Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) - Африканинг энг жанубий мамлакати. Аҳолиси – 59,7 миллион киши. Майдони - 1,221,037 км2. ЖАР учта пойтахтга эга: Претория(амалдаги), Блоемфонтеин(суд) ва Кейптаун(қонун чиқарувчи). Энг катта шаҳар - Йоханнесбург. Пул бирлиги – Жанубий Африка ранди. Жанубий африкаликларнинг тахминан 80% нинг аждодлари қора танли африкаликлардан бўлиб, улар турли хил этник гуруҳларга мансуб. Шимолда Намибия, Ботсвана ва Зимбабве, шарқда ва шимоли-шарқда Мозамбик ва Эсватини (собиқ Свазиленд) билан чегарадош; ҳудудида Лесото анклави мавжуд.
Муҳим тарихий воқеалар
Ўрта асрларга қадар бу ерда Африканинг турли қабилалари, жумладан Сан, Бушмен ва бошқалар яшаган. 1400 йилларда Узоқ Шарққа йўл олган Европа кемалари Жанубий Африка қирғоғида тўхташни бошлаган. 1652 йилда голландияликлар жанубий Кейптаун шаҳрини ташкил қилиб, шаҳар атрофидаги уйларга жойлаша бошлаган. 1806 йилга келиб Европа урушлари Буюк Британияни Кейптаун мустамлакасини назорат остига олишига имконият яратиб берган. 1910 йилда инглизлар минтақадаги тўртта мустамлакани бирлаштириб, Жанубий Африка давлатини тузишган. Айнан инглизлар оқ танлиларни Жанубий Африканинг қора танлиларидан ажратиб турадиган “апартеид” қонунларини ишлаб чиқиб, узоқ йиллар давом этган қонли низоларни бошлаб беришган. 1963 йилда апартеидга қарши чиққан Африка миллий конгресси раҳбари Нелсон Мандела “террористик” фаолияти учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 1990 йилда, 27 йил маҳкумликдан сўнг, Мандела президент Ф.В. де Клерк томонидан озод қилиниб, 1994 йилда Жанубий Африка президенти этиб сайланган. Ўша йили бемаъни апартеид расман бекор қилинган. Ўшандан бери барча этник гуруҳлар тўққизта вилоятни ўз ичига олган либерал-демократик мамлакатда сиёсий ваколатларини ҳимоя қилиб яшаб келмоқдалар. Бугунги кунда Жанубий Африка ривожланаётган мамлакат бўлиб, инсон тараққиёти кўрсаткичи бўйича Африкада еттинчи ўринда туради. ЖАР Жаҳон банки томонидан саноати ривожланган, иқтисодиёти бўйича Африкада иккинчи ўринда, дунёда эса 33 ўринни эгаллаган мамлакат сифатида таснифланган.
Жанубий Африка ҳақида қизиқарли фактлар
- ЖАР қонунчилиги 11та тилни давлат расмий тиллари деб тан олади;
- ЖАР Африка минтақасида ҳеч қачон давлат тўнтариши содир бўлмаган кам сонли давлатлардан бири ҳисобланади;
- Жанубий Африка дунёдаги учта пойтахтга эга ягона давлат;
- Дунёдаги биринчи юрак трансплантацияси Жанубий Африканинг Кейптаун шаҳрида амалга оширилган;
- Жанубий Африканинг ажойиб биологик хилма-хиллиги дунёдаги 17 мамлакат орасида олтинчи ўринда туради.
Дин
Жанубий Африка – дунёвий давлат. Конституция дин эркинлигини кафолатлайди. Жанубий Африка аҳолисининг орасида христианлик устунлик қилади. Аҳолининг 81,2 фоизини (48,5 миллион) христианлар ташкил қилади, 15% ўзларини динга алоқаси йўқ деб билишади; мусулмонлар эса аҳолининг тахминан 1,7 фоизини (1 миллиондан ортиқ) ташкил қилади. Қолганлари ҳиндуизм ва халқ динларига мансуб.
Ислом
Жанубий Африкада Ислом озчилик динидир. Жанубий Африкада Ислом уч босқичда тарқалган. Биринчи босқичда мусулмонлар тахминан 1652 йилдан 1800 йилларнинг ўрталарига қадар мажбурий кўчиб ўтиш жараёнларида ЖАРга қочиб ўтишган. Иккинчи босқич 1860 йилдан 1868 йилгача ҳамда 1874 йилдан 1911 йилгача Наталдаги шакарқамиш далаларида ишлаш учун Британия Ҳиндистонидан ишчиларнинг келиши билан боғлиқ. Учинчи босқич, 1994 йилдан сўнг, апартеид тугаганидан кейинги даврни оз ичига олади. Бундан ташқари, Жанубий Осиёдан мусулмонларнинг катта қисми иқтисодий муҳожир сифатида келган. Гарчи мусулмонларнинг аксарияти суннийлар бўлса-да, оз сонли шиа жамоалари ҳам (хусусан Кейптаунда) мавжуд. Ҳиндистонлик мусулмонларнинг аксарияти ҳанафий мазҳабига, Малайзия, Шарқий Африка мусулмонлари эса шофеий мазҳабига амал қиладилар. Шунингдек, асосан Ғарбий Африка ҳамда мағриблик муҳожирлардан ташкил топган моликий мазҳабига мансуб мусулмонлар жамоаси ҳам мавжуд.
Масжидлари
Низомийя масжиди
Низомийя масжиди - Жанубий Африканинг Йоханнесбург метрополитени Мидранд шаҳрида жойлашган масжид. Жанубий яримшардаги энг катта масжид ҳисобланади. Унда ҳар бирининг баландлиги 55 метр бўлган 4 та минора мавжуд. Масжид лойиҳаси дастлаб Туркияда ишлаб чиқилган, аммо Жанубий Африкалик меъморлар лойиҳа дизайнини Жанубий Африканинг қурилиш стандартларига мослаштирган. Қурилиш 2009 йил октябр ойида бошланган; 2012 йилда тугатилган. Низомийя мажмуасида масжиддан ташқари мактаб, университет, поликлиника, бозор ва қабристон мавжуд.
Дарё бўйидаги Сўфи масжиди
Дарё бўйидаги Сўфи масжиди – Жанубий Африканинг Квазулу-Натал вилояти Дурбан шаҳридаги вилоят тарихий меросидир. 1980 йилда масжид ҳақида ҳукумат газетасида «Ушбу масжид 1895 йилда Жанубий Африкага кўчиб келган таниқли Хожи Сўфи томонидан қурилган. У яна 11 та масжиднинг қурилиши, 13 та мадрасанинг ташкил этилиши ва қурилиши учун масъул бўлган. Хожи Сўфи 1911 йилда вафот этган ва унинг жасади ўзи қурдирган саккиз қиррали мақбарага дафн этилган.», дейилади.
Дурбандаги Жума масжиди
Жанубий Африканинг Квазулу-Натал шаҳридаги Дурбан шаҳрида жойлашган масжид. Дурбан мусулмонлари учун маънавий марказ ҳисобланади. Масжидда 7000 нафаргача намозхон бир вақтнинг ўзида ибодат қилиши мумкин. 8 та минора мавжуд. Қурилиш 1930 йилда якунланган. Бундан ташқари, Кейптаун шаҳрида ҳам бир нечта тарихий масжидлар мавжуд бўлиб, улар ҳажм жиҳатидан анча кичикдир.
Фахриддин Расул ўғли тайёрлади