Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ота-боболаримиз нега Истанбул орқали Ҳажга боришган? Ускудордаги қадим хонақоҳдан репортаж

3827

Туркиянинг энг оммабоп газеталаридан бири «Yeni Şafak»да «Ислом шаҳарларини бир-бирига боғлаган ўзбек такяхоналари (хонақоҳлари)» сарлавҳали мақола чоп этилди. Унда Усмонийлар халифалиги даврида Каъбатуллоҳ зиёратига – Ҳаж ва Умрага борадиган ўзбеклар учун бунёд этилган ҳонақоҳлар ҳақида сўз боради.

Марказий Осиё ва ҳозирги Россияда яшовчи мусулмонлар ўтган асрларда зиёратга бориш ва қайтиш учун иккита асосий йўлдан фойдаланганлар. Улардан бири Афғонистон, Эрон ва Ироқ орқали Ҳижозга боғланган бўлса, иккинчиси Қора денгиз орқали Истанбулга, кейин Бурса, Коня, Адана, Ҳалаб ва Дамашқ орқали Қуддусга, сўнгра Ҳижозга (ҳозирги Саудия Арабистонига) борган. Туркистонлик мусулмонлар Истанбулни кўриш имкониятини берувчи бу иккинчи йўлни афзал кўришади. 

Истанбулдан ташқари йўл бўйидаги барча йирик шаҳарларда жойлашган ўзбек хонақоҳларида зиёратчиларнинг барча эҳтиёжлари бепул таъминланган. Меҳмонхоналарда нафақат зиёратчилар, балки камбағал ва муҳтожлар ҳам жойлаштирилиб, уларда турар-жой, миниш учун улов, кийим-кечак, озиқ-овқат, хуллас ҳамма зарур шароит муҳайё қилинганди.

Ўзбек такяхоналари, шунингдек, муҳим алоқа ва ахборот занжири бўлган. Машаққатли сафарлардан сўнг Қуддусга етиб келган ўзбекистонлик зиёратчилар бу ердаги ушбу махсус бунёд этилган жойда кутиб олинган ва Ҳижоз томон кузатилган. Қуддуси шарифдаги Масжид ул-Ақсонинг шимолий тарафида жойлашган ўзбеклар хонақоҳи бугунги кунда ҳам обод манзиллардан биридир, дейилади мақолада.

Биз ҳам шу занжирни ўрганиш мақсадида Ускудор туманидаги Ўзбек такясига бордик. Мақсад – ота-боболаримиз қадами теккан жойларни зиёрат қилиш, ушбу табаррук даргоҳ билан яқиндан таниш эди.

Ускудор – Истанбул шаҳрининг Осиё томонида жойлашган. Бу ерни Осиё қитъасининг энг чекка ғарбий ҳудуди деса бўлади. Мармар ва Қора денгизларни боғлаб турувчи Босфор бўғози ёқасидаги тепаликлардан иборат туман. Тепаликлар яйдоқ эмас, балки қалин манзарали дарахтлар кўкка бўй чўзиб турган, яшиллик оғушидаги жойлар... Деярли ҳар кўчада аҳоли дам оладиган хиёбонлар бор. 

Кемадан соҳилдан тушиб, чап томон озроқ юрдик ва Султонтепага қараб чиқа бошладик. Тахминан уч юз метр юргач, қаршимизда ёғочдан қурилган қадимги бино пайдо бўлди. Иккиланиб қўнғироқни босдик. Эшик очилди. Ичкарига киришимиз билан кўхна тарих бағрига тушиб қолгандай ҳаяжон босди. Қанча вақт ўтмасин, такя ҳовлиси асл кўринишида сақлаб қолинганига гувоҳ бўлдик.

Бизни кутиб олган киши – Истанбул Тадқиқот ва Таълим Вақфининг (İSAR) Ихтиссос Маркази раҳбари Юнус Шарбатчи очиқкўнгил, истарали ва айни пайтда тарихдан яхшигина хабардор экан. Юнус Шарбатчи бизга ушбу даргоҳнинг ўтмиши-ю бугунги куни ҳақида батафсил сўзлаб берди.

