Варшава мэри Рафал Тшасковски Польша пойтахтида “Ғалаба куни”ни нишонлашга қарши чиқди. У ўзининг Твиттер микроблогида Россия элчихонаси 9 май куни тантанали тадбирлар ўтказиш режалаштирилаётгани ҳақида республика Ташқи ишлар вазирлигини хабардор қилганини ёзган.
"Бу ташаббусда Польшанинг бирорта ҳам давлат муассасасининг қўли бўлмаслиги керак. Қолаверса, уни тақиқлаш керак. Агрессорнинг Варшавадаги байрамига рози эмасман", деб ёзади Тшасковски.
Польша ташқи ишлар вазирлиги русларга ёрдам бермоқчи эмаслигини эълон қилишга шошилди.
Айни пайтда Россия элчихонаси Ғалаба куни ҳар йили нишонланишини эслатган. 2022 йилда россиялик дипломатлар ҳар доимгидек “Ўлмас полк”ни ўтказишни ва совет аскарлари ва офицерлари жасадлари дафн этилган мемориал қабристонга гул қўйишни хоҳлашган эди, деб ёзади “РИА Новости”.
Польша ташқи ишлар вазири ўринбосари Марчин Пшидач ижтимоий тармоқда ТИВ “Россия элчихонасига ёрдам беришни режалаштирмагани ва бундай ёрдам кўрсатмаслигини” ёзган. Унинг сўзларига кўра, ТИВ Россия элчихонасига “салбий позиция”ни билдирган.
Аввалроқ Берлинда “Ўлмас полк” митингига байроқ ва баннерларни, шу жумладан Россия ва Украина байроқларини олиб келиш тақиқлангани маълум бўлган эди. Бундан ташқари, Германия полицияси барча турдаги ҳарбий либослар ва уларнинг элементларини, V ва Z белгиларини ҳамда георгий тасмасини ҳам тақиқлаган эди.