АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама Эрон ядровий дастури бўйича кенг қамровли қўшма ҳаракатлар режасини асраб қолиш учун “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг гиёҳвандлик моддалари контрабандаси ва бошқа жиноятларини текширишни тўхтатишга буйруқ берган. Бу ҳақда Politico газетаси хабар тарқатди.
Хабарда айтилишича, АҚШ Адлия вазирлиги ҳузуридаги Гиёҳвандлик моддалари тарқалишига қарши кураш бошқармаси Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати наркосавдо билан шуғулланаётганини аниқлагач, 2008 йилда ҳуқуқ-тартибот органлари “Кассандра режаси” номли кампания бошлаган.
“Ҳизбуллоҳ” АҚШга кокаин олиб келиши аниқланган. Маълумотларга қараганда, мазкур ҳаракат гиёҳвандлик моддалари, қурол-яроғ контрабандаси ва бошқа жиноий фаолият орқасидан йилига 1 миллиард долларга яқин пул топади.
Бироқ Обама маъмурияти текширув Теҳроннинг ядровий келишувдан воз кечишига сабаб бўлмаслиги учун уни тўхтатишга қарор қилган. Ҳукумат “Кассандра режаси” лойиҳаси ходимларининг қўшимча молиялаштириш, янги текширувлар ўтказиш, ҳибсга олиш ва молиявий санкциялар қўллаш ҳақидаги илтимосларини кечиктирган ёки бунга қаршилик қилган.
Адлия вазирлиги ҳуқуқ-тартибот органларининг “Ҳизбуллоҳ”нинг Эрондаги вакили, наркосавдодан олинган пулларни ювишда қатнашган Ливан банки, “Исломий инқилоб қўриқчилари” корпусининг АҚШдаги “Ал-Қудс” махсус кучлар ячейкаси сингари жиноий ҳаракатларнинг асосий иштирокчиларига нисбатан иш қўзғатиш ҳақидаги сўровларини рад этган.
Politico нашрининг ёзишича, “Ал-Қудс” пулларни ювиш ва наркосавдо билан шуғулланган, Bell вертолётлари, тунги кўриш кўзойнаклари ва бошқа жиҳозларни Эронга ноқонуний етказиб турган.
БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий вакили – Россия, Буюк Британия, Хитой, АҚШ ва Франция 2015 йилнинг июлида Эрон билан Кенг қамровли қўшма ҳаракатлар режасини маъқуллаган эди. Ушбу келишув Эронга нисбатан БМТ Хавфсизлик Кенгаши, АҚШ ва Европа Иттифоқи жорий этган санкцияларни бекор қилишни кўзда тутган. Бунга жавобан Эрон ўзиинг ядровий фаолиятини чеклаш ва унинг халқаро кузатувда бўлиши мажбуриятини олган. Келишувни амалга ошириш босқичи 2016 йилнинг январида бошланган.