Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланмоқда

1492

Кеча Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлисида «Реклама тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди. Ушбу муҳокамада Azon.uz мухбири ҳам иштирок этди. Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Муҳокамада амалдаги қонунчилик ҳужжатларида умумий тусга эга бўлган ва ишламайдиган нормалар мавжудлиги, улар реклама фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмаганлиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўплаб ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлаётгани таъкидланди.

Маълум бўлишича, 2021 йилда реклама соҳасида 15 486 та қонун бузарлик ҳолати аниқланган.

Янги таҳрирдаги қонунга қонуности ҳужжатлар нормалари ҳам киритилган. Қонунга амалиёт ва хорижий тажриба таҳлили асосида рағбатлантирувчи реклама акцияларини ташкил этиш ва ўтказишга оид нормалар киритилган. Хусусан, тегишли мукофот фондисиз рағбатлантирувчи реклама акцияларини ўтказиш тақиқланмоқда.

Ўзбекистон ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилиши, қўшимча равишда унинг таржимаси бошқа тилларда такрорланиши мумкинлиги белгиланмоқда. Қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда рекламага қўйиладиган талаблар кучайтирилиб, янги нормалар киритилмоқда.

Хусусан, дарсликлар ва дафтарларда реклама жойлаштириш, реклама нархларини хорижий валютада кўрсатиш, ахлоқ ва маънавиятнинг умумқабул қилинган нормаларига зид келувчи шакл, ибора, ва образлардан фойдаланиш, товарнинг асосий хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни истеъмолчидан яшириш тақиқланмоқда.

Шунингдек, айрим турдаги реклама воситалари орқали реклама тарқатишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланмоқда. Жумладан, телеканаллар эфирида тарқатилаётган рекламанинг умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати учун йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмас. Давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланмоқда. Сенаторлар муҳокама жараёнида қонунда баён этилган айрим моддаларнинг амалиётга татбиқ этилиши билан боғлиқ ҳолатларга ҳам эътибор қаратди.

Муҳокама давомида Azon.uz мухбирининг «Ойнайи жаҳон орқали берилаётган рекламаларда ахлоқсиз кўринишлар кундан-кунга ортиб бормоқда, буни олдини олиш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?» деган саволига тегишли мутахассис юқорида кўриб чиқилган қонунда бу масала ҳам кўрилганлиги, қонун тасдиқлангач бу борада жиддий тақиқлар қўйилиши ҳақида маълумот берди. 

Шунингдек, мажлисда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти ҳам эшитилди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Кекса аёл ҳам фириб берса-я...

2982 18:00 19.02.2020

Бангладешда кўкрак сути банки очилмасиданоқ ёпилди

1869 19:00 07.01.2020

Қуръонда сут сири кашф қилиниши

3623 10:00 24.04.2019

Ҳазрат Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳ ва ризқнинг қадри

2037 15:00 17.04.2019
« Орқага