Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Нуриймон Абулҳасан: «Улар мусулмонлар ҳақ эканлигини билишар эди»

1507

1975 йил “Бухоро ҳақиқати” газетасида “Атеистик пропаганда ҳужумкор бўлсин” сарлавҳаси остида мақола чоп этилган. Ислом дунёсига буюк  даҳоларни етказиб берган Бухорода истибдод даврида динга қарши ҳаракатлар бўлгани айни ҳақиқат. Бу ҳолат ўша даврда бутун Ўрта Осиёда ҳукм суриб, динга нисбатан қарши ҳаракатлар кучайиб борган. Ва афсуски бунга хайрихоҳ бўлган, тарғиботи билан фаол шуғулланган инсонлар шу юрт фарзандлари,  ота-боболари мусулмон бўлган инсонлар эди. Бу воқеаларга ҳали ярим аср ҳам бўлгани йўқ, бироқ тарихнинг қора кунларини эслаш кишини ҳам даҳшатга солади, ҳам изтиробга.  

AzonTV каналининг “Фикрат” таҳлилий дастурида сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Нуриймон Абулҳасан билан “Жанговор атеизм -  биз кўр(ма)ган кунлар” мавзусида суҳбат бўлди. Мутахассис мавзуга тўхталар экан тарихни сўзлабгина қолмай, атеизмдан кўзланган мақсад ва оқибатларга батафсил тўхталиб ўтган. 

–  Мустамлака даврида атеизм ҳақида сўз юритишдан аввал уни уч жиҳатга ажратиб баҳолаш мумкин. Яъни, ҳужумкор атеизм қандай ташкил қилинган, унинг мақсади, оқибатлари нима эди? Тарихдан биламизки 1917 йилда Ленин бошчилигида октябрь тўнтариши амалга оширилди. Бу тўнтаришнинг мувафақияти ўз-ўзидан бўлмаган. Бунга ташқи кучларнинг аралашуви зарур эди. Европа томонидан кўмак берилиб, хусусан Германия мафкуравий қўллаб-қувватлаган. Биласизми, Ленин Қуръонни ўрганган ва у Марказий Осиёда мустаҳкам оёққа туришни режа қилган. Унинг тарғиботларида айрим жиҳатларни кўришимиз мумкин. Германияда баъзи бир махфий учрашувларда биз шундай ҳужжатларни кўрдик.  Қуръоннинг “Оли Имрон” сураси 103-оятида “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг” дейилади. Лениннинг “Бутун дунё пролетарлари бирлашингиз” деган шиори бўлгани қайд этилган. Бу жиҳат Сталин даврида ҳам кузатилди. Яъни у Амир Темур шахсини ўрганиб, унинг қудрати, хусусан  “Темур тузук”ларига муккасидан кетгандан кейин мақбарани очди. Ўша вақтда режисёр Малик Қаюмов ўзининг интервьюсида “қабр очилганда атрофга мушки анбар ҳиди таралди” дейди. Бу ҳолатни “соҳибқирон эди, уни гулобларга чўмилтириб кўмишган” деб изоҳлашади. Бироқ бу асоссиз эди, зеро орадан беш ярим аср вақт ўтган, ҳайратланарлиси тана чиримаган эди. Асл ҳақиқат шундаки, улар мусулмонлар ҳақ эканлигини билишар эди. Ва бу ҳақиқат уларга оғир келишини ҳам англашган. Шу сабаб ботилнинг ҳақ устида ғалаба қозониши учун ҳаракат қилишган.

  Улар бу борада ўз мақсадига эришди. Сабаби,  одамлар орасида атеизмни тарғиб қиладиганлар кўпайди. Уларга бунинг учун яхши ҳақ тўланган ва имтиёзлар берилган. Таълим тизимидан то меҳнат жараёнларигача атеистик ғоялар сингдирилган, бунга қарши хатти-ҳаракатларга муросасиз муносабат бўлган. Бу жараёнларни суҳбатдошимиз ўз хотираларида шундай эслади.-Шу ўринда атеизмни кўрган инсон сифатида хотираларимга тўхталишга қарор қилдим. Ўша даврларда биринчи синфга борган болалар октябрятлар – “октябрь болалари” дейилган. Ленин расми туширилган кўкрак нишони таъқиб юрганмиз. Ва ҳатто “Ленин бобомиз бизнинг бобомиз” деган қўшиқ айтганмиз. Ҳозир мактабда биринчи дарс мустақиллик бўлса ўша даврда Ленинга бағишланган дарслар бўлган. Ўз аждодларимизни эмас Ленинни мақташган. Афсуски, “Ленин бўлмаганида бизда чироқ бўлмаган бўларди”, “Ленин сабаб ҳозир яшаяпсан бўлмаса қирилиб кетардинг” деган фикрлар ёш бола онгига сингдирилган.  Ўша даврда рўза саломатлик учун зарар деб баҳоланган. Ваҳоланки ҳозирда бутун дунё олимлари рўзанинг инсон саломатлигига қанчалик фойда эканлигини ҳаттоки рўза ойларидан ташқари ҳам рўза тутиш фойдаларини илмий асослаб беришди. Эсимда рўза ойларида мактабга келганимизда киришдан аввал 1 стакан сув ичиш мажбурий бўлган. Мақсад одамларни рўза тутмаслиги, рўза тутган бола мактабга кириб қолмаслиги бўлган. Тўртинчи синфдан бошлаб атеизм дарслари ўтилган. Шунингдек, атеизм тарғиботини янада кучайтириш учун ҳар бир синфхонада, ҳар бир дарсда доскани олдида “дин афюндир” деган ёзув бўлган. Ҳозирда мактабларимизда жонли бурчаклар бор. Бизнинг давримизда ана шундай бурчакларда динни қораловчи ёзувлар ва тасвирлар бўлган. Ҳаттоки, 1961 йилда Гагарин ойга чиққанида “Мана Гагарин ҳам осмонда Худони топа олмади-ку” дейишган.  Биргина дўппи кийиш ҳам ўша вақтда қаттиқ қаршиликларга учраган. Масалан, Андижонда икки одамнинг дўппи кийгани учун 15 суткага қамалгани айни ҳақиқат. Халқнинг динини, ўзлигини йўқотиш, манқурт каби сўзсиз итоат этувчи кимсага айлантириш коммунист раҳбарларнинг олий режаси бўлган.

