) ни биламанку, чаён сенга нима зарар қила оларди? – деди.

Онам ўша хонага кирган заҳоти Аллоҳ тақдири ила уни чаён чақиб олди.

Отам дарров захарга қарши руқя оятлари ва дуоларини ўқий бошлади. Лекин, заҳар асари кетмас, оғриқ кучайгандан кучайиб борарди. Отам бошқаларга кўп бора заҳарга қарши ишлатган ва катта манфаати теккан дуоларни ҳар хил услубда  ўқишда давом этар, аммо, ҳар сафар фойдаси теккан дуо бу сафар бирон бир манфаат беролмас эди.

Отам шундай дер эди:

– Ушбу қиссадан ўта муҳим учта дарс олдим:

1. Киши ҳеч қачон Аллоҳдан беҳожатлик ва улуғлик маъносидаги  катта гапларни сўзламаслиги лозим.

2. Албатта руқия ва даво, балки, барча даво бўладиган воситалар, қачонки Аллоҳ таолонинг Ўзи манфаатли қилмаса, қандай восита ва қайси дуо ила ўқиса ҳам асло ва асло таъсири бўлмайди.

3. Албатта, ушбу қиссада гуноҳ қилиб, сўнгра тез орада тавба қилиб қоламан, дея тавбани кечиктириб юрган кимсага ўхшашлик бор. Эҳтимол бу тавба қилиш орзусида юрган кимса тавба қилишгача умри камлик қилиб, вафот қилар. Мабодо, тавба қилишга умри етиб, фурсат топса ҳам, Аллоҳ унга тавба иноятини беришига ким ҳам зомин бўла оларди?!

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло унга бундай тавбани манъ қилиши ҳам мумкин.

«Мақолоти Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний».

Неъматга шукр қил, зиёдасини кўрасан!

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳар қачон ўз ҳолатингда зиёдалик кўрмасанг, Аллоҳга шукрни кўпайтир.

Зотан, шукрда доимо зиёдалик бордир.

Аллоҳ таоло «Иброҳим» сураси, 7-оятида: «Агар шукр қилсангиз, зиёда қилурман», деб марҳамат қилган».

Ким неъматни неъматлигини эътироф қилса, унга шукр қилган бўлади.

Ким неъмат Аллоҳнинг инъоми, кимгадир бу неъмат берилмаганини тафаккур қилса, шокир банда бўлади.

Ким неъмат учун Аллоҳ таолога шукр қилса, неъматни маъсиятга ишлатмаса, Аллоҳ таоло унга янада кўпроқ неъматни зиёда ато қилади!

Неъматларга кўмилиб кетишни истаймизми?

Аллоҳга тинмай шукр қилаверайлик, неъматлар денгизига ғарқ бўлиб кетамиз!

Фақат унутмайликки, шукр тилнинг ўзидаги «алҳамдулиллаҳ»  дан иборат эмас.

Шукр – Аллоҳ берган неъматни эътироф қилиш, Аллоҳга ҳамд айтиш ва уни маъсият - гуноҳ ишларга сарфламасликдир.

Шукр уч қисмдир

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳимаҳуллоҳ бундай дейди:

«Шукр уч қисмдир:

1. Тил ила шукр.

2. Аркон (ишонч, амал) ила шукр.

3. Қалб ила шукр».

1. Тил билан бўладиган шукр ҳақида Қуръони каримда:

«Ва аммо, Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла», дея марҳамат қилинган.

(Зуҳо, 11).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонларга шукрли бўлмаган кимса, Аллоҳга ҳам шукрли бўла олмайди», деб айтганлар.

Термизий ривояти.

Ибн Жарир бундай дейди: «Абу Назра раҳимаҳуллоҳ: «Мусулмонлар неъмат ҳақида сўзлашни унинг шукрини адо қилиш дея билишар эди», деб айтган.

2. Аркон (амал) ила шукр эса Ҳақ таолонинг итоатида амал қилишдир.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло:

«Эй Оли Довуд, шукр қилинглар!», дея марҳамат қилган.

(Сабаъ, 13).

Ибн Аби Ҳотим айтади: «Собит Буноний раҳимаҳуллоҳ: «Довуд алайҳиссалом оила аъзолари, фарзандлари ва аёлларига куннинг вақтларини ибодат учун тақсим қилиб берган эди. Куннинг ва туннинг ҳар бир вақтида Довуд алайҳиссаломнинг оила аъзоларидан бири намоз ўқиётган бўлар эди.

3. Қалб ила шукр  Аллоҳ азза ва жаллани ёлғиз неъмат ато этувчи дея эътироф қилмоқдир.

Аллоҳ субҳонаҳу марҳамат қилади:

«Сизда қайсики неъмат бўлса, Аллоҳдандир».

(Наҳл, 53).

Имом Воҳидий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Жисмингизнинг сиҳат саломатлиги, ризқингизнинг кенглиги, мол дунё ва фарзандларингизнинг барчаси Аллоҳнинг сизга ато қилган неъматларидир».

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларни йўқдан бор қилган, тана аъзоларимизни саломат қилган, бизга энг улуғ неъмат бўлмиш бандалик шарафини ато қилган Зотдир.

(давоми бор).

Суннатуллоҳ Абдулбосит

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ношукрлик  —  неъмат  заволи (Еттинчи қисм)

1405 21:00 28.07.2020

Ношукрлик  -  неъмат  заволи (Олтинчи қисм)

1145 19:45 25.07.2020

Ношукрлик — неъмат заволи (Тўртинчи қисм)

1130 16:30 23.07.2020

Ношукрлик — неъмат  заволи (Учинчи қисм)

1455 14:12 22.07.2020

Ношукрлик - неъмат заволи (Иккинчи қисм)

1473 20:08 21.07.2020
« Орқага