Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Олимларнинг илмга чанқоқлиги шундай эди...

1440

Талабаларда илмга қаттиқ рағбат бўлмаса, имом Шофеийдек олимлар чиқмайди. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Кучли имон ва сабр билан динда имомликка етишиш мумкин” (Ибн Таймия. “Мажмуъул фатава”).

Аллоҳ таоло бизга фойдали дуо қилишни ўргатиб айтади: “Улар: “Парвардигаро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин”, дейдиган кишилардир” (Фурқон сураси 74-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо оят тафсирида айтади: “Бизларни яхшиликда эргашиладиган имомлар қилгин” (Ибн Касир. “Тафсирул Қуръонил Азим”). Шубҳасиз, тақводорларга имом бўлиш учун кўп машаққатлар тортиш лозим, олийлик сари интилган киши кечалари бедор бўлади.

Камбағаллик ва ночорлик имом Шофеийнинг “Шофеий” бўлишига тўсқинлик қила олмади. Суфён Саврийнинг фақиҳ ва муҳаддис бўлишига тўғоноқ бўла олмади (Имом Заҳабий. “Тазкиратул хуффаз”).

Суфён Саврий айтади: “Илм олишга киришганимда: “Эй Раббим, илм олимлар ўлиши билан кетиб қоляпти, илм ўқийман, ризқимни ўзинг етказгин”, дедим. Аллоҳ таоло мени солиҳа, тақводор онам сабабли ризқлантирди. Онам: “Болам, илм олавер, ўзим сени ип йигириб боқаман”, дедилар” (Абу Нуайм. “Хулятул авлиё”).

Онаси ип йигириб рўзғор тебратарди, ўғлига китоб-дафтарга пул бериб турар, кўп насиҳат қилиб илм­га қизиқтирарди. Бир сафар ўғлига шундай деганди: “Ўғилгинам, ўнта сўз ёзсанг, ўзингни текшириб кўр: Аллоҳдан қўрқинчинг, ҳалимлигинг, виқоринг ортаяптими-йўқми? Агар илминг ортган сари тақвонг ортмаса, бу илм сенга фойда эмас, зарар беради”.
Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ шундай солиҳа аёл тарбиясида улғайди. Онаси назоратида олим бўлди. Бу она тақвосининг самараси эди.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади: “Саҳобалардан бирининг бир ҳадис айтаётгани ҳақидаги хабар етди менга, туя сотиб олиб бир ойлик озуқа билан йўлга тушдим. Шомга бориб суриштирсам, у Абдуллоҳ ибн Унайс экан. Уйига бориб: “Жобир келганини хабар беринглар”, дедим. “Жобир ибн Абдуллоҳми?” деди. “Ҳа”, дедим. У чиқиб мени қучоқлаб олди. “Бир ҳадис айтаётган экансан, ажал келиб қолишидан қўрқдим”, дедим” (Бухорий. “Адаб ал-муфрад”, Аҳмад “Муснад”).

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу ҳам битта ҳадис эшитиш учун – Мисрга Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу ҳузурига боради. Туядан тушиб ҳадис эшитади-ю, орқага қайтади (Аҳмад, Абдурраззоқ ривояти).

Асад ибн Фурот раҳимаҳуллоҳ моликий фақиҳ бўлиб, Қирвон қозиси эди. У талабалик даврини шундай эслайди: “Мадинага бориб имом Моликда таълим олдим, сўнг Ироқда Муҳаммад ибн Ҳасан дарсларига қатнашдим. Дарсда минглаб талабалар қатнашарди, одам кўплигидан савол сўрай олмасдим. Бир кун шайхнинг олдига бориб: “Мен мусофирман, пулим ҳам кам, талабалар кўплигидан саволларимни бера олмаяпман, бирор чора йўқми?” дедим. Шайх: “Кундузи вақтим йўқ, кечаси сенга вақт ажратаман”, деди. Кечаси бир ўзимни қабул қилди, олдига бир идишда сув қўйиб олди, дарс айта бошлади, мени уйқу элитса, идишдаги сувдан юзимга сепарди. Шу аҳволда бир неча ой дарс қилдик, шайхдан кўп нарса ўргандим”.

Асад ибн Фурот раҳимаҳуллоҳ имом Молик фиқҳи билан чегараланиб қолмай, ҳанафий фиқҳини ҳам эгаллади. Чунки, толиб ҳеч қачон илмга тўймайди. Тирик экан, илм ўрганаверади.
Доримий Товус ибн Кайсондан мурсал ҳадис ривоят қилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўралди: “Эй Расулуллоҳ, қайси инсон энг олим ҳисобланади?”. “Одамларнинг илмини ўз илмига қўшган – олим. Толиби илм илмга ташна бўлади, ҳеч тўймайди”, деб жавоб бердилар”.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ кечаси туриб, чақмоқтош билан чироқни ёқиб, хаёлига келган фикрни ёзиб қўярди. Ҳамхоналари бир кечада йигирма марталаб турганини айтишган (Ибн Касир. “Бидая ван ниҳая”).