Бу қаршиликлар болалар онгини заҳарларди. 

Ҳақли бир савол туғилади: ана шундай оғир вазиятда ҳам иймонини йўқотмаган, қандай йўллар билан бўлмасин ўзи ва оиласини исломий тарбиялаган инсонлар йўқмиди?

Ана шундай шароитда ҳам динидан воз кечмаган ота-боболаримиз бўлган. Ёшлигимизда диний сабоқларни яширинча олардик. Ҳаттоки, диний китобларнинг муқоваси ҳам бирорта мактаб дарслигининг муқовасига алмаштириб қўйиларди. Эслайман, хонтахтимиз тагида шолча бўларди. Эшик тақилласа шолча остидаги яширин жойга китобларни қўйиб қўярдик. Сабаби, сотқинлар олисда эмас ёнимизда, қўни-қўшнимизда бўлган. Агар билиб қолишса ота-она қамалган, болалар колонияга жўнатилган. Партия аъзоси бўлган отам, онаси вафот этганда жанозасига боролмаган. Ўшанда таъзияга келган одамларни ярим тунда қабул қилганмиз. Тунда чироқларни ўчириб ёнида ўтирган одам эшитадиган қилиб тиловат туширилган. “Мен ўзимни кечиролмайман, лекин сизларнинг келажагингиз бошқача бўлсин” деган отам мени диний таълимга беришга қарор қилганлар.

Ўша вақтларда бутун Ўрта Осиё миқёсида атиги иккита диний таълим муассасаси бўлган. Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида  таҳсил олдик. Ўшанда миллионлаб инсонлар орасидан йилига 10 нафаригина диний таҳсил учун қабул қилинарди. Араб давлатларига Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган қуроллар сотилган. Ўша даврда Араб давлатларидан вакиллар келганда гўёки “бизда тенглик бор, у қадар ваҳший эмасмиз” дегандек олиб бориб бизни кўрсатишар эди. Ўша вақтларда 80 та расмий масжид бўлиб,  қолганлари ахлатхона, отхона, қоғоз ва шиша қабул қиладиган бинолар бўлган. Ана шундай муқаддас даргоҳлар топталган. Кўплаб нодир асарлар ёқиб юборилган. Халққа араб тили, эски ёзувлар унуттирилган. Оилалар ўзининг аждодини билган, хонадонларда шажаралар бўлган. Ўшалар ҳам йўқ қилинган.

Бугун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ истиқлол имкониятларини ҳис этяпмиз. Ўтган тарих синовли йиллардан сўнг ўзлигимизни, динимизни ўрганяпмиз. Бироқ, ўша даврдаги атеистик сингдирилган фикрлар, амалга оширилган ишлар ўз таъсирини осонлик билан йўқотадими?! Бугун ҳам собиқ Иттифоқ даврида қолиб кетган салбий омиллар ҳаётимизга таъсир этаётгани айни ҳақиқат.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркистоннинг қулаши ва оммавий қатағонлар

406 21:05 01.10.2022

Укамни гўдаклигида холам эмизган...

692 20:10 01.10.2022

Ислом оламининг қадимий беш кутубхонаси

369 19:25 01.10.2022

Фиқҳнинг уммат орасида тарқалишига сабабчи бўлган тўрт саҳоба. Саҳобалар даврида фиқҳнинг ҳолати

380 17:55 01.10.2022

Мансур ибн Илёс Шерозий — нейрожарроҳлик асосчиси

292 17:15 01.10.2022

Қозоғистонлик депутатлар: "Россиянинг ўзи «сирпанчиқ» йўлда" 

523 15:55 01.10.2022
« Орқага