Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Қабристон зиёратига оид муҳим масалалар...

1377

Зиёратнинг шаръий далиллари

Ҳазрати Бурайда розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен сизларни қабрлар зиёратидан манъ этган эдим. Энди ижозат бердим: зиёрат қилингизлар» (Имом Муслим, Имом Термизий, Абу Довуд, Насаий ривоятлари).
Бошқа бир ривоятда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобимиз айтдилар: «Қабрларни зиёрат қилишни истаган киши зиёрат қилсин. Чунки қабр зиёрати бизга охиратни эслатади» (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).

Изоҳ: Исломиятнинг илк йилларида ҳазрати Пайғамбаримиз қабрлар зиёратини тақиқлаган эдилар. Чунки унда баъзи жоҳилият даври одатлари сақланиб турган бўлиб, айрим қабилалар мақтаниш ва ғурурланиш учун ўликларининг қаҳрамонликларини санаб, бақир-чақир қилар, ошкора йиғи-сиғига зўр берар эдилар. Ислом одоби ва ахлоқи, тавҳид ғояси инсонлар қалбига ўрнашгач, қабрлар зиёратига ижозат берилди.

Ҳазрати Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ушбу ҳадиси шариф ривоят қилинади; Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одати шарифлари, қачон ҳазрати Оиша онамизнинг олдиларига келсалар, кечанинг охирида туриб, Бақиъ қабристонига борар эдилар ва бундай дер эдилар:

«Ассалому алайкум, эй мўъминлар диёри! Сизларга ваъда қилинган нарсалар келди. Эрта қиёмат куни кўз олдингизда ҳозир бўлур. Иншааллоҳ, бизлар ҳам сизларга келиб қўшилурмиз. Ё Аллоҳим! Бақиъ-ул-ғарқод мозорида ётганларни мағфират қил!» (Имом Муслим, Абу Довуд, Насаий, Ибни Можа ривоятлари).

Яна ҳазрати Бурайда розийаллоҳу анҳу айтадилар: ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобаи киромларга, қачон улар қабристонга борсалар, ушбу дуони таълим қилар эдилар:
«Ассалому алайкум, эй бу диёрнинг мўъминлари ва мусулмонлари! Иншоаллоҳ, бизлар ҳам сизларга келиб қўшилурмиз. Аллоҳ таолодан бизлар учун ва сизлар учун офият – тинчлик-омонлик тилайман!» (Имом Муслим, Насаий, Ибни Можа ривоятлари). 

Яна Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада баъзи қабрларга дуч келдилар. Муборак юзларини уларга қаратиб, айтдилар:
«Ассалому алайкум, эй қабр эгалари! Аллоҳ бизларни ҳам, сизларни ҳам мағфират айласин! Сизлар биздан олдин кетдингизлар, бизлар ҳам изингиздан боргаймиз!» (Имом Термизий ривояти). 
(Далиллар «Мажмаъул-одоб», «Риёзус-солиҳийн» ва «Ширъатул-Ислом» шарҳи китобларидан олинди).

Ҳадислардан хулосалар:

1. Исломнинг илк даврида қабристонга боғлиқ хунук одатларни бартараф қилиш учун қабрлар зиёрати тақиқланган эди. Ёмон одатлар тарк этилгач, кейинчалик зиёратга рухсат берилди.

2. Қабр зиёрати қалбларни юмшатади, инсонга ўлимни ва охиратни эслатади. Шунинг учун ҳар замонда қабрларни зиёрат қилиб туриш, ўлгандан кейин қабрда кечадиган ҳолларни ўйлаб, ҳаётни яхши изга солишга, савобли, хайрли ишлар қилишга шошилиш керак.

3. Зиёрат ўлимни эслатади, дунё муҳаббатини дилдан кетказади, беҳуда мақтаниш ва ғурурланишни тарк этишга сабаб бўлади.

4. Ўликлар тирикларнинг дуоларидан, садақа ва эҳсонларидан фойда олади. Шу сабабдан қабристондаги ўликлар ҳақига дуолар қилмоқ лозим.

5. Қабристонда ётганларни эртанги қўшниларимиз деб билмоқ лозим.

6. Қабристонни фақат кундузи эмас, балки кечаси ҳам зиёрат қилиш мумкин.

МИРЗО АҲМАД ХУШНАЗАР
(Мирзо Кенжабек)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Истанбул сафари таассуротлари: “Бухоролик етти амирнинг қабрига дуч келдим...”

3816 21:06 16.11.2021

Новосибирск: мусулмонларга қабристон учун ер берилади

748 20:55 18.10.2021

Икки йўл орасидаги қабристон тарихи

2626 22:45 16.09.2021

Қабристондаги аёл ва файласуф...

3041 21:40 15.02.2021

Испанияда улкан қадимий мусулмонлар қабристони топилган

2049 08:20 26.11.2020

Япониялик мусулмонлар қабристон учун ер масаласида қийналяпти

1203 21:16 18.09.2020
« Орқага