Франция қироли Людовик XIV инсоният тарихида энг сассиқ одам бўлган, деган тахмин бор. У ўз тахтидан ҳожат чиқариш туваги сифатида фойдаланган бўлиб, ушбу қилиғини сарой аёнларининг йиғилишини ўтказаётган вақтда ҳам қўймаган экан. Ўша фурсатда қасрда қандай ҳид турганини тасаввур қилиш қийин эмас. Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, қўланса ҳид фақат тахтдангина таралмаган. Гап шундаки, қирол умри давомида атиги уч марта ҳаммомда ювинган экан. Бадбўй ҳидни у қаср хоналарини қийғос очилган гуллар билан безаш, ўзига хушбўй атир сепиб юриш ила яширишга уринган.
****************
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни суяди, озодадир – озодаликни суяди, карамлидир – карамни суяди, сахийдир – сахийликни суяди. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!» дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу чақириқлари ҳар бир мусулмоннинг доимо ёдида турмоғи лозим. Ҳовли-жойларимиз, кўча-кўйларимиз, турар жой ва майдонларимиз – ҳамма жойимизни озода ва покиза тутишимиз лозим. Токи кўрган одам ҳавас қилсин. Бошқалар озода жойни кўрса «Бу жойда мусулмонлар яшайди шекилли», дейдиган бўлсин.
– Мусулмон инсон кийимнинг озода ва пок бўлишига алоҳида эътибор беради. Зотан, поклик иймондандир. Поклик ибодатнинг асосий шартларидан биридир. Аллоҳ таоло Муддассир сурасида «Ва кийимингни покла!» деган.
– Мусулмон инсон кийимларини доимо яхши ва гўзал ҳолда бўлиши учун ҳаракат қилади. Кир бўлса, ювади. Йиртилса, тикади. Бужмайса, дазмоллайди. Тугмаси узилса, қадайди ва ҳоказо.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
«Ижтимоий одоблар» асаридан