Умар ибн Хафс Ашқар айтади: “Басрада Бухорий бир неча кун дарсга келмади, уни излаб уйига борсак, кийими йўқлигидан яланғоч экан. Бир дирҳам пул йиғиб унга кийим олиб бердик, у яна дарсга бора бошлади” (Хатиб Бағдодий. “Тарихи Бағдоод”).

Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ умрида фақат икки кеча дарс қилмаган экан: биринчиси – отаси ўлган кеча, иккинчиси – уйланган кечаси.

Жоҳиз китоб мутолаасига қаттиқ берилган эди, қўлига тушган китобни ўқимай қўймасди. Илмга чанқоқлигидан китобларни жавони билан ижарага олиб ўқирди (Заҳабий. “Тарихул ислам”).
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: “Болалигимда ҳадис дарсида устозга яқин ўтириш учун эрта кетардим. Онам мени қучоқлаб оларди, бомдод азони айтилганидан кейингина қўйиб юборарди” (Заҳабий. “Сияру аъламил нубала”).

Ажабо, ёш бола бомдод азонидан олдин дарсга борса, онаси раҳми келиб қучоқлаб олиб ўтирса! Ўша давр талабалари илмга шўнғиб кетганларидан кўп нарсалардан ҳам воз кечган! 

Абдураҳмон ибн Абу Хотим айтади: “Мисрда етти ой ўқидик, бирор марта шўрва ичмадик. Кун бўйи шайхлардан дарс эшитардик, кечаси ёзганларимизни солиштириб дарс қилардик. Бир куни дарсга борсак, шайхимиз касал экан, қайтишда йўлда балиқ сотиб олдик. Уйга қайтганимизда бошқа дарс вақти бўлиб қолди, балиқ пиширишга вақт бўлмай, дарсга кетдик. Уч кун ўтса ҳам балиқ пиширишга вақт бўлмади. Балиқ айниб қолмасин деб хомлигича едик. Жон роҳати билан илмга эришиб бўлмайди” (Заҳабий. “Сияру аъламил нубала”).

Бой талабалар фақир шерикларига кўп эҳсон қиларди. Яҳё ибн Маин раҳимаҳуллоҳга оталари бир миллион дирҳам мерос қолдирган эди. Ҳаммасини илм учун сарфлаб юборди, кийишга шиппаги ҳам қолмади (Миззий. “Таҳзибул камол”).

Ибн Ҳайсам раҳимаҳуллоҳ бир неча кашфиётлар эгаси бўлишига қарамай, камтарона ҳаёт кечирарди. Амирлардан бири унга кўп мол-дунё бермоқчи бўлди, аммо, олим рад этди. Бир хизматчи билан бир кунлик озуқасига қаноат қиларди, холос (Заҳириддин Байҳақий. “Татиммату суванил ҳикма”).

Тусий раҳимаҳуллоҳ Аббосий халифалар ҳузурида обрўси баланд эди. Вазирлардан бири унга ҳасад қилиб, туҳмат билан қаматиб юборади. Аллома қамоқда фалакиёт ва математика фанларига оид шоҳ асар ёзади. Асари уни машҳур қилиб юборади.

Ибн Халдун шундай ёзади: “Хилватда теран фикрлар, фасоҳатли сўзлар қуйилиб келарди, уларнинг энг сараларини танлаб олдим”. 
Ибн Халдун она шаҳри Андалусдан илм излаб чиқиб, йигирма беш йил ўтибгина қайтиб келади!

Ибн Байтор (646 йилда вафот этган) илм излаб бутун Ислом оламини айланиб чиққан. Юнонистон, Рим давлатларида бўлиб, илмни мусулмонлардан ҳам, ғайридинлардан ҳам ўрганган. У Юнонистонда ботаниклар билан бирга тажрибалар ўтказган, кейинчалик, ўзи мустақил ботаника билан шуғулланган (Муқрий. “Нафхут тиб”).


(давоми бор)
“Ислом ва олам” китобидан Бекмуҳаммад Алибоев таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ғарбнинг буюклари пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида...  

802 11:15 16.08.2022

Афғонистонлик олимлар юртига қайтмоқда

1092 20:52 30.05.2022

Нега мусулмонлар дунёдан ортда қолган? Ёхуд янглиш тушунча ҳақида икки оғиз сўз...

2425 03:55 21.04.2022

Ўзбек олимлари янги резонанс заррачани кашф қилишди

1287 17:44 11.03.2022

Перуда қурбонлик қилинган болаларнинг қадимий мўмиёланган жасадлари топилди

1580 12:55 15.02.2022

Олимлар парацетамолни кўп қабул қилишнинг зарарини айтишди

1392 14:20 10.02.2022
« Орқага