– Ислом халифалиги Усмонийларга ўтгач, жумла дунёдаги мусулмонлар қатори туркистонликлар ҳам Истанбулга келишга иштиёқманд бўлган, дея ҳикоя қилади Шарбатчи. – Чунки шаҳар халифаликнинг пойтахти, бу ерда халифанинг ўзини ҳам зиёрат қилиш мумкин эди. Қолаверса, султонликдаги ҳамма – амалдорлардан тортиб оддий кишиларгача ота-боболарингизни ота-юртдан келган меҳмон сифатида кутиб олиб, алоҳида ҳурмат кўрсатган. Халифа ва бошқа раҳбарлар уларга Макка ва Мадинага етказиш учун чироқ мойи, гул суви (атир) каби ҳадялар берган. 

Зиёратчилар Қора денгиз орқали келган кемаларидан тушгач, мана шу тепаликни ўзларига маскан тутиб, чодир тикишган. Уларнинг чодирлари рангли бўлгани сабабли маҳаллий аҳолиникидан фарқ қилар ва шу боис кўзга яққол ташланиб турарди. 

Мараш волийси Абдулла пошшо шу атрофдан ўтиб кетаётиб чодирларни кўриб қолади. “Ким булар?” деб сўрайди. Унга “Туркистонлик Ҳаж йўловчилари” деб жавоб беришади. “Ие, ота юртимиздан келган мусофирларни шундай қолдиряпмизми? Яхши иш бўлмабди...” дейди ва Султон III Мустафодан изн олиб, 1753 йилда шу такяни қурдиради.

Даргоҳда сақланаётган ҳужжатларга кўра, мусофирларнинг аксари Туркистоннинг турли шаҳарларидан – Тошкент, Қўқон, Самарқанд, Бухоро, Кошғар, Марғилон, Андижон, Наманган, Қоракўл ва Ўш шаҳарларидан, ҳатто Уйғуристоннинг Кўҳна Турфон деган еридан келишган экан. Меҳмонлар кўпайиб кетса, шу яқин атрофда жойлашган Афғон такясига юборишган. 

Хуллас, Истанбулда тўртта ўзбеклар такяси бўлган, бугунги кунгача уларнинг учтаси сақланиб қолган. Ҳаж йўлидаги кишилар бу ерда яхшилаб дам олгач, бироз наридаги Совутли чашма деган жойда ҳамма билан хайрлашиб, кемаларга ўтириб йўлга чиқишган. Ўша ер ҳалигача Ҳарам деб аталади. 2013 йили бу даргоҳ реставрация этилгач, музей қилиш режалаштирилаётган эди. 

- Биз “Азалдан бу ер маърифат, илм, ирфон маркази бўлган, шунинг учун бундан бу ёғига ҳам ана шу мақсадда фойдаланайлик”, дея таклиф киритдик, дейди Юнус Шарбатчи. - Раҳбарлар рози бўлишди. Шу тариқа ўн йилдан бери шу ердамиз. Қадриятларни давом эттириш мақсадида байрам кунлари ва қандил (Исломий муборак) кечаларда ўзбекча ош қилиб, талабаларимизни меҳмон қилиб турамиз. Ўзбекистондан меҳмонлар келса, бош устига дея, кутиб оламиз.

Мезбондан изн олиб, атрофни кўздан кечирамиз. Ҳовлининг чап тарафидаги айвонларни кўриб, беихтиёр Бухоро ё Самарқандга ёки Қўқонга келиб қолдимми, деган ўйга борасиз. Ўзимизнинг ёғоч устунли ва тўсинли айвонлар кўринишида қурилгани ҳайратга солади. Айвон деворларига шайхларнинг ҳикматли сўзлари араб алифбосида ёзилган экан. Айвон деразасидан қабристон кўриниб турибди.

–  Бу ерда давлатингизнинг биринчи президенти дафн этилган, – деди Шарбатчи. Ҳайрон бўлиб қолдим. Мезбон яхшироқ тушунтирди: – Юз йил олдин Бухорода давлат қурилган экан. Ўшанинг раҳбари Усмон Хўжа ўғли. 

