Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Пойтахти иккига бўлинган мамлакат

4607

Кипр Республикаси - шарқий Ўрта ер денгизидаги орол давлат. Туркиядан жанубда, Суриядан ғарбда, Ливан, Исроил ва Ғазо секторидан шимоли-ғарбда, Мисрдан шимолда ва Грециядан жануби-шарқда жойлашган ушбу мамлакатнинг умумий майдони 9,251 квадрат километр, аҳолиси 1,2 миллион кишидан кўпроқ. Никосия - мамлакатнинг пойтахти ва энг йирик шаҳри. Юнон ва турк тили икки расмий тилдир.

Тарих, иқтисодиёт ва ҳозирги ҳолат ҳақида қисқача маълумот

Оролда одамларнинг дастлабки фаолияти милоддан аввалги 10 минг йилликка тўғри келади. Ушбу даврдаги археологик қолдиқлар орасида неолит даврига мансуб Хирокития қишлоғи ва дунёдаги энг қадимги сув қудуқлари жойлашган. Кипрда милоддан аввалги 2 минг йилликда Микен юнонлари ўрнашган. Шарқий Ўрта ер денгизида стратегик аҳамиятга эга Кипр бир неча йирик давлатлар, жумладан Оссурия, Миср ва Форс империялари томонидан ишғол қилинган. Милоддан аввалги 333 йили Aлександр Македонский томонидан босиб олинган. Миср, Шарқий Рим империяси, қисқа муддат давомида ислом халифалиги, Франция Лусигнан сулоласи ҳамда венецияликлар ҳукмронлигидан кейин 1571-1878 йиллар оралиғида (расман 1914 йилгача) Усмонлилар ҳукмронлик қилган.

Кипр 1878 йили Кипр конвенцияси асосида Буюк Британия маъмуриятига топширилиб, 1914 йили Буюк Британия томонидан аннексия қилинди. Оролнинг келажаги аҳолисининг 77% ни ташкил этган кипрлик юнонлар ва 18 фоизини ташкил этган кипрлик турклар  ўртасидаги келишмовчилик масаласига боғлиқ бўлиб қолди. XIX асрдан бошлаб Кипрнинг юнон аҳолиси энозия, яъни Юнонистон билан бирлашиш жараёнини давом эттириб, бу 1950 йилларда юнонларнинг миллий сиёсатига айланди. Кипрлик турк аҳолиси дастлаб инглизлар ҳукмронлигини давом эттиришни қўллаб-қувватлаб, сўнг оролнинг Туркияга қўшилишини талаб қилишган. Шимолий Кипрда 1950 йилларда юз берган миллатчилик ҳаракатларидан сўнг 1960 йили Кипрга мустақиллик берилган. 1963-64 йиллардаги инқироз икки этник жамоа ўртасида низоларни келтириб чиқариб, 25000 дан ортиқ кипрлик туркларни анклавларга кўчириш ва Кипр туркларининг республикадаги ваколатхонасини тугатиш билан тугаган. 1974 йил 15 июлда Кипрнинг юнон миллатчилари ва Юнонистон ҳарбийлари томонидан давлат тўнтариши уюштирилди. Ушбу ҳаракат 20 июль куни Туркиянинг Кипрга бостириб киришини тезлаштириб, ҳозирги Шимолий Кипр ҳудудини Туркия томонидан эгаллаб олиш ҳамда 150.000 дан ортиқ кипрлик юнонлар ва 50.000 кипрлик туркларни кўчириш билан якунланган. 1983 йили бир томонлама декларация билан шимолда алоҳида Кипр турк давлати ташкил этилди; бу ҳаракат халқаро ҳамжамият томонидан кенг қораланиб, янги давлат фақат Туркия томонидан тан олинган. Ушбу воқеалар ва юзага келган сиёсий вазият ҳозир ҳам давом этаётган низоли масаладир.

Кипр Республикаси бутун орол устидан қонунан ҳукмронликка эга. Бироқ, Кипр Республикаси амалда иккита асосий қисмга бўлинган: республиканинг жанубда ва ғарбда жойлашган, оролнинг 59% га яқин қисмини ўз ичига оладиган назорати остидаги ҳудуд ҳамда орол ҳудудининг 36 фоизини эгаллаган шимолий Кипр Турк Республикаси. Орол майдонининг қарийб 4 фоизи БМТнинг буфер зонаси ҳисобланади. Кипр Европа Иттифоқига аъзо бўлганидан бери халқаро ҳамжамият оролнинг шимолий Кипр Республикаси ҳудудини  Туркия томонидан босиб олинган ҳудуд деб ҳисоблайди.

Кипр Ўрта ер денгизининг асосий сайёҳлик манзилидир. Ривожланган иқтисодиёт ва юқори инсон тараққиёти индексига эга бўлган Кипр Республикаси 1961 йилдан Ҳамдўстлик аъзоси бўлиб, 2004 йил 1 майда Европа Иттифоқига қўшилгунга қадар Қўшилмаслик Ҳаракатининг асосчи аъзоси бўлган. 2008 йил 1 январдан Кипр Республикаси евро ҳудудга қўшилган. Кипр Республикаси олти туманга бўлинган: Никосия, Фамагуста, Кирения, Ларнака, Лимассол ва Пафос.

Қизиқарли фактлар

  1. Кипр муофлони (камдан -кам учрайдиган қўйлар тури) дунёнинг бошқа жойларида учрамайди.
  2. Кипр байроғига ўз мамлакатининг харита шаклини туширган биринчи давлатдир.
  3. Пойтахт Никосия дунёдаги икки халқ ўртасида бўлинган ягона пойтахтдир. Улар юнон ва турк халқларидир.

