Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

ОИТС билан қирқ йил: 1 декабрь орттирилган иммунитет танқислиги синдроми куни

1332

Вирус сўзини эшитган киши бирор юқумли касаллик ёки замонавий технологияларда учрайдиган дастурий вирусларни тушунади. Дарҳақиқат, дунёда ҳеч бир инсон бу каби вируслардан тўлақонли ҳимояланган эмас. Чунки вирус кўринмас ҳолатда юқади ва унга қарши иммунитет шакллантирилмаса, инсон ҳаётига зомин бўлиши ҳам мумкин.

Бугунги кундаги долзарб мавзулардан бири бу коронавирус эканлиги барчамизга аён. Лекин бу инсоният тарихидаги биринчи хавфли касаллик эмас. Илк бор 1981 йилда аниқланган ОИТС касаллиги мамлакатимизга 1987 йилда кириб келган эди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, эпидемия аниқланганидан бугунги кунга қадар дунё бўйлаб 80 миллионга яқин киши ОИВ инфекцияси билан касалланган бўлиб, бу рақам ҳар йили 2 миллион 700 минг нафарга ошиб бормоқда. Ўтган давр мобайнида қарийб 36 миллион нафардан ортиқ киши ушбу касалликдан вафот этган.

Шунингдек, одамларда ОИТС (ёки СПИД) деса, қўрқув пайдо бўлади. Тиббиёт мутахассисларининг билдиришича, бу касаллик инсон ҳаёти учун хавфли ҳисобланса-да, лекин ОИВ инфекцияси юққан киши доимий назоратда бўлиб, тиббий муолажаларни олиб турса, ундаги вируснинг атрофдагиларга юқиш даражаси камайиши билан бирга беморнинг барқарор саломатликка эришиши ҳам мумкин бўлади.

Жаҳон олимларининг таъкидлашича, бугун «ОИТС – аср балоси», «Ўлимга олиб борувчи касаллик» сингари  қўрқинчли, ваҳимали иборалар аллақачон эскирди. Негаки, ҳозирги тиббиёт шу қадар ривожланганки, даволаниб юрган бемор худди соғлом кишилардек сифатли ҳаёт кечириши, узоқ умр кўриши мумкин. Муҳими, вақтида шифокорга мурожаат қилиб, касалликка кечиктирмай ташхис қўя билишдир. Шунингдек, бу нафақат орттирилган иммунитет танқислиги синдромига, балки бошқа касалликларига ҳам тегишли бўлиб, давоси топилган, унга қарши вакцина ишлаб чиқилган ҳар қандай касалликни енгиш мумкин. Муҳими, имкон қадар касалликнинг олдини олиш ёки дастлабки асоратлар сезилганидаёқ, шифокорга мурожаат этиш ҳисобланади.

ОИТСга чалинган кишиларнинг ҳаёт тарзи, коронавирус пандемиясининг уларга таъсири ва шу каби масалалар бўйича маълумот топиш мақсадида интернет тармоғида қидирув олиб борганимизда, 17 йил аввал айнан ОИВ инфекцияси билан касалланган фарғоналик ҳамюртимизнинг фикрларини ўқиб қолдик. У COVID-19 юртимизга кириб келган вақтда бироз қўрққани, лекин шифокорлар тавсияси билан ушбу касалликнинг ҳам енгил ўтганини таъкидлаган.

