Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: «Шавкат Мирзиёев ўртадаги «девор»ларни бузди...»

5587

Тарихнинг айрим хатолари туфайли бир-биридан айро тушиб қолган ака-укаларнинг, опа-сингилларнинг қайтадан топишиши одамни нимага хурсанд қилмасин!

Узоқ йиллик айрилиқдан кейин қариндош-уруғлар орасида меҳр-оқибатнинг қайта тикланиши ва мустаҳкамлана бориши одамни нимага севинтирмас экан!

Бўлинганни бўри ер, дегандай, теварак-атрофдан еримизга, тупроғимизга, бойлигимизга душманона кўз олайтираётган етти ёт бегона давлатлар оғзини аждарҳодек очиб, битта-битталаб ютаман деб турган маҳал бу ака-ука, оға-ини мамлакатлар қутилиш бирлашишда ва куч бирликда эканини англаб етганию шу сабабдан бир-бирига талпинаётгани мени нега қувонтирмасин!

Биз туркийлар бошқа-бошқа халқлар эмасмиз. Биз ер юзининг жуда катта қисмига ёйилиб яшаётган битта халқмиз. Битта дарахтнинг турли шохларимиз ‒ танамиз битта, илдизимиз бир. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз, келгуси авлодларга ҳам етказиб кетишимиз керак.

Биз Туркистон халқлари Чор Ўрисиясига қарам бўлиб қолганимиздан кейин мустамлакачилик сиёсати таъсирида туркий бирдамлик туйғуларимиз олдин ўтмаслаштирилди, сўнг юракларимиздан суғуриб олинди. Узоқдагиларни қўйинг, қадимдан битта тупроқда ёнма-ён яшаб келган ака-ука, оға-ини элатлар ҳам бир-биридан ажратилди. “Сен бошқасан!.. Сен бошқасан!..” деб юз эллик йил узлуксиз мияларимизга қуйишди. Бир эдик, битта эдик, бешга бўлиб ташлашди.

Нима бўлди энди?

Энди улар бир четда қолиб ўзимиз: “Биз бошқа!.. Биз бошқа!..” дея бошладик. Ўрталаримизга симтўрлар тортиб: “Сеники у ёқ, меники бу ёқ!..” деяпмиз. Бир-биримизга дўстона боқмай қўйдик, бир-биримиздан ҳадиксираб-беганасираб муомала қиляпмиз. Шеваларимиз бир-биридан узоқлашяпти. Ёзувларимиз турлича бўлиб кетди. Борган сари умумий тарихимизни талашиб, тортишиб, нимталаб, ҳар ким ўзининг симтўри ичига тортқиламоқда.

Тасаввур қилинг: фитна-фасодлар билан битта оила аъзолари ўртаси бузилса, тотувлик йўқотилса, пароканда қилинса, ким ютади, ким ютқазади? Орани бўлганлар, бузганлар ютади, бўлинганлар, айрилганлар ютқазади. Яъни, Ўрисия ютди, Хитой ютди, дунё ютди, биз ютқаздик, жуда катта ютқаздик.

Чоризм ёки Совет даврини қўйинг, улар бизга душман бўлгани, устимизга бостириб келгани ва тўла босиб олгани учун ҳам бизнинг БИЗ бўлиб яшашимизни истамасди, бўлиб-майдалаб ташлашдан манфаатдор эди, бу тушунарли. Лекин мустақил бўлганимиздан кейин нимага бирлашмадик, бирлашолмадик?

Ислом Каримов юритган яккамоховчилик сиёсати бизни нафақат Туркия ёки Озарбойжон каби олис қариндошлардан, балки минг йиллардан бери қўни-қўшни бўлиб, ёнма-ён яшаб келган қариндошларимиздан ҳам узди. Ўзбекистон айланасига чегарага симтўр тортиб, ўртани миналаштириб, дўст-биродар, қуда-анда бўлиб, қонлари-жонлари қўшилиб кетган халқларимизни қилич билан бир-биридан айирди. Биринчи иқтидорнинг энг катта хатоси ва келажак олдида ҳам энг мудҳиш жинояти бу эди.

