Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Одоблар алифбоси (3-мақола)

590

5-одоб. Ёлғиз Aллоҳга таваккул қилиш ва ишларни Унга топшириш

Бу Aллоҳ таолони таниш ва Унга иймон келтиришнинг натижасидир. Зеро, Aллоҳ таоло Ўзига иймон келтирган бандаларини ҳимоя қилади. Aгар Aллоҳ таоло бир ишни ирода қилса, шубҳасиз у иш бўлади. Унинг иродасини қайтарувчи йўқ. Шунингдек, Aллоҳ таоло ўз бандасини барча ёмонликлардан, инсу-жинснинг макр-ҳийлаларидан ҳимоя қилишга қодир. Шундай экан мўмин киши ҳар ишда Aллоҳга суяниб, ёлғиз Унга таваккул қилиши лозим. Aллоҳ таоло Моида сураси 23-оятда “…Aгар мўмин бўлсангиз Aллоҳга таваккал қилинг”, дея марҳамат қилган.

Aллоҳ таолога таваккул қилган кишининг ҳаётида бир қанча ўзгаришлар содир бўлади. Масалан:

— Мўмин банда учун Aллоҳнинг кифоя қилиши. Aллоҳ таоло Ўзига таваккул қилган бандасини турли ёмонликлардан сақлайди. Зеро Aллоҳ таоло Қуръони Каримда айтадики: “…Ким Aллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг ўзи кифоядир”(Талоқ, 3). Демак ким Aллоҳга таваккул қилса Aллоҳ уни паноҳида асрайди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу борада ажойиб сўз айтганлар: “Ким Aллоҳга тақво қилса, Aллоҳ уни ҳимоя қилади. Ким Aллоҳга таваккул қилса, Aллоҳ унга кифоя қилади. Ким Aллоҳга чиройли қарз берса, Aллоҳ уни мукофотлайди. Ким Aллоҳга шукр қилса, Aллоҳ унга зиёда қилади”.

— Мўмин қалбининг қувватли бўлиши. Aллоҳга таваккул қилган киши ҳақ сўзни қўрқмай гапиради. Собитлик билан кишиларни яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтаради. Бу йўлда маломатчиларнинг маломатидан қўрқмайди. Чунки биладики, ҳеч кимса Aллоҳнинг изнисиз унга фойда ҳам зарар ҳам келтира олмайди. Ишонадики, ажал ҳам ризқ ҳам Aллоҳдан.

— Озиқ-овқат талабида меъёрда бўлиш. Чунки кишининг ризқ талабида қилган саъй-ҳаракатлари Aллоҳ белгилаб қўйганидан ошира олмаслигини билади. Шу сабабдан ризқ талабида ўзини ўққа-чўққа уравермайди, балки меъёрда ҳаракат қилади.

— Шариат белгилаган сабабларни бажариш. Чунки таваккул дегани ҳамма ишни Aллоҳга топшириб, ҳаракатсиз қолиш дегани эмас. Балки, таваккул шариат талаб қилган сабабларни амалга ошириб, натижани Aллоҳга топширишдир. Масалан, ўзидан солиҳ фарзанд қолдириши учун уйланади, лекин натижани Aллоҳга топширади. Ёки ҳосил олиш мақсадида яхши ер танлайди, уруғ экади, суғоради ва шу билан бирга ҳар иш Aллоҳнинг иродаси билан бўлишини ҳис қилиб натижани Унга топширади. Шундай экан, моддий сабабларни тарк қилиш таваккул дейилмайди. Сабабларни тарк қилиш таваккул эмас, суяниб қолиш ва алданишдир.

6-одоб. Aллоҳ таолога боғланиш.

Мўмин банданинг қалби доимо Aллоҳ таолога боғланган бўлади. Зеро мўмин киши Aллоҳга муҳаббатли бўлади, Унга таваккул қилади, Уни улуғлайди, Унга илтижо қилади, Ундан умид қилади ва Ундан қўрқади. Шундай экан кеча-ю, кундуз қалби Aллоҳга боғланган бўлади. Модомики қалб Aллоҳга боғланган экан, тана аъзолар ҳам Aллоҳнинг буйруқлари асосида ҳаракатланади.

Ким мана шу кўринишда Aллоҳга боғланса, Aллоҳ таоло барча ишларида унга ёрдамчи бўлади.

7-одоб. Aллоҳ таолога муҳтожлигини ва синиқликни изҳор қилиш.

Бир мўмин киши Aллоҳ таолонинг ҳикмати, қудрати, ҳар нарсадан беҳожат экани ва бошқа комил сифатлари ҳақида мушоҳада қилар экан, ўзининг нақадар ожизлигини, нуқсон ва камчиликларга тўла эканини, заиф ва муҳтож эканини ҳис қилади.

Инсон ҳар ишда Aллоҳга муҳтож. Ҳатто бир лаҳза ҳам Ундан беҳожат эмас. Шундай экан мўмин киши Aллоҳга ҳорликни, синиқликни, муҳтожликни изҳор қилмоғи даркор.

Бунинг натижасида мўмин ҳаётида бир нечта самаралар ҳосил бўлади. Масалан:

— Инсонлар орасида тавозели бўлиш. Мўмин киши Aллоҳ ҳузурида ҳеч нарса эканини ҳис қилса, инсонлар орасида ҳам кибр қилмайди. Ўзини катта олмайди. Балки, Aллоҳ таолога синиқлиги натижасида инсонларга ҳам тавозеда бўлади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бизга Бухорий керакми ёки беодоб тиктокерми?

1189 18:30 09.07.2021

Одоблар алифбоси (6-мақола)

710 20:45 08.06.2021

Одоблар алифбоси (5-мақола)

510 18:00 31.05.2021

Одоблар алифбоси (4-мақола)

651 14:35 27.05.2021

Бемор зиёрат қилишнинг одоблари

1360 15:00 16.05.2021
« Орқага