Россия НАТО билан ядро қарама-қаршилигидан аввал Украинада кимёвий қуролдан фойдаланиши мумкин. Politico нашри Пентагоннинг олий мартабали амалдорларига таяниб шундай хабар бермоқда.
Нашр суҳбатдошларига кўра, бу бўйича АҚШда аниқ разведка маълумотлари мавжуд бўлмаса-да, мудофаа вазирлигининг айрим амалдорлари рус армияси яна ҳудудлардан чекинса, ёки бутунлай барбод бўлса, Москва кимёвий қуролдан фойдаланиши эҳтимоли бор. Бунда мухолифатчи Алексей Навальнийни заҳарлашда фойдаланилган моддалар ҳам қўлланилиши мумкин.
Кимёвий ҳужумларда яшириш осон бўлган воситалардан фойдаланиш эҳтимоли юқори, бу Россияни айблашни қийинлаштиради. Экспертлар айрим моддалар оммавий қирғин уюштириш мақсадида фойдаланилишини истисно этмаган — уларни аэрозолга ёки катта гуруҳдаги одамларни йўқ қилиш учун ўқ-дорига айлантириш мумкин.
АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши ушбу тахминларга изоҳ беришдан бош тортган.