Дин

Кипрда иккита асосий дин мавжуд: насронийлик ва ислом. Насронийлар орол аҳолисининг 73 фоизини ташкил қилади. Кипрлик юнонларнинг аксарияти юнон православларидир. Кипрлик туркларнинг аксарияти эса сунний мусулмонлардир.

Ислом

Мусулмонлар Кипр аҳолисининг қарийб 25 фоизини ташкил қилади. Ислом оролга Умавийлар даврида кириб келган. Бугунги кунда тахминан 264 мингдан зиёд мусулмонларнинг аксарияти оролнинг шимолида яшайди. 

Оролда бир қанча муҳим исломий зиёратгоҳлар ва диққатга сазовор жойлар мавжуд, жумладан:

  • Никосиядаги Aраб Аҳмат масжиди (XVI асрда қурилган)
  • Ларнакадаги Хала Султон Текке/Умму Ҳарам масжиди (XVIII асрда қурилган)
  • Лала Мустафо пошо масжиди, Салимия масжиди ва Ҳайдар пошо масжиди.

Масжидлар

Баъзи маълумотларга кўра Кипр оролида 160 дан ортиқ масжид мавжуд. Масжидлар ҳар доим мусулмонлар жамоатининг муҳим қисми ва орол меросининг ажралмас қисми бўлиб келган.

Aраб Aҳмат масжиди

Ушбу масжид Шимолий Кипрнинг Шимолий Никосия шаҳри, ғарбий Aраб Aҳмат маҳалласида жойлашган. XVI аср охирида қурилган. Масжид 1571 йилдаги Усмонли армияси қўмондони шарафига номланган. Масжид боғида ўтмишдаги баъзи таниқли шахсларнинг қабрлари мавжуд. Масжид катта ярим шар шаклидаги гумбаз (диаметри тахминан 6 метр) ва минорага эга. Масжид олдида учта кичик гумбаз билан қопланган айвон мавжуд.

Байроқдор масжиди

Байроқдор масжиди - Кипрнинг Никосия шаҳридаги масжид, ҳозирда шаҳарнинг жанубий қисмида, Кипр Республикаси томонидан бошқарилади. Масжид қурилиш санаси номаълум. 

Хала Султон Текке масжиди

Ларнака Туз кўлининг ғарбий қирғоғида жойлашган Умм Ҳарам масжиди ва текке мажмуаси. Умму Ҳарам Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳунинг рафиқаси бўлган. Ҳала Султон Текке мажмуаси масжид, мақбара, минора, қабристон ва эркаклар ва аёллар турар жойларидан иборат.

Лала Мустафо Пошо масжиди

Дастлаб Aвлиё Николай собори, кейинроқ Магуса Aвлиё София (Aя Софя) масжиди номи билан машҳур бўлган ушбу масжид Фамагустадаги (Кипр) ўрта асрларга мансуб энг йирик бино ҳисобланади. 1300- 1400 йиллар оралиғида қурилган. Усмонийлар империяси 1571 йили Фамагустани қўлга киритгандан сўнг, собор масжидга айлантирилиб, бино шу кунгача масжид бўлиб келмоқда. 1954 йилдан бошлаб бинога Усмонли империясининг Босниядаги бош вазири Лала Мустафо Пошо исми берилган.

Омерия масжиди

Никосиядаги ушбу масжид Туркия Кипрга кирганидан кейин, орол ва шаҳарнинг мусулмон бўлмаган қисмида мусулмонлар ибодат қиладиган энг муҳим жойлардан бири сифатида аҳамият касб эта бошлаган. Қурилиш 1571 йили тугаган. Масжиднинг узунлиги 60 метр, минораси бор. Ҳозирда масжид намозхонлар учун ҳам, сайёҳлар учун ҳам очиқ. Бугунги кунда, ундан асосан Кипр Республикасининг жанубий қисмига асосан қўшни араб давлатлари ва Болқондан сайёҳлик ёки бизнес мақсадларида келадиган мусулмонлар фойдаланадилар. Шунингдек, Никосиянинг жанубий қисмига ўтган кипрлик турклар кундалик сафарларида масжиддан фойдаланадилар.

Салимия масжиди

Ушбу масжид ҳам христиан соборидан масжидга айлантирилган. Шимолий Никосияда жойлашган. Ўтмишда шаҳарнинг асосий масжиди бўлган. Салимия масжиди Кипрда сақланиб қолган энг катта ва энг қадимги готика услубида қурилган мажмуадир. Умуман олганда, масжид 2500 намозхонни сиғдиришга қодир бўлиб, 1750 м2 майдонга эга. Никосияда сақланиб қолган энг маҳобатли масжид айнан Салимия масжидидир.

Фахриддин Расул ўғли тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Кипр: Отатурк ҳақидаги сўз туфайли дарсликлар йиртилади

1929 21:35 14.09.2021

Кипр ўрмонларига ўт кетди (фото)

393 11:35 05.07.2021

Кипр: чекловлар ва мажбурий эмлашга қарши намойишлар

993 14:14 21.02.2021

Тарихда бугун: Туркия Кипрда ҳарбий операция бошлади

2228 16:00 20.07.2020

Арманистон, Греция ва Кипр Туркиянинг номзодига қарши чиқди

2514 07:00 11.06.2020
« Орқага