Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Нутқимизга сингиб кирган уятдан йироқ сўзлар 

2450

Метро вагонида китоб ўқиб кетяпман. Рўпарамда, афтидан, коллеж, ё лицейда ўқишса керак, 5 – 6 нафар йигитча қувноқ суҳбат қуриб кетишяпти. 
Кутилмаганда, улардан бири ўртоғига баланд овозда: «Фалонмисан?!» - дея эътироз билдириб юборди беҳаё ўрисча сўз қўллаб.

Йўловчилардан икки-уч киши улар томон бир қараб қўйишди-ю, ҳеч қайси бири индамади.

- Ҳой йигитлар, сўкинманглар. Бир чиройли ўзбек боллар экансизлар, бизга ярашмайди ундай гаплар, - дея койиб қўйган бўлдим мен.

Болалар пичирлашиб, танбеҳимни муҳокама қилишган кўринади, ҳалиги йигитча мен томон юзланиб:

- Сўкинганим йўғу, амаки, - деди жиддий оҳангда.
- Ўғлим, сен ишлатган ўша сўз жуда хунук, уят сўз. Маъно-мазмунини тушунмайдиган бўлсангиз ўрисча сўз ишлатманглар, - тушунтириш бердим мен.

Болалар яна ўша сўз маъносини паст овозда муҳокама қила кетишди.
 
Уларга қараб, ўйланиб қолдим. Ушбу мавзу бўйича бир ерда баҳс кўтарилган эди. Ўшанда мен: «Она тилимизнинг гўзаллигига путур етказмаслик мақсадида биз ўзбеклар, кези келганда, юртимизга «маданият келтирган»ларнинг «буюк ва қудратли» тилидан фойдаланамиз», - дея фикр билдирган эдим. 
Тўғрида, чунки ўша «маданиятли»лар нутқимизга шу қадар салбий таъсир ўтказиб юборишганки, уларнинг: «для связки слов», - дея ўзлари «оқлайдиган» кўплаб сўзларини, аслида беҳаё, уятдан йироқ сўзлар эканлиги ҳақида ўйлаб-нетиб ўтирмай, кўпчилик орасида ишлатишга одатланиб қолганмиз. Бу эса, мана марҳамат, авлоддан авлодга ўтадиган иллатга айланишга улгурди.

Шокир Долимов

УЛАШИНГ:

« Орқага