–  Бу ерни айланиб бўлайлик, чиқиб фотиҳа ўқиймиз, – дейман қизиқишим ортиб...

Ҳовлининг орқа тарафи ҳам чуқурлик бўлиб, у томон Булбулдара деб номланар экан. Номига мутаносиб равишда Булбулдара ҳам дарахтзорлардан иборат бўлиб, бир замонлар бу ерда булбуллар сайраб турганини тасаввур қилиш қийин эмас. Ҳовли ўртасида қудуқ қазилган. Унинг ёнида эса сув сақланадиган омбор бор. Турклар уни “сарнич” деб атайди. 

Биринчи кирган хонамиз зикр қилинадиган жой экан. 250 йил давомида уч марта реставрация қилинган даргоҳда тарихий руҳ, яъни аслият сақланиб қолганига тан берасиз. Ўзи шу реставрация ишиния турк қардошларимиздан ўрганиш керак, деб ўйлайман. Турклар қанча маблағ ва вақт кетмасин, иморатларни имкон қадар тарихий кўринишида қайта тиклашга ҳаракат қиларкан. Ўзимизнинг мутахассислар реставрацияни шундай қилишадики, тарихий обида замонавий бинога айланиб қолади. Бу жудаям ачинарли ҳол рости.

Зикрхона юқорисида такянинг масжиди жойлашган. Масжидда ўзбекларнинг ўша даврга хос кулоҳлари, тасбеҳлари сақланар экан. 

Асосий бинога кирдик. Уч қаватли бинонинг дерезасидан қарасангиз, Босфор бўғози манзараси кафтда тургандай яққол кўзга ташланади. Хоналарда дарслар кетаётгани эшитилиб турибди. Бу ерда одатда университетни тамомлаган ёшлар уч йил давомида араб ва инглиз тилларини чуқур ўрганишаркан. Уларни безовта қилгимиз келмади. 

Юнус Шарбатчининг тушунтиришича, ҳар битта хужранинг тахмонида чўмилиш учун махсус жой қилинган. Унинг қопқоғи бўлиб, кундузи устига кўрпа ва ёстиқлар тахлаб қўйиларкан.  

Биринчи қаватдаги деворлардан бирига араб ёзувида “Миннатдорлик мактуби” битилган. Ундан мазкур даргоҳни 1844 йили Султон Абдулмажидхон (Иккинчи Абдулҳамидхоннинг отаси) таъмирлатиб бергани ва хонақоҳ дарвешлари унга чиройли тилак ва дуолар ила мактуб йўллагани англашилади. 

Ўзбеклар такяси Нақшбандия тариқатининг Холидия йўналиши билан боғлиқ бўлган. Одамлар бу ерда ҳар душанба ва пайшанба кунлари кечқурун, бошқа маълумотга кўра, ҳар ҳафта жума намозидан кейин йиғилиб, зикр қилишган. Такяда яшаган барча дарвешлар кун давомида тинимсиз меҳнат қилиб, тирикчилик учун маблағ топишган.

Хонақоҳнинг аксарият шайхлари ҳам ҳунармандчилик билан шуғулланган. Улардан бирининг каштаси ҳатто султон Абдулазизхон (1861 – 1876) эътиборига тушиб, сарой учун сотиб олингани айтилади. Султон Абдулҳамидхон II даврида ҳам даргоҳ тикувчилари сарой учун буюртмалар олар экан.

Даргоҳда яна бир диққатга сазовор ҳужжат сақланади. Бу Иккинчи шайхулисломнинг 1294 йил 7 шаъбонда (1877 йил 17 август) барча шайхларга йўллаган буйруғидир. Ўша йил 24 апрелда Россия – Туркия уруши бошланган эди. Шайхулислом ўз мактубида шайхларга ҳар куни такяда тўпланиб, мусулмонларнинг омонлиги ва ғалабаси ҳамда ғайридинлар, яъни русларнинг мағлубияти ва ҳалокати учун намоз ўқиш ҳақида кўрсатма берган. 

