Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Пулининг номи «озодлик» деб аталган давлат

2145

Малави (расман Малави Республикаси) – жануби-шарқий Африкада жойлашган, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакат. Ғарбда Замбия, шимолда ва шимоли-шарқда Танзания, шарқда, жанубда ва жануби-ғарбда Мозамбик билан чегарадош. Майдони 118,484 км2 дан ошади, 2021 йил январь ҳолатига 19 миллиондан зиёд аҳолига эга. Пойтахти ва энг катта шаҳри – Лилонгве. Иккинчи йирик шаҳри – Блантир. Малави номи “Марави” сўзидан келиб чиққан бўлиб, ҳудудда яшовчи Чева халқининг эски номи ҳисобланади. Мамлакат халқининг дўстона муносабати туфайли Малави “Африканинг илиқ юраги” номини олган.

Ушбу ҳудуд тахминан Х асрда кўчманчи банту халқлари томонидан эгалланган. Асрлар ўтгач, 1891 йилда бу ҳудуд инглизлар томонидан мустамлакага айлантирилиб, Нясаланд номи номи остида Буюк Британиянинг протекторатига қўшилган. 1953 йилда мамлакат ярим мустақил Родезия ва Нясаланд федерациясининг протекторатига айланди. Федерация 1963 йилда тарқатиб юборилди. 1964 йилда эса протекторат бекор қилинди: Нясаланд қиролича Елизавета II даврида мустақил давлатга айланиб, номи Малави деб ўзгартирилди. Буюк Британиядан тўлиқ мустақилликка эришган Малави 1970 йилга келиб Хастингс Камузу раҳбарлиги остида тоталитар бир партияли давлатга айланди ва бу ҳолат 1994 йилга қадар давом этди. Бугунги кунда Малави демократик, кўп партияли республика ҳисобланади. 2020 йил 23 июнда Лазар Чаквера президент этиб сайланди. Мамлакат мудофаа кучлари таркибига армия, денгиз флоти ва ҳаво кучлари киради. Малавининг ташқи сиёсати ғарбга мойил бўлиши билан бирга кўпчилик давлатлар билан ижобий дипломатик алоқаларни ўрнатган ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Миллатлар Ҳамдўстлиги, Жанубий Африка Тараққиёт Жамияти, Шарқий ва Жанубий Африка Умумий Бозори ва Африка Иттифоқи каби бир қанча халқаро ташкилотларга аъзодир.

Малави дунёдаги энг кам ривожланган давлатлар қаторига киради. Иқтисодиёт асосан қишлоқ хўжалигига асосланган бўлиб, аҳолиси асосан қишлоқ ҳудудларда истиқомат қилади. Малави ҳукумати ривожланиш эҳтиёжларини қондириш учун ташқи ёрдамга жуда муҳтож. 2000 йилдан бери зарур бўлган иқтисодий ёрдам анча камайгани ҳисобга олинса, мамлакатдаги умумий ҳолат ачинарли экани англашилади.

Малавида умр кўриш давомийлиги паст, болалар ўлими эса юқоридир. ОИВ/ОИТС жуда кенг тарқалган, бу ҳам ўз ўрнида ишчи кучини камайтириб, давлат харажатларини кўпайтиришни талаб қилади. Мамлакатда яшовчи осиёлик, европалик ва африкалик турли халқлар бир қанча тилларда гаплашади ва турли ҳил динларга эътиқод қилади. Инглиз тили давлат расмий тилидир.

Малави ҳақида фактлар

  1. Малавия аҳолисининг қарийб 85 фоизи қишлоқларда яшайди. Иқтисодиёт асосан қишлоқ хўжалигига боғлиқ бўлиб, экспорт тушумининг 90% бутун мамлакат бўйлаб етиштирилган маҳсулотлардан келади. Тамаки мамлакатнинг энг даромадли маҳсулотларидан бири бўлиб, умумий экспортнинг 50% дан ортиғини ташкил қилади. Бундан ташқари чой, пахта, шакар, қаҳва, ерёнғоқ ва ёғоч маҳсулотлари экспорт қилинади.
  2. Малави Африкадаги энг камбағал давлатлар орасида тўртинчи ўринда туради ва аҳолининг 40% дан ортиғи кунига 1 доллардан кам пулга яшайди. Мамлакат, шунингдек, Африкадаги етим болалар касаллиги бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бирига эга.
  3. Малави бир асрдан кўпроқ вақт давомида чой етиштириб келаётган мамлакат сифатида Африкада Кениядан кейин иккинчи ўринда туради. Ҳозирда ҳар йили 31 минг тоннага яқин чой экспорт қиладиган Малави жаҳон чой экспортининг 1,7% улушига эга.
  4. Малави кўли дунёдаги энг кўп балиқ турларига эга кўлдир. Бу ерда 500 дан ортиқ балиқ турлари мавжуд.
  5. Телевидение Малавида фақат XXI асрдагина пайдо бўлди.
  6. Малави пул бирлиги – квача. Унинг луғавий маъноси “озодлик”дир. 
  7. 1970-йилларда калта юбка ва шим кийган аёлларга Малавига кириш тақиқланган эди.
  8. Мамлакатнинг собиқ президенти Хастингс Камузу Банда ўзини “ёмғир жодугари” деб атаган ва доим “ёвуз руҳларни қувиб чиқариш” учун шер ёлидан ясалган чўткани олиб юрган. У 1997 йилда вафот этганида, Малавининг собиқ раҳбари АҚШдан махсус олиб келинган 37 минг долларлик зарҳал тобутга дафн этилган.
  9. Мамлакат пойтахти Лилонгвенинг эски ва янги қисми ўртасида 370 гектар майдонда қўриқхона жойлашган бўлиб, у ерда тимсоҳларга тўла дарё оқиб ўтади.

