Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Пандора ҳужжатлари» дунё раҳбарларининг қаллобликларини фош қилади

1046

Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр, Украина президенти Владимир Зеленский, Иордания қироли Абдулла II ибн Ҳусайн, Кения президенти Ухуру Кенята ва бошқа ўнлаб ҳозирги ва собиқ жаҳон раҳбарлари, шунингдек, нуфузли миллиардерлар солиқ тўлашдан қочувчи компаниялар билан боғлиқлиги аниқ бўлиб қолди.

3 октябрь, якшанба куни Халқаро суриштирувчи журналистлар консорциуми (ICIJ) дунё раҳбарларини оффшор схемаларга жалб қилиш эҳтимоли ҳақидаги “Пандора ҳужжатлари”ни чоп этди. ICIJ 100 дан ортиқ миллиардерлар, 35 дунё раҳбарлари ва 400 ҳукумат амалдорларининг оффшор битимларини фош қилди. Журналистлар бу воқеани тарихдаги энг катта офшор маълумотларининг фош этилиши деб аташган. Файлга дунёнинг 117 мамлакатидан 600 дан ортиқ журналистларнинг ҳисоботлари киритилган. Улар ахборотларнинг сизиб чиқиши туфайли олинган 11,9 миллиондан ортиқ ҳужжат маълумотларини таҳлил қилишган.

Бунгача махфий ҳужжатларнинг энг катта сизинтиси 2016 йилда чоп этилган “Панама архивлари” эди. Унда турли мамлакатларнинг кўплаб ишбилармонлари ва сиёсатчилари тилга олинган. Уларнинг барчасида Панамада рўйхатдан ўтган компаниялар ёки маҳаллий банк ҳисоблари бўлган. Мазкур Кариб денгизи давлати оффшор юрисдикция ҳисобланади ва маҳаллий тадбиркорларнинг маълумотлари одатда яхши ҳимояланган бўлиб, бу бойларни жалб қилади. Ахборотларнинг фош бўлиши маҳаллий рўйхатга олиш компанияси Mossack Fonseca томонидан маълумотларнинг тарқатиб юборилиши натижасида мумкин бўлди. Тергов кўплаб шов-шувли истеъфолар ва жиноий ишларга сабаб бўлган эди.

“Пандора ҳужжатлари”нинг маълумотларига кўра, оффшор тизимдан фойда олишни тугатишга ёрдам бериши лозим бўлган кучли сиёсатчилар ўз активларини яширин оффшор компаниялар ва фондларда яшириш орқали фойда олишган. Шу билан бирга, ҳукумат жиноятчиларнинг бойиб кетишига ва мамлакатларнинг қашшоқлашишига олиб келадиган ноқонуний пул оқимларини тўхтатиш учун жуда кам ҳаракат қилмоқда. Оффшор ҳисоблар кўпинча маблағларни яширин бошқариш ва эгасининг ҳақиқий бойлигини яшириш учун катта маблағ ўтказиш учун ишлатилади.

Терговлар шуни кўрсатдики, дунёнинг 35 собиқ ва ҳозирги раҳбарлари, шунингдек, бутун дунё бўйлаб 330 давлат амалдорлар оффшор ҳисоблар ёки компаниялар билан боғлиқ бўлган. Журналистлар Покистон, Голландия, Бразилия молия вазирлари, шунингдек Мальта ва Франциянинг собиқ молия вазирлари ва Халқаро валюта жамғармасининг собиқ раҳбари Доминик Стросс-Кан билан боғлиқ алоқаларни топишган.

Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр ўнлаб йиллар давомида солиқ тўлашдан бўйин товлаганини очиқчасига қоралаган эди. Аммо у ва унинг рафиқаси, “Пандора ҳужжатлари”га кўра, Баҳрайн саноат ва туризм вазири Зайд бин Рашид Аз-Заёнийдан оффшор кўчмас мулк компаниясини сотиб олгандан сўнг, қиймати 8,8 миллион долларлик бинога эгалик ҳуқуқини қўлга киритишга муваффақ бўлишган. ... Улар бинонинг ўзини эмас, балки компаниянинг акцияларини сотиб олишгани Блэр ва унинг рафиқасига мулк солиғи бўйича 400 минг доллар тўламаслик имконини берган.

«Пандора ҳужжатлари»да Владимир Зеленскийнинг ҳам номи пайдо бўлган. У Украина президенти лавозимига киришишдан олдин, Британ Виржиния оролларида рўйхатдан ўтган оффшор компаниянинг улушига эга эди, дейилади тергов файлида.

2019 йил апрель ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонишидан бир ой олдин, Зеленский ўз дўсти ва бизнес шериги, ҳозирда Украина президентининг биринчи ёрдамчиси Сергей Шефирга «Maltex»даги ўз улушини сотди. 2019 йил июль ойидаги ҳужжатларга кўра, Шефир Зеленский маъмурияти аъзоси бўлганидан кейин ҳам «Maltex»даги улушини сақлаб қолган. На Шефир, на Зеленский кўплаб далилларга изоҳ бермаган.

Суриштирув объекти бўлган яна бир киши - Чехия бош вазири Андрей Бабиш 2017 йилда ҳокимиятга келганида коррупцияга қарши курашишга ваъда берган эди. “Пандора ҳужжатлари” шуни кўрсатадики, 2009 йилда 3,4 миллиард доллар маблағи бўлиб, Форбс миллиардерлари рўйхатига киритилган Бабиш иккита бассейнли ва кинотеатрли уй сотиб олиш учун бир қанча офшор компаниялар ҳисобига 22 миллион доллар ўтказган. Чехиянинг Investigace.cz портали журналистлари ёзишича, на бу оффшор компаниялар, на сарой Бабишнинг мулкка эгалик декларациясида қайд этилмаган. Чехия бош вазири бу маълумотга изоҳ бериш талабига жавоб бермади.

Бундан ташқари, матнда Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ал Соний Британ Виржиния оролларида рўйхатдан ўтган, Лондонда ҳашаматли кўчмас мулк сотиб олган иккита оффшор компания билан боғлиқлиги қайд этилган. Бу уйнинг нархи тахминан 110 миллион долларни ташкил қилади. Қатар расмийлари бу маълумотга ҳозирча изоҳ беришмаган. Ливан бош вазири Нажиб Миқотий, ундан олдинги Ҳасан Диаб ва мамлакат Марказий банки раҳбари Риёд Саламий ҳам «Пандора ҳужжатлари»да тилга олинган.

Журналистларга кўра, улар ўз маблағларини Ливанда иккинчи йил молиявий-иқтисодий инқироз кучайган бир пайтда оффшор ҳисобларга жойлаштирмоқда. Шунингдек, ҳужжатларда Лотин Америкаси давлатларининг учта амалдаги президенти номлари келтирилган: Чили президенти Себастян Пинера, Эквадор раҳбари Гилермо Лассо ва Доминикан Республикаси президенти Луис Абинадер. Улардан ташқари, матнда ушбу мамлакатларнинг 11 собиқ раҳбарлари, шунингдек, Лотин Америкасининг 90 юқори мартабали сиёсатчилари, санъаткорлари, диний жамоалар раҳбарлари ва миллионерларнинг исмлари бор.

Ёқуб Умар тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага