Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ношукрлик — неъмат заволи (Тўртинчи қисм)

1130

Неъматга комил шукр – имконсиздир!

Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таолонинг бандага берган диний ва  дунёвий барча неъматлари учун, У Зотга шукр айтишга эҳтиёжли бўлинади.

Сўнгра, берилган неъматга шукр айтиш инояти ва тавфиқи неъмати учун  Ҳақ таолога яна бошқа бир шукр айтишга эҳтиёж ҳосил бўлади.

Сўнгра эса, неъмат атоси учун  иккинчи бор шукр қилганлик тавфиқи неъмати учун яна бир алоҳида шукрга эҳтиёж лозим бўлади.

Мана шундай, банда ҳеч қачон ўзига Роббидан берилган неъматлар шукрини адо этишга қоим бўла олмайди.

Шукрнинг ҳақиқати - шукрдан ожизлик эътирофидир!».

Бизларнинг ҳар бир неъматни неъмат дея кўришимиз, билишимиз ва ҳис қилишимизнинг ўзи улуғ неъмат! Қанча-қанча инсонлар неъмат соҳиби бўлмиш Зотни билмасдан, унга сажда ва шукр қилмасдан яшамоқда.

Банданинг тирик эканлиги, соғломлиги, кўз - қулоқ, қўл - оёқ, юрак, жигар ва ҳоказо аъзолари ишлаётгани ёки борлигини ўзи улуғ неъмат!  Кўплаб одамлар борки соғлиқ ёки бирон бир аъзо танқислиги ҳамда мусибатлар сабабли паришонлик ва қайғуда ҳаёт кечирмоқда.

Энг муҳими Ўзига бандалик ҳисси, эътирофи ва амали неъматидир!  Кимлардир ўтга, сигирга, шайтонга ва ҳаттоки одамларга сиғиниб кун кечирмоқда.

Неъмат шукрини адо қилиш -  имконсиздир. Магарам, доимий шукр банданинг аслий вазифаси ва бурчидир.

Ҳозир шу сатрларни ёзаётган,  уни ўқиётган ва ундан ибрат олаётганимизнинг комил  шукри имконсиздир.

Лекин, неъматларнинг барчасига шукр қилиш - бандага лозим неъматдир.

 

Шукр  ҳақида ривоят

Имом Абу Ҳомид Ғаззолий «Иҳёу улумид дин»  асарида қуйидаги ибратли ҳикояни келтиради:

 Бир камбағал киши улуғлардан бирига фақирлигидан шикоят қилди. Шунда у зот: «Икки кўзинг кўр бўлиши эвазига ўн минг дирҳамга эришишни хоҳлайсанми?», деб сўради.

Фақир кимса: «Асло хоҳламайман», деди.

У зот: «Тилдан қолишинг эвазига ўн минг дирҳамга эга бўлиш сени хурсанд этадими?» – деди.

Фақир кимса яна: «Йўқ, асло», деди.

 Шунда улуғ зот унга: «Аллоҳ таоло сенга  инъом этган эллик минг дирҳамдан қадрлироқ неъматларга эга бўла туриб нолиб юришга уялмайсанми?!» – деди.

 

Мўъжизавий аъзолар

«Агар, Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар».

(Иброҳим, 34).

Бандага Ҳақ таоло шундай неъматлар ато этганки, у бечора буни ҳис қилолмайди холос. Юришимиз, туришимиз, нафас олишимиз ва тириклигимизни ўзи улуғ неъмат. Ишонаверинг, жудаям улкан ва бебаҳо неъмат. Инсоннинг ўзи бир мўъжизадир. Унинг барча аъзоларини Аллоҳ таоло мўъжиза ўлароқ яратган. Аллоҳ таоло жисмимизга мўъжизавий аъзоларни неъмат қилиб берган. То тирик эканмиз бу аъзолар бизнинг ҳаётимиз учун энг зарурий вазифаларни бажаради. Бу аъзоларни улуғ неъматлиги мазкур аъзога шикаст етган ёки ундан ажралган чоғда билинади.

