Саҳобалар, тобеинлар, солиҳлар илм ҳақида шундай фикрларди, олимларини ҳурмат қиларди, қадри баланд деб биларди. Ирқи, насли, жинси, мансабидан қатъи назар, олимларни иззат-икром қилишарди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг ёши кичик бўлса ҳам саҳобалар жуда ҳурмат қилишарди, кўзларига тик қарамасди. Вафот этганида ёши ўттиз бешдан ошмаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зот ҳақида “Ҳалол-ҳаромни энг яхши билувчи Муоз ибн Жабалдир”, деганлар (Термизий, Ибн Можа ривояти).
Тобеин Абу Муслим Хавлоний айтади: “Дамашқ масжидига кирсам, ёши улуғ саҳобийлар ҳалқа бўлиб илм мажлиси қилишаётган экан, кўзларига сурма қўйган, оппоқ тишли бир йигит уларнинг саволларига жавоб берарди, унинг жавобига ҳеч ким эътироз билдирмасди. Ёнимдаги кишидан бу ким деб сўрадим, у “Муоз ибн Жабал”, деб жавоб берди” (Имом Аҳмад ривояти).
Муоз ибн Жабал ёш йигит бўлса-да, ёши улуғ саҳобалардан ҳеч ким унга сен ёшсан деб эътироз билдирмасди. Чунки, улар илмнинг фазилатини билиб, аҳли илмнинг ҳурматини жойига қўярди (Заҳабий. “Тазкиратул хуффаз”).
Зайд ибн Собит жаноза ўқиб бўлганидан сўнг у кишига хачири келтирилди, Ибн Аббос хачирнинг узангисини ушлаб турди. Зайд: “Эй Расулуллоҳ амакисининг ўғли, узангини қўйворинг”, деди. Ибн Аббос: “Олимларни шундай ҳурмат қилишга буюрилганмиз”, деди (Муттақий Ҳиндий. “Канзул уммол”).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳума Зайд ибн Собитни илми учун ҳурмат қилиб, уловининг узангисини ушлаб турди. Бу илм аҳлига бўлган катта ҳурмат белгиси эди.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Олимнинг ҳақи унга кўп савол бермаслик, жавобда уни қийнаб қўймаслик, чарчаганида безовта қилмаслик, турганида кийимидан тутмаслик, унга бировларнинг сирини фош қилмаслик, унинг олдида бировларни ғийбат қилмаслик, унинг айбини изламаслик, хато қилса, узрини қабул қилишдир. Олим, модомики илмига амал қилар экан, Аллоҳ учун ҳурмат қилинади, унинг олдида беодоблик қилинмайди, бирор эҳтиёжи бўлса, имкон қадар хизмат қилинади. Олим кечалари қойим, кундузлари соим бўлган мужоҳиддан афзалдир. Агар бир олим вафот этса, ўша минтақа динида кемтиклик пайдо бўлади, уни янги олимдан бошқаси боса олмайди” (Абу Ҳомид Ғаззолий. “Иҳёу улумид дин”).
Имом Ғаззолий “Иҳёу улумид-дин” китобида ёзади: “Устознинг ҳақи ота-онанинг ҳақидан улуғроқдир. Чунки, ота-она фоний дунё сабабчиларидир, устоз эса боқий дунё сабабчисидир. Устоз охират илмлари муаллимидир”.
Ибн Муборакдан сўрашди: “Кимлар инсонлар?” “Уламолар”, деб жавоб берди. “Кимлар подшоҳлар” деб сўралди, “Зоҳидлар” деб жавоб берди. Имом Ғаззолий изоҳ беради: “Инсонлар олимлар дейилишининг сабаби ҳайвондан илм билан ажралиб турганидир, шу сифати билан азиздир. Инсон кучи билан азиз эмас, чунки туя инсондан кучли. Инсон катталиги билан азиз эмас, чунки, фил инсондан каттадир. Инсон шижоати билан азиз эмас, чунки йиртқич ҳайвон инсондан шижоатли. Инсон ейиши билан азиз эмас, чунки, ҳўкиз бу борада инсондан устун. Инсон жимо (жинсий яқинлик) билан азиз эмас, чунки кичкина чумчуқ инсондан кўп жимо қилади. Инсон илм учунгина яратилгандир” (“Иҳёу улумид-дин”).