Мазкур даргоҳнинг туркияликлар учун алоҳида қиймати ва аҳамияти бор экан. 

Боиси, Биринчи жаҳон урушида мағлуб бўлган Усмонийлар халифалигини 1919 – 1922 йилларда Британия, Франция, Италия ва Юнонистон давлатлари босиб олган. Ўша даврда Истанбул Британия мустамлакачилари ишғоли остида эди. Кўчаларда ҳатто уч киши бирга юриши ҳам тақиқланган. Ана шундай бир пайтда эрксевар турк қўмондонлари учун Ўзбек такяси махфий тўпланадиган пакка бўлган. Улар бу ерга қурол-яроғ ва аскарлар тўплаб, ярим тунда яширинча Онадўлига (Туркиянинг шарқий ҳудуди) юборишган. “Қуртулиш саваши” (Озодлик жанги) мана шу ердан бошланган ва турклар босқинчиларга қарши мардонавор курашиб, золимларни турк тупроқларидан қувиб чиқаришга муваффақ бўлган. Шунинг учун ҳам Отатурк 1925 йилда барча такяларни ёптириб, уларнинг бинолари эса бошқа вақф ва ташкилотларга бериб юборган бўлсада, Ускудордаги ўзбеклар хонақоҳининг фаолияти давом этишига қаршилик қилмаган экан. 

Қимматли маълумотлар учун Юнус Шарбатчига миннатдорчилик билдириб, ташқари томондаги қабристонга ўтдик. 

Бир қатор шайхлар, дарвешлар орасида ётган Усмон Хўжа ким?

Усмон Хўжа — давлат ва жамоат арбоби. Бухородаги жадидчилик ҳаракати намояндаси. 1908 – 1912 йилда Истанбулда ўқиган. Бухоро Халқ Совет Республикаси тузилгач, Усмон хўжа Молия нозири (1920), Давлат назорати нозири (1921), БХСР Марказий Ижроия Кўмитасининг дастлабки раиси (1921 йил август — 1922 йил бошлари) сифатида ишлаган.

Усмон Хўжа БХСРдан совет Россиясининг қизил аскарлари олиб кетилиши ҳамда Бухоронинг мустақиллиги учун изчил курашди. У 1922 йилдан шўролар билан алоқасини узиб, Кобулга келгач, рус босқинчиларига қарши курашиш учун Афғонистон амири Омонуллохон билан шартнома имзолаган (1922 йил 29 апрель). У Бухоронинг миллий армияси учун хорижий давлатлардан қурол-яроғ сотиб олишга ҳаракат қилади. Аммо ниятига етмайди. Усмон Хўжа ва унинг рафиқаси Ҳакима хоним қабри бошига бориб, Қуръон тиловати ва дуолар қилдик. 

Ускудордан қайтар эканмиз, Истанбулга зиёратга келадиган ҳамюртларимизни мана шу даргоҳга йўллантиришни ният қилиб қўйдим. Зеро, бу ҳам тарихимизнинг бир парчаси, уни кўриб, ибрат олиш, мужоҳид боболар ҳақига дуолар қилиш бизнинг зиммамиздаги бурч саналади. 

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz’нинг Туркиядаги махсус мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Путиннинг ҳаракатларида ватанга хиёнат аломатлари бор» — Санкт-Петербург депутатлари амалдорларга қарши курашмоқда

199 16:35 27.01.2023

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди муносабат билдирди

528 15:58 27.01.2023

Human.uz раҳбар ва ижодий гуруҳини «орган ходимлари» олиб кетди

604 15:35 27.01.2023

Эрондаги Озарбайжон элчихонасига ҳужум уюштирилди

253 15:05 27.01.2023

Эрон хакерлари сиёсатчилар ва журналистларга тобора кўпроқ ҳужум қилмоқда

186 14:20 27.01.2023

Германияда Россия фойдасига жосусликда гумон қилинган шахс ҳибсга олинди

240 13:50 27.01.2023
« Орқага