Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Қабристондаги аёл ва файласуф...

3040

Ҳикоя қилинишича, олтмиш ёшдан ошган юнон файласуфларидан бирининг йигирма яшар хотини бор экан. У хотинини жуда қаттиқ яхши кўрар экан. Аммо унинг ҳаётини фақатгина хотинининг ўзидан анча ёшлиги заҳарлаб турар экан. Ўлганидан сўнг бошқа эрга тегишини ўйлаб уйқуси қочар экан. Хотини эса ширин сўзлари билан уни хотиржам қилар, эрига эшиттириб эридан олдин жонини олишини сўраб Яратганга ёлворар экан. Эр бундан анча тинчланар, аммо бир неча кун ўтиб яна эски ҳолига қайтаверар экан. 

Бир куни эр уйига қайтаётиб қабристоннинг ёнида ўтибди. Қабристонда бир ёшгина жувоннинг янги қабрнинг устида туриб қўлидаги елпиғич билан қабрни елпиб турганини кўриб қолибди. Унга яқинлашиб: “Нима қилаяпсиз?” дея сўрабди. Жувон: “Кетинг! Мен, кўриб турганингиздек, бандман. Гапиришга вақтим йўқ!”, деб жавоб берибди. Файласуф: “Келинг, мен сизнинг ўрнингизда елпиғични елпиб тураман. Сиз менга нима бўлганини гапириб беринг”, дебди. Аёл елпиғични файласуфга бериб гап бошлабди: “Қабрдаги менинг эрим. Биз бир-биримизга қайси биримиз вафот қилсак, токи қабримиз қуримагунича бошқа турмуш қурмасликка ваъда берганмиз. Бир неча кун аввал эрим вафот этди. Менга эса рад қилиб бўлмайдиган бир яхши кишидан совчи келаяпти. Мен ваъдамда туриб, қасамимни бажо келтиришга ҳаракат қилаяпман!”.

Файласуф унинг вафоси учун раҳмат айтди. Аммо ичида ғазаб олови ёнди. Ўзини қабр ичида деб хаёл қилди. Елпиғич ушлаб ўтирган аёлни хотини деб фараз қилди. Сўнгра ҳалиги аёл файласуфга раҳмат айтиб, елпиғични унга совға қилди. Файласуф елпиғич билан уйига қайтди. Эрининг қўлида аёллар елпиғичини кўрган хотин ғазабга минди. Ичида рашк олови ёнди: “Қаердан олдингиз буни?! Қайси фоҳиша билан бирга бўлдингиз?!” деди. Файласуф табассум қилиб, унга бўлган воқеани айтиб берди. Хотини эрига узр айтиб, хиёнаткор ва аҳдида турмайдиган аёлларни қарғади. Эрига бешта бармоқ бир хил эмаслигини айтди.

Бир неча кун ўтгач, файласуф оғир дардга йўлиқди. Шифокор уни кўриб чиқиб, хотинига деди: “Эрингизни яшашидан умид йўқ!” Оз муддатдан сўнг файласуф ётган хонадан хизматкор аёл югуриб чиқиб, файласуфнинг ўлганини айтиб дод солди. Хотини файласуфнинг жасадини васиятига кўра хонасидаги столининг устига қўйишларини буюрди ва ўтириб аччиқ-аччиқ йиғлай бошлади.

Оз вақт ўтмасидан эшик тақиллаб қолди. Хизматкор аёл эшикда файласуфнинг шогирдларидан бири зиёрат қилиш учун турганини айтди. Хотини хизматкор аёлга деди: “Унга файласуф ўлганини айтиб қайтариб юбор!” Бироздан сўнг хизматкор аёл қайтиб келиб, хабарни эшитган шогирд хушидан кетиб йиқилганини айтди. Хотини хизматкор аёлга унинг юзига сув сепиб, ўзига келтиришни сўнгра қайтариб юборишини айтди. Хизматкор аёл унинг ҳушига келмаётганини айтди. Файласуфнинг хотини шогирдни мехмонхонага олиб киришларини айтди. Шогирдни олиб киришгач, хотиннинг хаёлида гўё уйига нур киргандек бўлди. Чунки шогирд йигит ниҳоятда чиройли ва барно йигит эди. 