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Катталарни улуғламаган, кичикларга раҳм қилмаган, олимларнинг қадрини билмаган менинг ҳақиқий умматим эмас” (Имом Аҳмад, Ҳоким ривояти).
Мусо алайҳиссаломнинг Хизр алайҳиссалом билан кечган қиссалари илм ва олимни ҳурмат қилишга ёрқин мисолдир. Мусо алайҳиссалом “улул азм” пайғамбар бўлсалар ҳам “Мусо унга: “Сенга билдирилган билимдан менга ҳам тўғри йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?” деди” (Каҳф сураси 66-оят). Хизр алайҳиссаломнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйдилар, изн сўрадилар, тавозе кўрсатдилар.
Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳума ўғлига насиҳат қилиб шундай деган: “Эй ўғлим, олимлар билан ўтирганингда, кўп гапирмай, кўп эшит, чиройли сукут сақлаб ўтиришни ва чиройли эшитиб ўтиришни ўрган, ҳеч кимнинг гапини бўлма ва сўз беришмагунча сўзлама”.
Мусулмонлар шу тариқа олимлар ҳурматини сақлашди, уларнинг қадри баланд бўлди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўн олти ёшида дарс ўқитганида минглаб инсонлар уни тингларди.
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтади:
Гар қавмнинг кичиги олим бўлур,
Мажлис йиғилганда кабир ўлур.
Олимларнинг ҳурматини амирлар, султонлар ҳам жойига қўярди. Шунинг учун уммат бошқалардан азиз, бахтли эди.
Мўминлар амири Сулаймон ибн Абдулмалик икки ўғли билан ҳажга борди. Маккада ҳажга алоқадор айрим масалаларни билмай қолишади. Шунда масала сўраш учун Ато ибн Абу Рабоҳ ҳузурига йўл олдилар.
Олим намоз ўқиётган эди. Улар намозни тугатгунча кутиб туришди. Намозини тугатгач, саволни бердилар. Олим ўтирган жойида уларга жавоб берди, ортиқча мулозамат қилмади. Саволларига жавоб олишганидан сўнг қайтиб кетишди. Бир неча кундан сўнг халифа ўғиллари билан суҳбатлашиб ўтирганида шундай деди: “Эй ўғилларим, илм излашдан чарчаманглар, бир қора қулнинг олдида хор бўлиб турганимиз ҳануз эсимдан чиққани йўқ” (Ибн Жавзий. “Сифатус софва”).
Халифа Маъмун наҳв олими Фаррони икки ўғлига муаллим қилиб тайинлади. Бир куни, навбатдаги сабоқдан сўнг, икки шаҳзода устозининг оёқ кийимини тўғрилаш учун талашиб қолди. Бирмунча тортишувдан кейин ҳар бири бир дона оёқ кийимини тўғрилаб қўйишга келишди. Бу хабар халифага етиб борди. Халифа Фаррони ҳузурига чақиртириб, сўради: “Инсонларнинг энг азизи ким?”. Фарро жавоб берди: “Амирул мўмининдан азизроқ кишини билмайман”. Шунда Халифа деди: “Энг азиз инсон шундай кишики, ўрнидан турганида шаҳзодалар оёқ кийимини тўғрилаш учун уришиб кетади”. Фарро хижолат тортди: “Эй мўминлар амири, мен уларни тўхтатмоқчи бўлдим, лекин яхши ишдан қайтарган бўлиб қолмай, шариат қизиқтирган ишдан тўсиб қўймай дедим”. Халифа деди: “Агар қайтарганингизда, сизни айбдор ҳисоблаб жазолардим, улар қилган ишлари билан пастга тушганлари йўқ, балки қадрлари ошди, қалбларининг салимлиги билинди. Киши уч нарсада ҳеч қачон манманлик қилмайди: султонга, отасига, устозига ҳурмат кўрсатишда...”
Халифа Маъмуннинг жавоби ўша даврда Ислом умматининг илмга ва олимларга қандай эътиборда бўлганини билдиради. Халқ ҳам, раҳбарлар ҳам илм ва аҳлини эъзозларди. Дарҳақиқат, олимлар энг азиз инсонлар эди, уммат олимларини қадрлар, иззат-ҳурматини жойига қўярди. Олимлар йўл кўрсатувчи чироқ эканини ҳамма яхши биларди, омманинг бу тушунчаси инсониятга “Ислом ҳазораси” деган улуғ ҳазорани берди.
Таржимон: Бекмуҳаммад Алибоев
(давоми бор)