Туркий давлатларнинг биргалик тўплантилари илгари ҳам бўлиб турарди, лекин бу тўплантиларнинг биронтасига Ўзбекистон давлат ўлароқ қатнашмасди. Ўзи қўшилмасди, бошқаларнинг қўшилиб-бирикиб кетишига ҳам тўсқинлик қиларди.

Шундай аянчли манзарада Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги янги ҳокимият ўртадаги деворларни бузиб, бу бегонасираш кайфиятини дўстлик-биродарлик кайфиятига чевирганини бошдан-бош оқлаб-ёқлаб келяпман, ҳозир ҳам бутун борлиғим билан шундай йўналиш томондаман.

Тўғрисини айтганда, “Туркий тилли давлатлар кенгаши” иши Ўзбекистонсиз қандайдир эксик, қандайдир руҳсиз эди. Буни халқлар ҳам, давлатлар ҳам билиб турарди. Шавкат Мирзиёев бу эксикликни йўқотди Ўзбекистоннинг росмана қўшилиши билан бу Кенгаш иши жонланди, кучайди ва ўртадаги ясама тўсиқларни битта-биттадан олиб ташлаб, босқичма-босқич янги марралар сари илдамламоқда.

Айниқса, Туркияда бугун ва эртага бўлаётган навбатдаги тўплантида анча ижобий янгиликлар бўлиши кутилмоқда. “Кенгаш” оти “Иттифоқ”қа ўзгаради деган гап чиқди ‒ бу жуда ҳам қувонарли хабардир. Яқин келажакда сиёсий, иқтисодий, ҳарбий бирлашишлар ҳам юз берса, ажаб эмас. Қанийди, орамизда Оврупа иттифоқидай бир тузилма шаклланса! Турк давлатлари учун ягона пул бирлиги жорий эта олсак. Чегараларимиз очилса, борди-келдиларимиз осонлашса. Энг муҳими ‒ худди НАТО давлатларидай ҳарбий бирлик ҳам қура олсак.

Биламан ‒ жуда оғир. Биламан ‒ жуда қийин. Биламан ‒ дунё қараб турмайди, олқишламайди, аксинча, ҳар қандай имкондан фойдаланиб бундай бирлашишга тўсқинлик қилади. Аммо нафақат давлатларимиз, балки халқларимиз ҳам бир-бирига талпинса, ҳар қанақа хуружларга матонат билан туриб берса, эзгу ниятларимизга эришса бўлади, орзуларимиз ҳавойи орзулар бўлиб қолмайди. Халқда гап кўп. Халқ кучдир. Тилда, ҳуқуқда, фикрда бир бўлсак, бизни биров енголмайди.

Хуллас, мен Ўзбекистоннинг Турк давлатлари кенгаши ишида қатнашувини қўллаб-қувватлайман. Қариндош элатларни бирлаштириш йўлида қўйиладиган ҳар бир қадамни чин кўнгилдан олқишлайман. Бугун бошланган навбатдаги тўпланти ишларига ҳам муваффақиятлар тилайман.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, ёзувчи.
Azon.uz учун махсус

2021 йил нўябирининг 11-куни.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: битта мажлисда талоқнинг такрорланиши

393 22:05 24.01.2022

Қатағон қурбонлари: Носирбек тўқсабо Абдураҳимов

711 21:05 24.01.2022

Динимни ўрганаман: қазо рўза узлуксиз тутиладими ёки бўлиб-бўлибми?

454 20:10 24.01.2022

Исломий «Youtube» каналлар дайжести

239 19:30 24.01.2022

Ўзбекистоннинг яшаш учун қиммат давлатлар қаторидаги ўрни маълум бўлди

966 19:00 24.01.2022

Омикрон инсон танасига қандай кириши маълум қилинди

1074 18:30 24.01.2022
« Орқага