Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Путиннинг «чекланган контингенти»: Сурияда қанча рус аскари бор?

1572

Маълумки, Сурия Араб Республикасида бир неча минг рус аскарлари бор. Россиянинг мамлакатдан ташқари илк ўтказган ҳарбий операцияларида жами 68,5 минг аскар қатнашгани айтилади. Шунингдек, Сурия русларнинг “Калибр”, Х-101 қанотли ракеталари, СУ-57, Ту-160 самолётлари, “Уран-9” жанговар роботлари ва бошқа бир қанча янги ҳарбий техникаларини синаш майдони бўлди. Россия ҳеч қачон Сурияда доимий жойлашган ҳарбий контингентининг сонини расман ошкор қилмаган. Аммо, экспертларнинг фикрича, 2015 йилда Россиянинг Суриядаги ҳарбий операциясининг фаол босқичи бошланишига қадар у ерда 2 мингга яқин ҳарбий хизматчи бўлган.

Бироқ яқинда ўтказилган сайловларда Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси Сурияда овоз берган руслар ҳақидаги маълумотларни беихтиёр ошкор қилиб қўйди. Суриядаги россияликлар расман Олтой ўлкасида жойлашган 8269-сонли сайлов участкасига бириктирилган эди. Бироқ сайловчилар овоз берган жойлар кўрсатилганда Сурия шаҳарлари кўрсатилган. 13-18 сентябр кунлари Дамашқдан ташқари Жебла, Тартус, Палмира, Латакия, Қамишли, Қудсая шаҳарларида жами 7118 сайловчи рўйхатга олинган. Суриядаги уруш кампанияси бўлган даврдаги россияликлар сонидан бир ярим баравар кўп бўлиши Россиянинг араб давлатидаги иштироки кучайишини англатади.

Россиянинг Суриядаги операцияси икки йилдан бироз кўпроқ давом этиб, 2017 йил 11 декабрда тугади. 2018 йил декабрь ойида Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Россиянинг асосий гуруҳини Суриядан олиб чиқиш якунланганини эълон қилган эди.

Бироқ Россия ва Сурия Тартусдаги Россия ҳарбий-денгиз кучлари базаси ҳудудини кенгайтириш ва бу базадан Россия томони фойдаланиши тўғрисида шартнома имзолаган. Россия шартномани парламентда тасдиқланишини ҳам кутмасдан, базани модернизация қила бошлади. Бу базада қанча одам доимий жойлаштирилгани ошкор қилинмаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Хмеймим авиабазасида жойлашган урушаётган томонларни яраштириш ва қочқинлар ҳаракатини назорат қилиш маркази иши тўғрисида мунтазам равишда ҳисобот беради.
Россия Сурияда асосан инфратузилмани ривожлантириш ва тиклаш билан боғлиқ фуқаролик лойиҳаларини ҳам амалга оширмоқда. У ерга юборилганлар сони ҳам расман очиқланмаган.
2021 йилда Дамашқ сайлов участкасида жами 7501 киши, улардан 6986 киши кўчма сайлов қутисига бюллетенларни ташлаш орқали муддатидан олдин овоз берганлиги маълум бўлди. Худди шундай овоз бериш усули ҳарбий базаларда ўтказилади. Россия армияси 2016 йилда Давлат думасига ва 2018 йилда президентлик сайловларида айнан шундай овоз берган - ўшанда Мудофаа вазирлиги сайловчиларнинг 100 фоизи иштирок этганини маълум қилган эди .

2016 йилда, ҳарбий операция авжига чиққан пайтда 4378 киши Сурияда кўчма сайлов қутисига сайлов бюллетенларини ташлаган.

Бу сафар Дамашқдаги сайлов участкасида (шу жумладан сайёр овоз бериш қутилари) «Единая Россия» 92,64% овоз тўплади.

14 сентябр куни Россия президенти Владимир Путин Сурия раҳбари Башар Асад билан учрашди. Унинг сўзларига кўра, асосий муаммолардан бири Сурияда «БМТ қарорисиз хорижий қуролли кучлар» мавжудлиги бўлиб қолмоқда. Путин бу гапи билан эҳтимол  АҚШ ва Туркия ҳарбийларини назарда тутган бўлса керак.

Сурияда нафақат оддий ҳарбий хизматчилар, балки “Вагнер” каби  кўплаб хусусий ҳарбий компаниялар ҳам жанг қилганлиги Россия оммавий ахборот воситалари томонидан бир неча бор эълон қилинган. Хусусий ҳарбий компаниялар расман Россияда йўқ.

Расмий равишда, гарчи оммавий ахборот воситаларида ёзилишича, улар ГРУ базаларида машғулот ўтказса-да, бу одамлар мудофаа вазирлигига тегишли эмас деб ҳисобланади. Россия ҳукумати ёлланма аскарларнинг ўлими ҳақидаги хабарлар ва ҳатто уларнинг мавжудлиги ҳақидаги фактларга ҳам изоҳ бермайди.

«Агар [Сурияда] Россия фуқаролари бўлса, бу ҳукумат томонидан эмас ва Мудофаа вазирлигига алоқаси йўқ», деган эди Рейтер нашри саволига жавобан президент матбуот котиби Дмитрий Песков.

Ёқуб Умар тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Мен ажратган пулларни «ҳазм» қила олишмади» — Шавкат Мирзиёев

126 14:05 16.10.2021

Москва Марказий Осиёга АҚШ қўшинлари жойлаштирилишига қарши

246 13:05 16.10.2021

Ўзбекистон aфғонистонликларга таъзия билдирди

182 12:05 16.10.2021

Шавкат Мирзиёев мигрантларга солиқ солиш таклифига фикр билдирди

1042 11:11 16.10.2021

Қандаҳордаги теракт қурбонлари сони ортди

308 10:33 16.10.2021

Россия Ўзбекистонда рус мактаблари очмоқчи

413 09:06 16.10.2021
« Орқага