Йигит ўзига келгач, файласуфнинг хотини шогирдга: “Сенинг хафалигинг устозинг учундир. Менинг хафалигим эрим учун. Иккимизнинг хафалигимиз бир киши учун. Бу киши қабрида ором олиб ётиши учун менинг хафалигимни ўзингнинг хафалигинг устига қўйишинг керак. Биз турмуш қуришимиз керак”, деди. Шогирд деди: “Устозимнинг хотинини муҳофаза қилишим мени ниҳоятда бахтли қилади! Аммо мен касалман. Қачон қаттиқ суюнсам ёки қаттиқ хафа бўлсам ҳушимни йўқотаман. Ҳеч тузалмаяпман”. Аёл деди: “Агар сенга керак бўладиган дори етти қават ернинг остида бўлса ҳам, уни ёриб, у дорини сенга чиқариб бераман”. Шогирд деди: “Менинг дардимга ўлганига унча узоқ вақт бўлмаган ўликнинг мияси дори экан!”. Аёл фикрлаб туриб: “Сенга керак бўладиган дори менда!” деди. Аёл шундай деб болтани кўтариб эрининг жасади ётган хонага кирди. Энди болтани кўтариб урмоқчи бўлганида файласуф кўзини очди ва сўради: “Ҳалиги аёлнинг қўлидаги елпиғич сенинг қўлингдаги болтадан яхши эмасми?!” 

Ҳалиги шогирд ва хизматкор аёл кулиб юборишди. Файласуфнинг хотини билдики, булар ҳаммаси уни синаш учун экан. Бундан қўрқиб кетган аёл ҳушини йўқотиб йиқилди ва жони узилди.

Қисқасини айтганда, эркаклар аёллар ҳақида худди  шундай ўйлашади: Аёл киши севгилиси вафот қилганида ундан кейинги севгилиси билан кетади. Эридан сўнг ундан кейинги эрига турмушга чиқади!

Ваҳоланки, шахсан мен бир неча хотинини йўқотган эркакларни биламан. Барчаси хотинидан сўнг уйланишди. Аммо ўнлаб аёлларни биламан. Уларнинг бирортаси эри вафот этганидан сўнг турмушга чиққани йўқ. Уларнинг аксарияти фарзандларини тарбиясига ўзини бағишлади. Эрининг хотираси билан яшади ва яшамоқда. Аслида турмуш қуришса, бу уларнинг ҳақлари эди. Бу ишда хиёнат йўқ. Эркак ҳам шу. Аммо эркаклар хотинлар ҳақида юқоридаги каби ўйлашади.

Бу қисса афсона бўлсада, бундай фикрлар воқеликда бор. Бу қиссада битта аёл ҳақида ҳикоя қилинган. Бу барча аёллар шундай қилишади дегани эмас албатта. Агар бир эркак хиёнат қилса, бу барча эркаклар хиёнаткор дегани эмас. Бир аёл хиёнат қилса бу дегани барча аёллар хиёнаткор дегани эмас. Вафо дегани ростгўйлик, ёлғон, хиёнат ва саховат сингари, ҳаммада ҳам бўлавермайди. Аёлларда бўлгани каби, эркакларда ҳам бўлади.

Файласуфнинг қиссаси саҳиҳ эмас. Аммо саҳиҳ ривоят бор. Муовия розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилгандан сўнг у кишининг хотини Отика бинт Аҳвас розияллоҳу анҳога совчи қўяди. Отика унинг совчисига: “Усмондан кейин бошқа эркакка эҳтиёжим йўқ. Унга мендан салом айт. Бошқа аёллар кўп-ку!”, деди. Совчи: “Аммо Муовия сенга уйланмоқчи, бошқа аёлга эмас”, деди. Отика: “У менинг нима нарсамга ишқибоз бўлибди?” деб сўради. Совчи: “Олдинги икки тишингга”, деди. Яъни табассумингга, демоқчи бўлди. Отика қўли билан икки олдинги тишини суғуриб олди ва совчига бериб деди: “Буни Муовияга бер ва: “Отиканинг Усмондан сўнгра бошқа эркакка эҳтиёжи йўқ экан”, дегин!”.

Абдулқодир Полвонов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: иброни рад этиш

202 22:05 03.12.2021

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг Ўзбекистон бозорларидаги нархи маълум қилинди

379 21:00 03.12.2021

Динимни ўрганаман: Қуръоннинг ўзбекча таржимасини ўқиса хатм қилган ҳисобланадими?

616 20:05 03.12.2021

Москва: давлатга хиёнат қилган Россия фуқароси ҳибсга олинди

416 19:05 03.12.2021

Президент ташаббуси билан қурилган масжид ёпиб қўйилдими? Адлия бошқармаси муносабат билдирди

1216 18:10 03.12.2021

«Барча мустақил туркий давлатлар умумий байроқ остида бирлашди» – Бағдод Амриев

818 17:30 03.12.2021
« Орқага