Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Путин мақтаган ракетани ишлаб чиққан олимлар ҳибсга олинди

4970

Украинада уруш бошланганидан кейин Россияни қамраб олган давлатга хиёнат тўлқини маҳаллий мудофаа саноатининг энг йирик илмий марказигача этиб борди.

Новосибирск назарий ва амалий механика институтининг гипертовушли самолётларни яратишда иштирок этган уч олими хавфсизлик кучлари томонидан бу йилги энг юқори – умрбод қамоқ жазоси бўлган модда бўйича ҳибсга олинди.

16 май, сешанба куни институт ходимлари очиқ хат эълон қилишди, унда институтда юқори тезликдаги аэрогазодинамика лабораториясига асос солган техника фанлари доктори ва бош илмий ходим Валерий Звегинцев хиёнатда гумон қилиниб, ҳибсга олингани ҳақида эълон қилинган.

7 апрелдан бери Звегинцев уй қамоғида сақланмоқда. Унинг бевосита раҳбари, институт директори Александр Шиплюк ўтган йилнинг август ойида, бош тадқиқотчи Анатолий Маслов ҳибсга олинганидан бир неча кун ўтиб, Лефортово тергов изоляторига жойлаштирилган эди. Иккаласига ҳам худди шу модда – Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 275-моддаси «Хиёнат» бўйича айблов қўйилган. Academ.info  хабарига кўра, Маслов гипертовушли технологиялар билан боғлиқ маълумотларни Хитойга берганликда гумон қилинган.

Шиплюк ва Маслов 10 йилдан ортиқ гипертовушли ракеталар устида ишламоқда. Улар бундай қуролларнинг экспериментал дизайнини 2012 йилда Франциядаги илмий семинарда тақдим этишган, деб таъкидлайди Рейтер агентлиги. Тўрт йил ўтгач, икки олим биргаликда муаллифлик қилган гипертовуш тезлигида аэродинамик тадқиқотлар бўйича иш пайдо бўлди.

Шиплюк сўнгги йилларда гипертовушли ракеталарни ҳимоя қилиш билан ҳам шуғулланган – унинг интернетда келтирилган иши шу мавзуга бағишланган, деб ёзади The Telegraph. 

Умуман олганда, физика-математика соҳасидаги кучли салоҳияти билан танилган Россия Фанлар академиясининг Сибир бўлимида 16 киши жиноий жавобгарликка тортилган, улар орасида Россия Фанлар академиясининг собиқ раҳбари, академик Александр Асеев ҳам бор. Олимлардан бири, Новосибирск давлат университетининг квант оптик технологиялари лабораторияси раҳбари 54 ёшли Дмитрий Колкер ФСБ томонидан ҳибсга олинганидан кўп ўтмай, Москва тергов изоляторида вафот этган эди.

2018 йил 1 март куни Президент Владимир Путин Федерал Мажлисга мурожаати чоғида Россияда гипертовушли қуроллар яратилиши ҳақида маълум қилди. Қўшма Штатлар бўйлаб учирилган учирмаларни намойиш қилувчи анимацион тақдимотда Путин депутатлар, сенаторлар ва амалдорларга кемага қарши «Циркон» ракетасини ва режалаштирувчи блокли «Авангард» қитъалараро баллистик ракетасини кўрсатган эди. 

Бундан ташқари, Путин “Кинжал” гипертовушли ракета тизимини тақдим этар экан, уни оғзидан боли томиб мақтаган ва нафақат мавжуд, балки келажак ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини ҳам «енгиб ўтиш кафолатланган» деган эди.

Бироқ 4 май куни Украина Қуролли Кучлари қўмондонлиги “Кинжал”ни 1970 йилларда ишлаб чиқилган ва Киев Германия ва Голландиядан олган Американинг “Patriot” ҳаво мудофаа тизимлари ёрдамида уриб туширганини эълон қилди. Кейинроқ ракета тутиб олингани ҳақидаги маълумот Пентагон томонидан расман тасдиқланди.

Президент матбуот котиби Дмитрий Песков чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда Кремль гипертовушли ракеталар билан ишлаган  олимларнинг давлатга хиёнатда гумон қилиниб ҳибсга олинишига изоҳ бермади.

«Россия махсус хизматлари ишламоқда, улар ўз вазифаларини бажармоқда, бу жуда оғир айблов», деди у ва фақат суд шахсни айбдор деб топиши мумкинлигини қўшимча қилди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жума табриги ва диний масалаларни тарқатиш атрофидаги гап-сўзларга диний идора муносабати

151 12:01 30.05.2023

Косово шимолида серблар ўнлаб тинчликпарвар аскарларни жароҳатлади

304 09:29 30.05.2023

Хожа Аҳрори Валий, Али Қушчи, Амир Темурларнинг Истанбулга қандай алоқаси бор?

2874 14:14 29.05.2023

Чегарадаги отишма: Эрон ва Афғонистон ўртасидаги кескинлик нега кучайди?

3397 11:41 29.05.2023

Ўзбекистон Президенти Режеп Таййип Эрдоғанни Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклади

1659 22:17 28.05.2023

Туркияда президентлик сайлови қизғин давом этмоқда

1894 15:03 28.05.2023
« Орқага