Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Пахтакор» стадионида тақиқланган фаолият реклама қилинди. Масъуллар сукутда

4707

Кеча Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Россияга қарши баҳс олиб борди. Учрашув 0:0 ҳисобидаги натижа билан якун топди.

Ўзбекистон ва Россия футбол терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувида букмекерлик компанияси рекламаси намойиш этилди. Бу орқали жонли эфирда ўйинни кузатаётган миллионлаб аудиторияга ҳам қимор рекламаси тарғибот қилинди (расмда тарғибот бўлиб қолмаслиги учун рекламанинг айрим қисмлари ўчирилганди). Табиийки, бу ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан бирор масъул ташкилот ҳозирга қадар лом-лим демади. 5-6 соат давомида масъул ташкилотлар телефон рақамларини кўтармади, кўтарганлари ҳам бошқа манзилга тушганимизни айтишди. Излаб-излаб, Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати масъули билан боғландик. Салом-аликдан сўнг, кечаги ўйин ҳақида гап очишимиз билан, масъул ходимнинг кайфиятида кескин ўзгариш пайдо бўлди: “Сиз саккизинчи одамсиз, нимага энди “Пахтакор” стадиони, Футбол ассоциацияси ёки бошқа ташкилот эмас, вазирлик жавоб бериши керак. (4-5 та ташкилот номини айтиб) Сиз мен айтган ташкилотларга телефон қилинг изоҳ сўранг, агар беришмаса мен айтаман, беришади”, деди. Орада низо чиқмаслиги сабаб алоқани уздик.

Шундан сўнг, “Пахтакор” стадиони билан боғланишга уриндик. Бироқ сайтда ёзиб қўйилган телефон рақамга қўнғироқ қилганимизда бошқа жойга тушганимизни айтишди. Кейин эса, Футбол ассоциацияга телефон қилдик. Улар айни дамда матбуот хизматида ушбу масала юзасидан изоҳ берадиган масъул айни пайтда ишхонада йўқлигини маълум қилишди.

Аслида, «Реклама тўғрисидаги» қонуннинг 46-моддасига кўра, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, шу жумладан, телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар рекламасига йўл қўйилмайди. Бироқ кечаги ўйинда, очиғи, қонун бузилди, масъуллар уни менсишмади. Энди эса, “отангга бор, онангга бор” қабилида иш тутилмоқда. Бунга изоҳ берадиган мард топилмаяпти.

 Қонун ишламаса уни чиқаришдан нима наф?

Ҳолат юзасидан ҳуқуқшунос Соҳиба Ҳамидова қуйидагича фикр билдирди: «Стадионда реклама қилинган ташкилот — бу Россия ва Қозоғистонда қонуний фаолият юритувчи энг йирик даромадли букмекерлик компанияси ҳисобланади. Бош офиси Россияда жойлашган бўлиб, Россия футбол терма жамоасининг расмий ҳомийсидир. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 16 августдаги 176-сонли «Қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан “2007 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни (шу жумладан, тотализаторлар) ташкил этиш ва ўтказиш (тиражли, бир лаҳзали ва рақамли лотереялардан ташқари); қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш тақиқланган. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддаси ва Жиноят кодексининг 278-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш ёки хизматлар кўрсатишга кўмаклашиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, уни кўпайтириш, тарқатиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига кўра, қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулот тўғрисида ахборот тарқатиш тақиқланади. Бундан кўриниб турибдики, нафақат букмекерлик фаолияти билан шуғулланиш, балки уни реклама қилиш ҳам қонунларга зиддир», — дейди ҳуқуқшунос.

Кўриниб турибдики, футбол ўйини пайтида Ўзбекистон Республикаси қонуни очиқдан-очиқ бузилди. Бунга жавоб берувчи ташкилот эса “топилмади”. Ўзбекистон терма жамоасига Россиянинг кўпчилиги ёшлар, биринчи марта терма жамоада майдонга тушган футболчилари билан ўйин қандай фойда келтиргани бизга қоронғу. Бироқ бизнинг қонунларимизни кўра-била туриб бузиши ва энг аламлиси, бунга жазо берилмаслигини билган мутасаддиларнинг қилиғи оддий фуқароларнинг аччиғини келтириши, шубҳасиз. 

Баҳринисо Мадумарова

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Испаниядаги Украина элчихонасида портлаш уюштирилди

335 18:50 30.11.2022

Хитойнинг собиқ раҳбари вафот этди

547 16:55 30.11.2022

Ғарб ва ривожланаётган атеизм

757 15:05 30.11.2022

Россиядаги сафарбарлик ва ўлим сонининг ортиши

446 14:42 30.11.2022

Бухарестдаги НAТО саммити: «Биз Путиннинг ғалаба қозонишига йўл қўймаймиз»

345 13:40 30.11.2022

Қандай жирканчлик. Яна бу одамлар бағрикенглик ҳақида гапиришади-я!

2453 12:50 30.11.2022
« Орқага