Покистон ва Афғонистон ўртасидаги мунтазам савдо ва одамлар ўтиб-қайтиши учун мўлжалланган, бир ҳафта олдин айрим сабабларга кўра ёпилган йўл қайта очилди.
Афғонистон божхона хизмати ходими Муслим Ҳокисорнинг айтишича, Афғонистон шарқидаги Нангарҳор вилоятидаги Торхам назорат-ўтказиш пункти шанба куни, маҳаллий вақт билан эрталаб соат 6:00 да қайта очилган. “Энди чегара ҳар икки томондан ҳам тинч аҳоли, ҳам савдогарлар учун очиқ”, дея қўшимча қилган у.
Покистон пойтахти Исломободдаги Афғонистон элчихонаси ҳам Twitter'да Торхам чегараси қайта очилганини тасдиқлади.
Айни пайтда Покистон божхона расмийси гуруч, цемент, қурилиш материаллари, дори-дармон ва бошқа озиқ-овқат юкланган юк машиналари Афғонистонга жўнатилганини маълум қилиб, кўмир, сабзавот ва мевалар ортилган юк машиналари Покистонга кириб келганини қўшимча қилди.
Унинг сўзларига кўра, Покистон томонида 1400 га яқин юк машинаси ҳамон Афғонистон чегарасини кесиб ўтишни кутмоқда.
2600 км чегара бўйича келишмовчиликлар ўнлаб йиллар давомида қўшнилар ўртасида баҳс ва мунозаралар мавзуси бўлиб келган. Торхам ўтиш жойи Покистон ва Афғонистон ўртасидаги саёҳатчилар ҳамда юклар учун денгизга чиқмайдиган асосий транзит пункти ҳисобланади.
Толибон аввалроқ Исломобод афғон муҳожирларига тиббий ёрдам олиш учун Покистонга киришига рухсат бермаётганини даъво қилган эди. Халқаро савдо йўлининг очилишини кутаётганларга эса бу эълон қувонч ва енгиллик келтирди.
Ўтган душанба куни Афғонистон Толибон кучлари ва Покистон чегарачилари ўзаро низога бориб, оқибатда бир покистонлик аскар яраланишига сабаб бўлган эди. Ўшандан бери ҳар икки томон вакиллари ўтиш жойини зудлик билан очиш талаби остида, муаммони ҳал қилиш бўйича музокаралар олиб борган.
Покистон ва Толибон расмийлари жума куни музокара ўтказди ва ниҳоят, ўтиш жойини қайта очишга келишиб олишди.
Шанба куни Покистон-Афғонистон Савдо-саноат қўшма палатаси директори Зиёул Ҳақ Сарҳадий: "Биз Торхам савдо ва одамлар ҳаракати учун тўлиқ очиқ эканини тасдиқлашдан мамнунмиз", деди.