Дин

Малавида насронийлик аҳолининг кўп қисми эътиқод қиладиган диндир. Мусулмонлар эса озчиликни ташкил қилади. Статистикага кўра, аҳолининг 82% христианлар, 13% эса мусулмонлардир.

Ислом

Ислом Малавида христианликдан кейин иккинчи йирик дин ҳисобланади. Малавининг деярли барча мусулмонлари Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидадир. Сўнгги рўйхатга олиш маълумотларига кўра (2018), мусулмонлар мамлакат аҳолисининг 13,8 фоизини (2,426,754) ташкил қилмоқда. Пенсилвания университети томонидан олиб бориладиган Малави диний лойиҳасига кўра, 2010 йилда аҳолининг тахминан 25,6% мусулмон бўлган.

Зомбадаги масжид

Тарих

Ислом Малавига XV асрдан бошлаб фил суяги, олтин ва кейинчалик қуллар билан савдо қилган араб ва суахили савдогарлари билан кириб келган. Шунингдек, Килва султонлигидан ҳам мусулмонлар келган, деган тахмин ҳам бор. Исломнинг кенг тарқалишида икки мусулмон ўқитувчи - шайхлар Абдуллоҳ Мкванда ва Собити Нгаунже ҳам муҳим рол ўйнаган. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, биринчи масжид суахили-араб фил суяги савдогарлари томонидан қурилган.
Мустамлака даврида мамлакат ҳокимияти Ислом ҳукмронликка қаршилик мафкураси сифатида энг катта хавф туғдиришидан қўрқарди. Бу фикрни христиан миссионерлари кенг тарқатишган. Улар ислом африкаликларни мустамлакачилик ҳукмронлигига қарши уруш ва қўзғолонларда бирлаштира олишидан қаттиқ қўрқишган.

Пойтахт Лилонгведаги масжид

Яо халқи XIX асрда Исломни қабул қилиб, ўша вақтдан бери Малавидаги энг катта мусулмон гуруҳини ташкил қилиб келмоқда.
1970-йиллар бутун дунёдаги мусулмонлар қатори Малавида ҳам мусулмонлар ўртасида исломий тикланиш бошланди. Яқинда мусулмон гуруҳлари Малавида даъват ишлари билан шуғулланишни бошлашди. Бу ишнинг катта қисмини Кувайтда жойлашган Африка мусулмонлари агентлиги (АМА) амалга оширмоқда. Қувайт ҳомийлигидаги АМА Қуръон маъноларини Малавининг расмий тилларидан бири бўлган чичева тилига таржима қилган. Мамлакатда 800 га яқин жоме масжиди бор деб тахмин қилинади. Деярли ҳар бир шаҳарда камида битта ёки иккита масжид топилади. Бундан ташқари, бир нечта исломий мактаблар ва “Радио Ислом” деб номланган радиостанция мавжуд. Мусулмонларнинг йирик таълим маркази Блантирдан ташқарида жойлашган Мпембада жойлашган бўлиб, асосан Саудия Арабистони ва Кувайт маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Мпингведаги Мадина масжиди

Демография

Малавида кўп сонли мусулмонлар “мамлакатдаги энг муҳим ислом манбаи” дея таърифланган Яо халқи вакилларидир. Ҳатто Исломни қабул қилишдан олдин, кўплаб Яо бошлиқлари суахили мусулмонларидан котиб ва маслаҳатчи сифатида фойдаланишган. Суахили, араблар билан кучли савдо алоқалари натижасида кўпчилик Яо одамлари Исломни қабул қилган ва бу икки халқ орасида никоҳ алоқаларини ўрнатишда муҳим роль ўйнаган. Яо халқи Малави кўлининг жануби ва шарқида энг катта жамоани ташкил қилади. Мусулмонларни бошқа гуруҳлар орасида ҳам топиш мумкин, масалан кўл бўйидаги Чева халқи ёки ҳинд ва бошқа осиёлик малавиликлар. Мамлакатдаги мусулмонлар “жўшқин ва қудратли жамоа” деб таърифланган.
Машҳур малавилик мусулмон Бакили Мулузи 1994 йилдан 2004 йилгача Малавининг биринчи (ва ягона) эркин сайланган президенти бўлган.

Фахриддин Расул ўғли тайёрлади

Ушбу рукн «Azon travel» билан ҳамкорликда тайёрланди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Номусулмон юртнинг биринчи хоними мусулмонлар қаршисида ҳижоб ўради

1686 11:35 16.11.2017
« Орқага