Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Одам бўлиш учун нима қилиш керак?

995

- Аммажон, мен одамманми? 

- Вой, у нима деганинг? Албатта одамсан-да.

- Сизам одамсиз-а? 

- Одамман, болам. Нега бунақа саволлар беряпсан? Тинчликми?

- Ўртоғимнинг дадаси одаммасакан... Кеча буваси айтди. «Сен одам бўлмайсан», деди... Одам бўлиш учун нима қилиш керак, амма?..

...Биз ҳеч ўзимизга шу оғир саволни берганмизми? Чиндан ҳам, одам бўлиш учун нима қилиш керак? Осонми одам бўлиш?  

Агар сен одам бўлсанг – ҳеч кимга (ҳайвоноту наботот оламига ҳам) зулм қилмайсан, озор бермайсан;

бировнинг ҳақ-ҳуқуқини, шаънини топтамайсан;

ўзингнинг ҳақ-ҳуқуқ ва шаънингни ҳам бировга оёқости қилдириб қўймайсан;

қўшнинг ёвғон ичиб ўтирган бир пайтда қозонингда гўшт қайнатмайсан;

бировни кўзи ёшли кўрсанг, олдидан безрайиб ўтиб кетавермайсан, «Нима дардингиз бор? Сизга ёрдам бера оламанми?» - дейсан;

маҳаллангдаги кексаларнинг олдидан қимматбаҳо машинангда кўча чангитиб ўтиб кетмайсан – тушиб саломлашиб, уларнинг дуосини оласан; 

ночорга елка тутасан;

йиқилганни тепиб ўтмайсан, суяйсан;

хорликда, қийинчиликда қолган бирининг олдидан «Менга нима!» - дея юз буриб ўтмайсан;

ҳатто душманингга ҳам орқадан пичоқ урмайсан;

золимлар билан муроса қилмайсан;

адолатсизларга бўйин эгмайсан;

ўнг юзингга урганга чап юзингни тутмайсан;

отангни ўлдирганга онангни бермайсан;

ҳақиқатнинг қотилларига қуллуқ қилмайсан;

бировнинг азасидан шод, бировнинг омадидан ношод бўлмайсан;

илтифотинг ёлғон, мулозаматинг сохта бўлмайди;

кибрга енгилмайсан; ҳасадга асир тушмайсан;

нонингни ҳалоллаб ейсан, ҳаққингни ҳалоллаб оласан;

бу дунёдан ожиз бир банда каби, ҳаддингни билиб яшаб ўтасан... 

Шу маъсум гўдакнинг «Мен одамманми?» - деган саволини ўз-ўзимизга бериб кўрсак, жавоби оғир келмасмикин... Нима дейсиз?

Дилфуза КОМИЛ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Сиз пулингизни нимага сарфлаяпсиз?

1397 21:00 19.06.2021

Мусулмон таксичи катта миқдордаги пулни эгасига қайтариб берди

2304 09:00 08.03.2021

Мен мушукка яхшилик қилдим, эгаси эса...

1212 20:30 01.03.2021

Қимматчилик ва тақчилликнинг сабаби фақат гуноҳларми?

1399 07:30 19.08.2020

Агар араблар йўқ бўлиб қолса...

4463 20:00 17.06.2020
« Орқага