Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ношукрлик  —  неъмат  заволи (Еттинчи қисм)

1315

(Давоми, боши бу ерда)

Ҳар ҳолатда ҳам Аллоҳга  шукр!

Ҳикоя қилинишича бир кимсага қаттиқ мусибат етиб, кўзлари кўр бўлиб қолган, оёқ ва қўллари эса кесилган эди.

Бир кимса шу инсон олдига кириб, унинг:

- Аллоҳга ҳамдлар айтаманки, мени бошқалар учраган кўплаб балолардан офиятда асради ва кўплаб  бандаларидан афзал қилиб яратди, - деб дуо қилаётганини эшитиб қолди.

Бу дуодан таажжубланиб:

- Ие, сени ҳамд айтадиган ниманг бор ўзи?, - деди.

Шунда у кимса:

- Эй сен, билиб ол. Аллоҳ менга шукрли тил, хушуъли қалб ва балоларга сабрли бадан берди!, -  деди.

Аллоҳ таолонинг солиҳ бандалари доимо У Зотнинг неъматларини эътироф этишади.

  Бирон бир мусибат ва балолар етган кимса ўзига боқиши, бундан-да ёмонроқ ҳолатдагилар борлиги, бу мусибат ёмонликларига каффоратлиги, Аллоҳ таолога ҳар доим ва ҳар ҳолатда ҳам ҳамду - шукрда бўлиши лозим.

Қирқ йиллик сабр

Аҳнаф ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳ Аҳнаф ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳнинг жияни у кишига тиши оғриётганидан шикоят қилди. Шунда у зот: «Қирқ йилдан бери бир кўзим кўрмай қолган. Лекин, шу вақтгача бирон кимсага бундан шикоят қилмадим», деди. Бирон аъзомизга дард етса, бирор жойимиз оғриб қолса дарров шикоят отига миниб чопамиз. Нолиймиз. Норозилик изҳор қиламиз. Лекин, худди ўша аъзоларимизга дард етмаган, соғлом бўлган, оғримаган вақтлари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. 

Бир соатлик тиш оғриғи сабабли ўлар ҳолатга тушамиз, дунё кўзимизга тор, энг севикли нарса ёқимсиз бўлиб қолади.

Аммо, ўша тишимиз неча йилдан бери оғримай келаётгани, бу ҳам неъмат бўлгани ёдимиздан кўтарилади.

Аслида эса, дардга мубтало бўлиш сабабли гуноҳларимиз каффоратли, зикруллоҳларимиз давомли, ибодатларимиз самарали бўлади. 

Бугун нолиш-у шикоят отидан тушиб, шукр-у сабр отига минайлик. 

Аллоҳим бизларни сабрли, шукрли, қаноатли ва ризоли  бандаларингдан қилгин

Ҳожат қила олишинг неъматдир       

Тафаккур

- Аллоҳ таолога шукрни кўпайтириш керак, деб айтаверасиз, айтаверасиз. Оширвормаябсизми? Қўлдан келганича айтаябмиз-ку.

- Аллоҳ неъматларидан энг ҳақирини айтиб берайми сизга? Оддий, ҳеч ким  менсимайдиган, назарига ҳам илмайдиган, лекин, аслида мислсиз неъмат бўлган нарса пешоб - сийдикдир.

Аввало, одам танасида  зарарли бўлиб, унга салбий таъсир қиладиган суюқлик пешоб бўлиб, танадан чиқиб кетади. Бу бир.

Ўша пешоб чиқмай қолса, бутун тана бўйлаб ёйилиб, бадан шишиб кетади ва охири ўлим билан тугайди. Бу икки.

Ўша пешоб осонгина чиқиб кетади. Уни чиқиши қийинлаштирилса, пешоб қилаётиб мислсиз оғриқларга дучор бўлинади. Бу уч.

Демак, пешобнинг ўзи, пешобнинг оғриқсиз чиқиши ва пешоб тутилмай чиқиб кетиши ҳам немат экан. Буларсиз оғриқлар олами ёки дунё билан видолашув юзага келаркан.

Энди сал бўлса ҳам тушундингизми?

Аллоҳга доимо шукрда бўлишимиз лозим.

«Аллоҳнинг неъматларини санамоқчи бўлсангиз, уларни ҳисоблай олмайсиз».

(Иброҳим, 34).

Абу Бакр розияллоҳу анҳу

Ҳаётлигидаёқ жаннат башорати берилган, пайғамбарлардан сўнг энг афзал инсон, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайноталари, дўстлари, халифалари бўлмиш ушуб саҳоба тақволари ила зарбулмасал бўлган. У зот ҳаётидан бир гўзал ва ибратлик воқеъни тақдим этамиз.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу мусулмонларга халифа бўлган вақтларида бўлган ушбу воқеани диққат билан ўқиган инсон Ислом, имон ва тақво қанчалар ҳам улуғ неъматлигини оз бўлсада англайди.

Қўй учун тўлов

 Саййидимиз Абу Бакр розияллоҳу анҳу Араб жазирасини ўз ичига олган, сарҳадлари  кенг   давлатнинг амири, мусулмонларнинг халифаси бўлиб, байтулмолдан маош олар эди. Ўша вақт  Шом шаҳарларидан  ғазот ва фатҳлар сабабли жуда кўплаб ўлжалар келтирилар эди. Бу ҳажмдаги катта мол-дунёга эга байтулмолдан у кишининг ўзи  ва кичкинагина оиласига етарли нафақа олиш ҳеч бир қийинчилик туғдирмас эди.  У киши  халифа бўлмасидан аввал савдогарлик қилар, халифа бўлгач, савдодан машғул бўлиб қолиб, байтулмолдан оиласига етгулик нарса олишга мажбур эди. Зотан, у зот  халифалик сабабли касб қилишга вақт топа олмас, мусулмонлар салоҳияти, давлатнинг муҳим ишлари, шаҳарларни идора қилиш билан машғул бўлар эди.

