Жорий йилнинг 18 март куни Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш ходимлари билан учрашади. Тиббиёт фанлари номзоди, профессор Зарифбой Ибодуллаев ўзининг мазкур тадбирга таклиф қилинмаганини урғулаб, Президентга 14 банддан иборат ўз таклифларини йўллади.
Жумладан:
1. Тиббиёт институтлари ректорлари ҳар 5 йилда сайловдан ўтиб туришлари керак.
Ректорлик лавозимига номзодларни профессорлар ичидан муқобил сайловлар орқали кўрсатиш керак. Энг кўп овоз олган профессор номзоди ректор лавозимига тавсия этилиши лозим. Сўнгра бу номзод Президент Администрацияси ва Сенатда тасдиқдан ўтади. Ана шунда улар юқорига эмас, ОТМга хизмат қиладиган бўлади.
2. Тошкент шаҳрида «Психосоматик тиббиёт» илмий-тиббий маркази ташкил қилиниши керак. Унинг филиаллари Андижон, Бухоро, Фарғона, Хоразм ва Нукусда очилиши лозим.
3. Барча тиббиёт институтларида «Тиббий психология ва психотерапия» кафедралари ташкил қилиниши керак.
Ўзбекистонга камида 1 500 нафар «Тиббий психолог» кадрлар керак. Бизда бор-йўғи 100-120 нафардан ошмайди. Пандемиядан кейин кўпайиб кетган – невроз, депрессия, фобия ва психосоматик бузилишлар ҳамда суицид ҳолатларини айнан тиббий-психологик ёрдам орқали кескин камайтириш мумкин.
4. Тадқиқотчиларга илмий даража ва илмий унвонлар берувчи Олий аттестация комиссияси (ОАК) тугатилиши керак.
ОАК Ғарб давлатларида йўқ. Тайёр диссертациялар ёқланмай ОАКда ойлаб, баъзан йиллаб қолиб кетмоқда. Республика ОТМларида илмий салоҳият 50 фоиз атрофида эканига ОАК ҳам сабабчи.
5. Оммавий-ахборот воситаларида тиббий рекламаларга чек қўйилиши керак.
Бу рекламалар халқни миясини заҳарлаяпти, оғир руҳий жароҳат етказяпти, беморлар касалликларни ўтказиб юбориб бизга мурожаат қилишяпти, ҳақиқий тиббиётни обрўси тушиб кетяпти ва касалликлар сони ортяпти. Бунинг оқибатида инсон генофонди қаттиқ зарар кўриши табиий. Буни яқин келажак кўрсатади.
6. Давлат тасарруфидаги шифохоналар ҳам худди хусусий клиникалар каби энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар (МРТ, МСКТ, ПЕТ, доплер, ЭЕГ, рақамли рентген ва ҳ.К.) билан таъминланган бўлиши керак.
Бундай текширувлар халқ учун бепул бўлсин.
7. Тиббиёт ходимлари ойлик маошлари кескин кўтарилиши керак.
Врач ва ҳамшираларни ҳақорат қилган ҳар қандай шахс қатъий жазоланиши керак. Агар врач ташхис қўя олмай хатога йўл қўйса ва бу у ишлаётган шифохонанинг зарур тиббий анжомлар йўқлиги ёки илмсизлиги сабабли рўй берса, албатта, соғлиқни сақлаш тизими ва олий тиббий таълим масканлари раҳбарлари ҳам жавобгар бўлиши керак.
8. Коррупциядан тушаётган пуллар ва жарималар тиббиётни ривожлантиришга ва тиббиёт ходимлари ойлик маошларини оширишга йўналтирилиши керак. Чунки ҳар куни миллиардлаб пуллар талон-торож қилинаётганини ўқиймиз. Бироқ мусодара қилинган ушбу йирик миқдордаги пуллар қаерга кетаётганидан бехабармиз. Бунинг қонуний механизмини ишлаб чиқиш керак.
9. Суғуртали тиббиётга ўтиш масаласини тезлаштириш керак.
Бу масала негадир жим бўлиб қолди. Буни ҳам халқ учун оғриқсиз амалга ошириш керак. Ковид билан курашиб вафот этган тиббиёт ходимлари пул маблағлари тўла тўлаб берилиши лозим.
10. Барча тиббиёт институтлари ва илмий-тиббий марказлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидан чиқарилиши ва мустақил фаолият кўрсатишлари керак.
Ёш олимларнинг хорижий сафарлари ва малака оширишларини Давлат томондан тўлаб бериш йўлга қўйиляпти. Бу албатта яхши, бироқ бундай грантлар сонини яна-да ошириш керак.
11. Неврология Илмий маркази қурилишини тезроқ тугатиш керак.
Бу жараён негадир чўзилиб кетди. Ушбу институтда замонавий нейрофизиология, нейропсихология, сомнология, вегетоневрология, психофизиология, спинал хирургия, соматоневрология, ангионеврология бўлимлари ва лабораториялари бўлиши керак. Инсулт, ўсма, эпилепсия, паркинсонизм, спинал травмалар ва наслий касалликларни даволашнинг энг замонавий методлари бизда қўлланилиши керак. Бу йўналишлар учун ёшларни хорижга юбориб ўқитиб олиш керак.
12. Ўзбек фармсаноатини ривожлантириш керак.
Дорилар сифатсиз. Халқимиз ўзимиздан чиққан дорилардан кўра, хориж давлатлари дориларига кўпроқ ишонади. Бир неча йилдан буён ҳарбий можаролар кетаётган Украина дорилари, ҳатто, бизникидан сифатли. Шу боис, Ўзбекистонда чиқадиган барча дорилар мустақил экспертизадан ўтказилиши лозим.
13. Ўзбекистонда Россия ОТМлари филиалларини очишни тўхтатиш керак. Мен буни авваллари ҳам айтиб келганман. Иложи борича Ғарб давлатлари филиаллари очилиши ва барча ОТМларда инглиз тилини мукаммал билишни йўлга қўйиш керак.
14. Ёшларни оммавий равишда хорижнинг етук университетларига юбориб ўқитишни йўлга қўйиш керак. Бундай ишлар қилиняпти, бироқ бу жараён суст кетяпти. Бизга хорижда таълим олиб қайтадиган минглаб тиббиётчилар керак.