Жорий йилнинг 29 август куни Афғонистон пойтахти Кобулда ўн нафар тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлган дрон ҳужуми учун жавобгарлар жазоланмайди. АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин армия раҳбариятининг ҳужум учун жавобгар бўлган ҳарбий хизматчиларга нисбатан интизомий чоралар кўрилмаслигини тавсия қилган ҳисоботини маъқуллади. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Жон Кирби маълум қилди.
“Биз кўрган нарса процессуал механизмлар, тартиблар, амалга оширишнинг бузилиши эди. Бу бепарволик, нотўғри хатти-ҳаракатлар, нотўғри бошқарув натижаси эмасди”, – деди АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили.
АҚШ кучлари 29 август куни Кобулда дрон ҳужум орқали бир автомобилни йўқ қилди. Натижада ўн нафар тинч аҳоли вакили, жумладан, етти нафар бола ҳалок бўлди. Пентагон жангарилар машинадан Кобул аэропортига янги ҳужум учун фойдаланиши мумкин деб ўйлаганини айтди.
Ҳодисадан аввал, 26 август Кобул халқаро аэропорти ҳудудида иккита теракт содир этилган эди. Натижада 200 дан ортиқ одам, жумладан 13 нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди.