Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ношукрлик — неъмат  заволи (Учинчи қисм)

1455

Шукр не ўзи?

Тафаккур

Раббоний неъматнинг неъмат эканини англаш, унинг сабабини билиш ва унга шукр қилиш қувватли имонга далилдир.  Ушбу комил имон  Ҳақ таолонинг неъматларига, бандаларига  раҳмли ва лутфли эканига  иқрору эътироф билан бўлади. Сўнгра унинг ушбу имони  бу неъматнинг   шукри ҳақида сўзлатади.

Зотан, инсон бошдан-оёқ Аллоҳ неъматларига бурканган бўлиб, агар бу неъматларни санаса адоғига етолмайди.

«Агар Аллоҳ неъматларини санамоқчи бўлсангиз, санай олмайсиз».

(Наҳл, 188).

Инсон учун энг камида неъматнинг неъмат эканини билиш,  неъмат берувчига шукр қилиш лозим бўлади.

Шукрли бўлиш аслида инсоний  фитрат тақозосидир. Лекин, гоҳида шайтон васваса қилиб, унинг бу шукрини асл эгаси бўлмиш Аллоҳ таолодан бошқага буриб қўяди.

Ҳадиси қудсийда «Инсонлар ва жинларни Ўзим яратиб, ўзим ризқ бераман. Ваҳоланки улар мендан бошқага ибодат қилишади ва бошқага шукр қилишади», дейилган.

Зотан, ибодатга ҳаққан муносиб ва шукру ҳамдга ҳақиқатан ҳам  лойиқ Зот Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзидир.

 «Сен: «Албатта, менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир», деб айт».

(Анъом, 172).

Шукр икки хилдир: қалбий шукр ва аъзолар ила қилинадиган шукр.

Қалбий шукр – Холиқини иқрор қилиш ва Унинг неъматларини таниш. Бу шундай неъматларки, аслида банда бу неъматларга лойиқ эмас. Зотан, бу неъматлар Аллоҳ фазли ила бандаларга ато қилинади ва ҳақиқий шукрини адо қилишнинг сираям имкони йўқ.

Ҳар қачон қалб шукрли бўлса, бошқа барча аъзолар ҳам ундан ибрат олиб шукрли бўлади.

Агар тил шукрга ўрганган бўлса қандай ҳам яхши. Имоннинг тилдан талаби аввалги сўзи ёки аввалги амали ҳамд бўлишидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам: «Аллоҳга ҳамд билан бошланмайдиган ҳар бир иш – (савоби) кесилгандир», деб айтганлар.

Муслим ривояти.

Аллоҳга ҳамд айтиш диний ва шариат буйруғи бўлишидан аввал, фитрий ва табиий суратда ҳам вожиб бўлади.

«У Аллоҳ, Ундан бошқа ибодатга сазовор илоҳ йўқ Зотдир. Бу дунёда ва охиратда барча ҳамд Унгадир. Ҳукм ҳам Унинг Ўзигадир ва Унгагина қайтарилурсизлар».

(Қасос, 70).

 

Сўнгра, Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг: «Аллоҳ таолога энг маҳбуб нарса ҳамддир», деб айтганларига мувофиқ, Аллоҳ таоло Ўзига ҳамд айтувчини яхши кўради ва ундан рози бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло таомланиб еб - ичиб бўлгач унга ҳамд айтадиган бандадан рози бўлади», деганлар.

Термизий ривояти.

Шукр комил имон, содиқ бандалик ва соф фитрат аломатидир.  Шу сабабли ҳамма замонларда кўп шукр қилувчилар оз бўлади. Зотан, Аллоҳга холис ибодат қилувчилар ҳам инсонлар орасида оз бўлади.

«Эй Оли Довуд, шукр қилинглар! Бандаларимдан шукр қилгувчилари оздир».

 (Сабаъ, 133).

Шайтон алайҳиллаъна инсонларни неъмат берувчи Зотни унутиш, шукр айттирмаслик залолатига аҳд олган.

«Оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисоли қандай ҳам ёмон бўлди! Улар ўзларига зулм қиларлар».

 (Аъроф, 177).

Ҳақ таоло ва банда орасида инкор ва куфр ёки Ислом ва шукр бўлади.

Аллоҳ таоло бандаларга улар учун нелар яратганига тафаккур ила назар солиш, уларга не неъматларни ризқ қилганини идрок этиш,   бу неъматларга шукр қилиш лозимлигини айтган.

«Аллоҳ сизни оналарингиз қорнидан ҳеч нарса билмайдиган ҳолингизда чиқарди. У сизга кўз, қулоқ, кўзлар ва дилларни берди».

(Наҳл, 78).

«Аллоҳ осмонлару ерни ҳақ ила, ҳар бир жон қилган касбига яраша, зулм қилинмаган ҳолида жазосини (мукофотини) олиши учун яратган».

(Жосия, 22).

Инсонларнинг энг афзали бўлмиш, аввалги-ю кейинги гуноҳлари кечирилган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бундай  айтадилар:

«У зот алайҳиссаломнинг кўп ибодат қилганидан оёқлари шишиб кетар, мен Эй Аллоҳ Расули. Аллоҳ сизнинг аввалгию кейинги гуноҳларингизни кечирганку, десам, «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?», дер эдилар».

Бухорий ривояти.

Ҳар бир мусулмон учун буюк ўрнак бор зот, бизларга ҳақиқий  шукрдан таълим бераябдилар.

 (давоми бор).

Суннатуллоҳ Абдулбосит

Ношукрлик  -  неъмат  заволи (биринчи қисм)

Ношукрлик - неъмат заволи (Иккинчи қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ношукрлик  —  неъмат  заволи (Еттинчи қисм)

1405 21:00 28.07.2020

Ношукрлик  -  неъмат  заволи (Олтинчи қисм)

1145 19:45 25.07.2020

Ношукрлик  -  неъмат  заволи (Бешинчи қисм)

1193 16:23 24.07.2020

Ношукрлик — неъмат заволи (Тўртинчи қисм)

1130 16:30 23.07.2020

Ношукрлик - неъмат заволи (Иккинчи қисм)

1475 20:08 21.07.2020
« Орқага