«Иммунитети заиф одам касалликларга тез чалинади. Бу ҳолат нафақат ОИВда, балки сил ва яна бошқа касалликларда ҳам кузатилади. Билишимча, коронавирус, асосан, иммун тизими заиф ва турли сурункали касалликлари бор кишиларда оғир кечади. Шуни ҳисобга олиб, мен бошида бироз қўрқдим, нимагаки, 17 йилдан бери ОИВ билан яшайман ва силнинг кучсиз шаклига ҳам чалинганман. Ҳар доим эҳтиёт бўлиб юраман, пандемия сабаб эълон қилинган карантин шароитида ҳушёрликни яна ҳам кучайтирдим. Тўғри, ОИВ билан яшаётганларга коронавирус алоҳида хавф солмаслигини биламан. Бироқ агар бу вирусни юқтириб олсам, даволанишим қандай кечади, деган савол жавобсиз эди ва мазкур масала мени хавотирга соларди. 2021 йилнинг март ва май ойларида коронавирусга топширган тестим ижобий чиқди. Шунга қарамай, касаллик жуда енгил ўтди. Шифокорларнинг тавсияси билан уй шароитида даволаниб, тузалдим. Ҳозир ишонч билан айтишим мумкинки, ОИВ билан яшаётганлар коронавирус учун алоҳида хавф гуруҳидагилар ҳисобланса-да, бу касаллик уларга алоҳида муаммо туғдирмайди», – деган у.

Дарҳақиқат, аввало ҳар қандай касалликнинг олдини олган афзал. Бунинг учун эса соғлом турмуш тарзига, гигиенага риоя қилиш, спорт билан шуғулланиш ва зарарли одатлардан воз кечиш лозим. Агар бирор касалликка чалинса ҳам, бемор дарҳол муолажаларни олиб, соғлигига алоҳида эътибор қаратиши керак. Зеро, соғликда мунтазам муаммо бўлса, бошқа ишлардаги муваффақиятлар татимаслиги мумкин.

Ҳозирги кунда юртимизда қанча бемор ОИВ инфекцияси билан касалланганини аниқлаш ҳамда ушбу хасталик юққанларнинг ҳолати бўйича маълумот олиш мақсадида Республика ОИТСга қарши кураш маркази билан боғландик. Қўнғироғимизга жавоб берган ходим бугун иш вақти тугаганлигини, эртага ёзма шаклда мурожаат қилсак, саволларимизга жавоб беришини айтди. Ваҳоланки, бу вақтда соат миллари эндигина 15:40 ни кўрсатаётган эди! Сўнгра ўзимиздаги саволларга ОИТСга қарши кураш марказининг расмий саҳифаларидан жавоб олармиз деган умидда spid.uz сайтига кирганимизда ундаги ўзбек тилидага маълумотлар 2018 йилдан бери янгиланмагани, рус тилидаги янгиликлар ҳам сўнгги марта 2021 йилнинг август ойида чиққанлигига гувоҳ бўлдик. Бундан давлат органларининг электрон шаклда фаолият юритиши тўғрисидаги қонун Республика ОИТСга қарши кураш марказига тегишли бўлмаса керак, деган мулоҳазалар келиб чиқади.

Нима бўлганда ҳам, ОИТС оддий касаллик эмас. Унга қарши нафақат касалланган одам, балки атрофдагилар, шу жумладан жамоатчиликка хизмат кўрсатувчи фаолият тури билан шуғулланадиганлар (сартарош, шифокор ва ҳоказолар) ҳам санитария талабларига амал қилиши керак. Чунки вирус – кўринмас ёв. Ундан ўзимиз ва атрофдагиларни муҳофаза этиш учун ҳар биримиз соғлом турмуш тарзига асосланган ҳолда яшашимиз лозим.

Ҳамидуллоҳ Али

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

АҚШ Афғонистоннинг миллиардларини қайтарадими?

67 12:50 16.08.2022

Измир соҳилларида 65 муҳожир қутқарилди, юзлаб муҳожирлар ҳибсга олинди

67 12:20 16.08.2022

Қирғизистонда биринчи “Халқ қурултойи” чақирилади

139 11:45 16.08.2022

Ғарбнинг буюклари пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида...  

338 11:15 16.08.2022

Ўзбекистонда «Имом Бухорий» ордени таъсис этилади

199 10:55 16.08.2022

«Тез ёрдам» машинасида сув ташиган ҳайдовчига чора кўрилди

180 10:35 16.08.2022
« Орқага