Сўзимиз исботи ўлароқ «Ажааибу холқиллаҳи фий жисмил инсаан», «Аллоҳ таолонинг инсон танасидаги яратган ажойиботлари»   дастуридан қуйидагиларни келтирамиз.

 

Юрак уриши ва соч

Инсон жисмидаги мўъжизавий аъзолардан бири юрак бўлиб, у ишламаса ва фаолиятдан тўхтаса инсон ўлади.

Инсоннинг юраги бир кунда 100000 бора уради. Бир йилда ўртача ўттиз беш миллион марта, ўртача умри давомида эса икки ярим миллиард бора уради.

Ўртача ёшдаги инсоннинг бош терисида эса 100 000 соч толаси бўлади.

Инсон танасида 5,6 литр қон бўлиб, қон томирлари орқали бир кундаги циркуляцияси 19 000 км ни ташкил этади.

 

Мия ва қон томирлар

Миядаги қон томирлар узунлиги агар бир бирига уланса 120 000 милни, яъни, тахминан 19311 км ни ташкил этади. Бу масофа эса Ер ва Ой орасидаги масофадир.

Инсон мияси оғриқни ҳис этувчи органлардан холи бўлиб, унинг операциясини наркозсиз қилиш мумкин.

Инсон миясидан маълумотлар ўта катта тезликда ўтади. Бу маълумотларнинг энг тези соатига 418 км етади.

Инсон миясида юз миллиард нерв ҳужайралари бўлиб, бу Сомон йўли галактикасидаги юлдузлар сонига тенгдир.

Инсон бир кунда 600 миллилитр тупук ишлаб чиқаради.

 

Жигар, ичак ва буйраклар

Жигар инсон танасида 500 дан ошиқ функцияларни бажаради. Аммо, унинг асосий вазифаси қонни тозалаш ва  ёғларни парчалашда асосий рол ўйновчи сариқ суюқлик ишлаб чиқаришдир.

Ингичка ичак ошқозон тизимининг энг муҳим қисми бўлиб, овқатни парчалаш ва баданинг турли қисмларига тарқатиш учун юбориладиган озуқа моддаларини чиқаради.

Қизилўнгачдан таом доимо ошқозонга йўналади. Агар инсон бошини пастга осилтириб туриб еб ичса ҳам унинг ёрдамчи пайлари сабабли тескари ҳаракатда ошқозон тарафга йўналаверади.

Тананинг энг мустаҳкам аъзоси тиш эмали ҳисобланади.

Буйраклар бир кунда организмдаги қонни 300 марта ювади.

Қизил қон ҳужайралари (эритроцитлар) суяк илигида шаклланиб тўрт ой яшайди. Ушбу тўрт ойлик умри мобайнида тананинг барча 60 триллион ҳужайрасида озиқланади. Мана шу сабабли инсон танасида қарийиб 250 000 бора айланади.

Бундайин ожиз жисмга бунчалар мукаммал аъзолар жойлаштириб қўйган Зотга Ўзига муносиб ҳамдлар бўлсин.

 

«Албатта, Аллоҳ одамларга фазл қилувчидир. Лекин кўп одамлар шукр қилмаслар».

(Бақара, 243).     

(давоми бор).

Суннатуллоҳ Абдулбосит

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ношукрлик  —  неъмат  заволи (Еттинчи қисм)

1405 21:00 28.07.2020

Ношукрлик  -  неъмат  заволи (Олтинчи қисм)

1145 19:45 25.07.2020

Ношукрлик  -  неъмат  заволи (Бешинчи қисм)

1193 16:23 24.07.2020

Ношукрлик — неъмат  заволи (Учинчи қисм)

1456 14:12 22.07.2020

Ношукрлик - неъмат заволи (Иккинчи қисм)

1475 20:08 21.07.2020
« Орқага