Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ношукрлик - неъмат заволи (Иккинчи қисм)

1473

Шукр ҳақида ҳадислар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳга ҳам шукр  қилмайди» деб айтдилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Термизий: «Одамларга шукрли бўлмаган, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди» лафзи билан ривоят қилган.

Инсонлар яхшилигини қадрламайдиган тоифалар, Аллоҳ таолога ҳам ношукр бўлишади. Булар ҳар доим ва ҳар қандай ҳолда ҳам ўта ношукр бўлаверадилар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, қиёмат куни бир кимса тоғга қўйилса оғирлик қиладиган солиҳ амал билан келтирилади. Бас, Аллоҳ неъматларидан биргинаси уни барчасини йўққа чиқаради».

Табароний ривояти.

Аллоҳ таоло бандаларга чексиз неъматлар ато этган. Биргина кўзнинг кўриши тоғдайин савобларни йўқ қиладиган бўлса, эшитиш, ушлаш, юриш ва ҳоказо неъматлар ҳақида не дея оламиз экан?!

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Роббим менга Макканинг Батҳосини олтин қилиб беришни таклиф этди. Мен: «Эй Роббим, йўқ! Лекин,  бир куним тўйган ва  бир куним оч бўлгани яхши деб уч ёки шунга ўхшаш айтдиларда, давомида «Оч қолсам Сенга тазарруъ қилиб, Сени зикр қиламан. Тўйган чоғимда Сенга шукр қилиб, ҳамд айтаман»  дедим», деб айтдилар».

Термизий ривояти.

Инсонларнинг энг афзали бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тоғни олтин қилиб бериш таклиф қилинди. Бу таклиф оддий таклиф эмас, барча нарсага қодир Зот бўлмиш Аллоҳ таолонинг таклифи бўлиб, «бўл»  деган амр  ила бир зумда олтинга айланиши бегумон эди. Лекин у зот алайҳиссалом бизларга ўрнак ўлароқ бу таклифни қабул қилмадилар. Роббим оч қолсам Ўзингга тазарруъ ва тавба ила сиғинай, тўқ бўлсам Сенга ҳамду санолар айтиб шукр қилайин, деб айтдилар. Бизларга ҳар соҳада ўрнак зот шукрнинг юқори чўққисини ўргатиб қўйдилар.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қайси бир бандага мусибат етганда «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» деса ва сўнгра «Аллаҳумма ажирний фий мусийбатий вахлуф ли хойрон минҳа», (Эй Аллоҳ! Менга мусибатимда ажр бергин ва унинг ўрнига яхшироғини ҳам бергин) деса, албатта, Аллоҳ унга ажр беради ва унга бунинг ўрнига яхшироғини ҳам  беради»  деганларини эшитдим. Абу Салама вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга амр қилганидек айтдим. Аллоҳ менга унинг ўрнига ундан-да яхшироқ зот бўлмиш  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни берди».

Имом Муслим ривояти.

Ҳадисдаги эътиборли биринчи ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусибат онларида бир муштипар аёлга таъзия билдиришлари. Сўнгра эса, унга мусибат онларида сабрли бўлиш, сабот ила туриш, ушбу қийин вақтда ҳам Аллоҳ таолодан мадад сўраш, сўраганда ҳам мусибатни хурсандчиликка алмаштириб қўйишни сўрашни ўргатганлари.

Дарҳақиқат, мўмин банда мусибат онларида синиб қолмайди. Яхши кунларда Роббига шукрли бўлган банда, мусибат онларида ҳам шукрли бўлади. Унинг бу шукри эса исён қилмаслик, сабрли бўлиш ва мусибат ортидаги ажрни кўзлаш билан бўлади.

Бу мусибат онларида буюк набавий кўрсатма бўлмиш юқоридаги дуо ўта самарали  бўлиб, бандани тақдири илоҳийга бўйин суниши ҳамда, суннатга мувофиқ амал қилиши ҳам бўлади.

Умму Салама розияллоҳу анҳо айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ушбу дуони ўқишни тавсия этганларида «Абу Саламадан-да яхшироқ ким ҳам бўлиши мумкин?», дея ўйладим. Лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари ҳурматидан ўқиб юравердим. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. Аллоҳ таоло менга инсонларнинг энг буюги бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларини насиб этди».

Шукрли банда ҳеч ҳам кам бўлмаган ва бўлмайди ҳам.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам билан бирга Мадина сари йўл олиб, яқинлашиб қолганимизда тўхтадик. У зот қўлларини кўтариб бир муддат дуо қила бошладилар. Сўнгра сажда қилиб, саждада узоқ турдилар. Сўнгра яна шундай қилдилар. Сўнгра яна бир бор шундай қилдилар. Кейин: «Роббимдан умматимни сўрадим. Бас, учдан бирини берди. Роббимга сажда қилиб шукр этдим. Сўнгра Роббимдан дуо қилиб яна умматимни сўрадим ва яна учдан бирини ато қилди ва сажда ила шукр қилдим. Сўнгра Роббимдан яна умматимни сўрадим ва охирги учдан бирини ҳам ато қилди. Бас, Роббимга сажда қилиб шукр этдим», деб айтдилар.

Ҳар бир неъматни Аллоҳ таолодан сўраш ва у ато қилинган чоғда Аллоҳга шукр этиш лозим эканига ушбу муборак ҳадис кўрсатма ва далилдир.

(давоми бор).

Суннатуллоҳ Абдулбосит

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ношукрлик  —  неъмат  заволи (Еттинчи қисм)

1405 21:00 28.07.2020

Ношукрлик  -  неъмат  заволи (Олтинчи қисм)

1145 19:45 25.07.2020

Ношукрлик  -  неъмат  заволи (Бешинчи қисм)

1193 16:23 24.07.2020

Ношукрлик — неъмат заволи (Тўртинчи қисм)

1130 16:30 23.07.2020

Ношукрлик — неъмат  заволи (Учинчи қисм)

1455 14:12 22.07.2020
« Орқага