 Абу Бакр розияллоҳу анҳуга байтулмолдан олган маоши ўзи ва оила аъзоларининг жисмига қувват бўладиган даражада бўлиб, оила тебратишга  кифоя қилар эди холос. У зотнинг аёли  Аллоҳ ризқини кенг қилиб қўйган бошқа  бадавлат оилалар каби уйда турли нарсалар пиширишга, турфа таомлар қилишга имконсиз эди. Оладиган нафақа фақат қотган нон ва таомларига етар эди. Аллоҳ ризқини кенг қилган бошқа шаҳар аҳли ва бадавлат одамлар каби кенгчиликда  ва тўқчиликда эмас эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг оиласи у кишининг савдогарлик қилиб юрган вақтларида, халифа бўлгандан кейинги ҳолатидан кўра яхшироқ яшар эди.

 Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг кичик фарзандлари бўлиб, озгинагина қувват бўладиган таомдан бошқа нарса тановул қилмас, ҳолва ва мева кабиларни ейишга имконлари йўқ эди. Улар шаҳарнинг бадавлат кимсаларининг ўзларига тенгдош фарзандлари каби хоҳлаган нарсаларини еб-ичишга имконлари бўлмас. Зотан, ўша тенгдошлари оталарининг боғлари, полизлари ва тижоратлари бўлиб, улар кўнгли тусаган нарсаларни истеъмол қилар, Абу Бакр фарзандлари эса бундай қилолмас эди. Ваҳоланки,  Абу Бакр бир давлатнинг подшоси эди. 

 Бу ҳолатни сезиб юрган аёли,  бир куни кичик фарзандаларига ҳолва олиб бериб, ширинлик билан сийлашни қасд қилди. У Абу Бакрга унга кенгчилик қилиш, байтулмолдаги улушини оширишни илтимос қилди. У аёл ҳам оддий бир инсон эди. Абу Бакр: «Албатта, байтулмол мусулмонларнинг фақир ва мискинларининг молидир. Қорин тўйдирадиган, кўнгли тусаган нарсаларга тўланадиган жой эмас», деди. 

 Аёли: 

 - Бўлмаса, таомимиздан озгина орттириб йиғсак, бир неча кунда ҳолва сотиб олишга етиб қолса керак, деди.

 Абу Бакр: 

 - Бўлади, бу сенинг жидди жаҳд ва қудратингга боғлиқ, деди.

 Абу Бакрнинг аёли бир неча кун озгинадан орттириб ҳолва сотиб олишга пул йиғди.  Абу Бакр олдига ўша пулни олиб келиб, бунга биз учун ҳолва сотиб олса бўлади, деди.

 Абу Бакр ўша дирҳамларни байтулмолга қўшдилар. Байтулмолга қаровчига «Дарҳақиқат, бизнинг аҳли оиламизга байтулмолдан берилаётган мол ичида ортиқчаси ҳам бор экан ҳар кунлик миқдордан ўшани чиқариб ташлагин. Байтулмолдаги мусулмонлар моли  халифа оиласи кенгчилиги, яхши яшашлиги учун  зарар кўрмаслиги лозим»,  деди.

 Шундай ҳам бўлди. Абу Бакр оиласига ҳар кунги бериладиган дирҳамлар қиймати камайтирилди. Жуфти кўплаб шаҳарларга бошлиқ бўлган саййида оиласига, бошқа юртлардан кўплаб ғанималар, мол-дунёлар оқиб келиб турган,  ғанам ўрнига ғарам бўлди. Аёлнинг байтулмолдан оладиган улуши камаядиган бўлди. Ўзи орзу қилган ҳолвага етиш учун қилган амали, унинг улушини камайишига олиб келди.

 Абу Бакрнинг саййида аёли ушбу улуғ кишининг қилган ишидан рози бўлди.  Ажралиб қолган улушига парво ҳам қилгани ва ҳасратда қолгани ҳам  йўқ.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 «Покиза аёллар покиза эрлар учундир. Покиза эрлар покиза аёллар учундир».

  (Нур, 26).

 Саййидимиз Абу Бакр розияллоҳу анҳу мусулмонларга амирлари қандай бўлиш лозимлиги, еб-ичишда қандай қаноатли ва тақводор бўлиш, нафс ҳожатлари қай тариқада бўлиши ва охиратни дунёдан устун қўйиш лозимлигига зарбулмасал бўлдилар.

 «Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқ ва боқийдир».  

 (Қасос, 60).

Сунатуллоҳ АБДУЛБОСИТ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ношукрлик  -  неъмат  заволи (Олтинчи қисм)

1087 19:45 25.07.2020

Ношукрлик  -  неъмат  заволи (Бешинчи қисм)

1137 16:23 24.07.2020

Ношукрлик — неъмат заволи (Тўртинчи қисм)

1078 16:30 23.07.2020

Ношукрлик — неъмат  заволи (Учинчи қисм)

1337 14:12 22.07.2020

Ношукрлик - неъмат заволи (Иккинчи қисм)

1417 20:08 21.07.2020
« Орқага