Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ота-онамиздан-да меҳрибон Зот

914

(Фотиҳа сурасининг иккинчи ояти)

“Ар-Роҳманир Роҳим” – У Раҳмон ва Раҳимдир. 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ушбу оятни тафсир қилиб айтадиларки, “Роҳман” сифати фақат Аллоҳга хос бўлиб, барчага – кофирга ҳам, мўминга ҳам меҳрибон, уларнинг барчасига ризқ ва неъмат берувчи маъносини англатади. Роҳман сифатини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга нисбатан ишлатиб бўлмайди. “Роҳим” сифати эса хосроқ бўлиб, қиёмат куни фақат мўминларга раҳм қилувчи, деган маънони англатади. Роҳим сифатини Аллоҳдан бошқаларга нисбатан ҳам ишлатиш мумкин. “Аллоҳнинг хулқи ила хулқланинглар” деган маънодаги асарга биноан уламолар ҳар бир банда раҳмли бўлишга уриниши лозим дейишган. 

Аллоҳ раҳмли, марҳаматли Зот. Аллоҳнинг раҳмати шу қадар кенгки, Ўз раҳматининг бир қисминигина ер юзига туширган. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга “Сиз Аллоҳнинг раҳмати ила уларга (одамларга) мулойим бўлдингиз”, дейди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом махлуқотларнинг энг раҳмлиси ҳисобланадилар. Аммо у кишининг меҳрибонликлари Аллоҳнинг раҳмати олдида жуда кичик бўлиб қолади. Онанинг фарзандига бўлган раҳматини тасаввур қилинг. Нафақат инсониятда, ҳайвонларда ҳам раҳм-шафқат туйғулари мавжуд. 

Фикримизга далил ўлароқ доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг “Аллоҳнинг гўзал исмлари” китобидаги бир мисолни келтирсак. Жанубий қутбда яшайдиган пингвинларни тасаввур қилинг. Соатига тахминан юз километр тезликда эсаётган совуқ шамол пайтида ҳаво ҳарорати минус эллик даражага тушиб кетади. Мана шу машаққатли ҳолатда она пингвин тухум қўяди. Ота пингвин эса тухумларни оёқлари остига олиб деярли қимирламай тўрт ой тик туради. Энг асосийси, бу муддат ичида умуман овқатланмайди. Чунки агар тухум бир оз муддат бўлса-да совуқда қолса нобуд бўлади. Тухум очиб чиққач эса эркак пингвин ўзининг жиғилдонида сақлаб қўйган озуқаларни кичик пингвинчага едира бошлайди. Бу ҳолат то она пингвин денгиз сафаридан қайтгунига қадар давом этади. Бу шунчаки бир мисол, холос. Ер юзидаги бошқа жонзотлар ҳақида ҳам тафаккур қилиб кўринг. Улардаги раҳм-шафқат туйғулари ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган эмас. Инсоният ва ҳайвонот оламидаги бу раҳм-шафқат туйғуси Аллоҳ раҳматининг бир кичик бўлаги, холос. Ота-она фарзандига шу қадар меҳрибон экан Аллоҳнинг раҳмати нақадар буюк эканини тасаввур қилиш мушкул. 

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз айтадилар: “Аллоҳ таоло Ўз раҳматини юз қисмга бўлиб, ундан тўқсон тўққизтасини Ўзида олиб қолган. Ер юзига эса бир қисминигина нозил қилган. Ерга нозил қилинган ана шу бир қисм раҳмат туфайли махлуқотлар бир-бирларига раҳм қиладилар. Ҳатто бия ўз боласига озор бермаслик учун оёғини кўтариб сут беради”. 

Умар ибн Хаттоб айтадилар: “Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига бир гуруҳ асирлар олиб келинди. Асирлар орасидаги бир аёл безовталаниб ниманидир изларди. Ниҳоят асирлар орасидан ўз фарзандини топган аёл уни қўлига олиб, бағрига босди ва эмиза бошлади. Шунда Набий алайҳиссалом бизга савол бердилар: “Мана шу аёл ўз боласини оловга ташлайди, деб ўйлайсизларми?”. Биз: “Йўқ, асло ундай қилмайди”, дедик. Пайғамбаримиз шунда: “Мана шу аёл ўз фарзандига нисбатан нақадар меҳрибон бўлса, Аллоҳ таоло бандаларига нисбатан унданда меҳрибонроқ”, дедилар.

Демак биз “Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн, Ар-роҳманир роҳим” деганда, бандаларига ўз ота-онасиданда меҳрибон, ниҳоятда шафқатли Зотга ҳамд айтаётганимизни ҳис қилишимиз даркор. 

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Каховка ГЭСи: қурбонлар ҳақида расмий маълумот берилди

992 18:12 08.06.2023

Тожик мигрантлари муаммолари, Лавровнинг ташрифи ва ЕОИИ масаласи

1067 15:35 08.06.2023

Ўзбекистон – Истанбулдаги анжуман диққат марказида

707 13:07 08.06.2023

Канада: мусулмонлар мактабдаги  ЛГБТ дарсларига қарши чиқишди

1391 10:32 08.06.2023

Мадина шаҳри 2023 йилги Ҳаж мавсумига тайёр

729 09:49 08.06.2023

Эрон гипертовушли ракета ишлаб чиқарувчи дунёдаги тўртинчи давлат бўлди

1477 15:30 07.06.2023
« Орқага