Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Пайғамбар алайҳиссаломни тушда кўриш ҳақида

2774

Сўнгги пайтларда халқимиз орасида, айниқса, ижтимоий тармоқларда Пайғамбар алайҳиссаломни тушда кўриш ҳақидаги турфа хил фикрлар, мулоҳазалар кўпайиб қолди. Ҳатто айрим кишилар томонидан Пайғамбар алайҳиссалом кимнингдир тушига кириб, айрим аҳли илмлар ва солиҳ инсонлар ҳақида башорат берганлари иддао қилинди. Ўйлашимизча, бундай гапларнинг тез тарқалиши ва кўпчиликнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлиши, бу пайғамбаримизга бўлган эътибор ва муҳаббатдан ва шу билан бирга бу борадаги илм ва маълумотнинг камлигидан десак хато бўлмайди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими айни шу мавзуда қуйидаги мақолани эълон қилди.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда туш ва унга тегишли масалалар баён қилинган. Шариатимизда яхши тушлар мўминга башорат сифатида қабул қилинади, лекин туш далил-ҳужжат бўла олмайди. Фақат пайғамбарларнинг тушларигина ваҳий сифатида эътиборга олинади. Улардан бошқа одамларнинг рост тушлари амал қилиниши шарт бўлган иш эмас, балки келажакдаги бирор яхшиликдан башорат бўлади, холос. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, зид келса, қатъий амал қилинмайдиган ишдир.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўриш ҳам рост тушлардан ҳисобланади. Ҳаётда шайтон у зотнинг суратига кира олмагани каби, тушда ҳам суратларига кира олмайди. Ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алаҳи васаллам:

“Ким мени тушида кўрса, ҳақиқатда ўзимни кўрибди. Чунки шайтон менинг суратимга кира олмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).

Лекин Пайғамбаримиз алайҳиссаломни тушда кўриш фазилат ва одамлар томонидан улуғланадиган иш бўлганидан У Зот алайҳиссаломни тушда кўрганини айтувчилар учраб туради. Тобеъинлар даврида ҳам бу нарса тез-тез учраб турганидан, ўша замонда тушларни таъбир қилиш билан машҳур бўлган Ибн Сирин ким Пайғамбаримиз алайҳиссаломни тушда кўрганини айтса: “Қани менга кўрганингни сифатлаб берчи”, дер эканлар. Агар сўзловчи Пайғамбаримиз алайҳиссаломни Ибн Сирин билганидек (яъни, сийрат китобларида таърифланганидек) сифатламаса: “У Зотни кўрмабсан”, дер эдилар (Исноди саҳиҳ).

Аллоҳ таоло Пайғамбари воситасида шариатни комил, динини тўлиқ қилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу дунёдан ўтганларидан кейин У Зотни тушида кўрган одамга бир нарсани буюрсалар ёки қайтарсалар, бу нарса ҳужжат бўлишига бирорта далил келмаган. Балки Аллоҳ таоло дин комил бўлгандан кейингина Пайғамбарини руҳини қабз қилди. Бунинг устига Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзлари келтирган Ислом шариатини маҳкам тутиш, бошқасига эргашмаслик, динга киритиладиган янгиликлардан узоқ бўлишни буюриб кетган эдилар.

Ҳозирги кунда кузатиладиган ажиб ҳолат шуки, баъзи кишилар тушида Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўргани ва У Зот алайҳиссалом баъзи бир савобли ишлар: етимни бошини силаш, кўпроқ истиғфор айтиш ва ҳаказоларга буюрганларини айтадилар. Атрофдагилар эса бу амалларни қилишимиз керак экан, деб шов-шув кўтариб ўша амалларга урғу бера бошлайдилар. Ваҳоланки ўша амаллар Қуръони карим оятлари ва саҳиҳ ҳадиси шарифларда буюрилган, турибди. Бу ишларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик чоғларида айтганлар ва у кўпчилик томонидан ўйғоқликда эшитилиб ёдлаб олинган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифнинг мартабаси тушнинг мартабасидан чандон марта ортиқ. Ўзини билган умматлар тушда буюрилмасдан аввал ҳам буларга амал қилиб юришибди, албатта. Нега баъзи бирларимиз шаръий ҳукмларни ўқиб амал қилмаймизу, бир киши туш кўриб айтса, амал қиламиз?! Бу нимага далолат қилади?! Сохтакорлик ва риёкорликка берилиб кетишгами?! Бу савобли ишларга амал қилмоқчи бўлган кишига кимдир Пайғамбаримиз алайҳиссаломни тушида кўриши шарт эмас.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, кўрмаган тушини кўрдим деб, тўқима туш айтиш шариатимизда  энг катта бўҳтон-ёлғончилик саналади (Имом Бухорий ривояти).

Бу мавзуда йўл қўйиладиган хатолар шуки, баъзилар тушимда худо билан гаплашдим, деб пайғамбарликни даъво қилади. Баъзилар тонггача туш кўриб, кечгача уни одамларга айтиш, ё таъбирини излаш, ё сўраш билан кунни кеч қилади. Аслида инсон туш кўргани учун савоб олмайди ва гуноҳкор ҳам бўлмайди, лекин, шариат буюрган бурч ва вазифаларини бажармаса, гуноҳкор бўлади, сўралади. Зеро, улуғларимизнинг бир гапи бор: “Ўнгингда Аллоҳдан қўрқ, тушингдаги нарсадан қўрқма!”. 

Валлоҳу аълам.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Лавров Тожикистонга нега келяпти?

438 20:14 05.06.2023

Фотиҳ Эрбақон: «Одамларнинг машаққатларини енгиллатиш ибодатдир!»

563 18:18 05.06.2023

Душанбеда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилади

788 16:28 05.06.2023

Иброҳим алайҳиссалом чақириғига биринчи бўлиб «лаббайка» деганлар

612 14:40 05.06.2023

Таниқли ислом олими Жазоир ва  Марокашни мулоқотга чақирмоқда

1125 11:18 05.06.2023

Азон овози яхши эшитилмаса...

941 09:15 05.06.2023
« Орқага