Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Қамашидаги қадимий масжид эътиборга муҳтож

681

Қашқадарё қадим тарихий ёдгорликларга бой диёрдир. Бу ўлкада бўлган инсон албатта тарихий обидаларини кўришга, зиёратгоҳларга боришга қизиқади. Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида Лангар ота деган қишлоқ бор. Турли манбаларда турлича ёзиладиган “лангар” атамаси кўпроқ мувозанатни сақлаш, ҳаракатни бир маромда тутиб туриш маъносини англатади. Баъзи ривоятларда ислом динида сўфи ва дарвешлар “лангар ташлаш” орқали жойлашадиган ерларини аниқлашгани, шунингдек, бу атама мўғулча “лангўр” – қабр, яъни энг катта авлиёнинг қабри ёки бошқача таърифда мусофирхона, хайр-эҳсон тарқатиладиган жой, азиз-авлиёлар лангар ташлаган макон маъноларини беришига айтилади. 

“Лангар” атамаси тўғрисида бошқа фикрлар ҳам мавжуд. Яъни у тарихий шахс эмас, жой номи билан боғлиқ бўлиб, марказ, қалъа, қўрғон, бандаргоҳ сўзларига қиёс қилинади. Айтишларича, илгари ҳар иккала жойдаги дарёлар ниҳоятда серсув бўлиб, ҳатто кемалар қатнаган экан. Лангар қишлоқлари эса кемалар тўхтайдиган, аниқроғи, лангар ташланадиган жой бўлган. Бу қишлоқ тоғ бағрида жойлашган бўлса-да, лекин ўзида жуда кўп тарихни кўрган қадимий ёдгорликлари билан машҳур жойдир. Ушбу қишлоққа ҳозирги, техника ривожланган даврда ҳам чиқиб бориш қийин. Лекин у ерда XV асрда қурилган ажойиб «Ҳазрати Лангар ота» жоме масжиди жойлашган.

Қишлоқдаги маҳобатли масжид қурилиши ҳам бизни ҳайратга солади. Масжид 2 та хонақоҳ, 1 айвон, 4 меҳроб, 19 та устун ва 7 эшикдан иборат. Иккита хонақоҳи катта масжид ва кичкина масжид деб номланади. Аввал кичкина масжид қурилган, намозхонлар кўпайганлиги сабабли кейинчалик катта масжид ва айвони қурилган. Масжид девори икки метр қалинликда қурилган. Катта масжид ички девори тепа қисмига «Фатҳ» сураси 1-11 оятлари ёзилган ҳамда турли-туман нақш-безаклар билан безатилган. Масжид катта хонақоҳининг устуни тепасида ҳижрий 1362 йил (милодий 1905 йил)да уста Муҳаммадиёр томонидан таъмирлангани ёзилган. Масжид баландлиги 11 метр, бўйи ва эни 32 метрдан. Масжид шифтига вассажуфт тахланган. Унинг меҳроб қисми нозик дид ва юксак маҳорат билан безатилган. Меҳроб атрофи сулс ёзувидаги битиклар билан тўла. Шунингдек, мовий фонга оқ рангли ёзувлар битилган ранг-баранг кошинлардан яратилган ажойиб мозаика киши диққатини ўзига жалб қилади. Барча осори атиқанинг таг-замирида тилсимлар яширин гўё. 

Масжид ҳовлисига кириш эшиги

Масжиднинг ён тиргак девори

Кичик хонақоҳнинг ички кўриниши

Кичик хонақоҳ шифт қисми

Баъзи бир манбаларда келтирилишича ушбу масжид Шайх Абулҳасан Ишқий бошчилигида қурилган. Алишер Навоий ўзининг «Насойимул-муҳаббат» номли асарида 770 машойих ҳақида маълумот келтириб Абулҳасан Ишқий ҳақида шундай ёзади: «Шайх Абулҳасан Ишқий (сирлари муқаддас бўлсин) Хоразмдандур. Шайх Боязид Ишқий қаддаса сирраҳуким силсиласи султонул-орифин Боязид Бистомий раҳимаҳуллоҳга етар, анга тарбият қилгандир. Ўз замонида фақир аҳлининг муқтадоси эрмиш, балки машойихнинг пешвоси. Мурид ва асҳоби кўп, каромат ва мақомати андин кўпроқ».

Айрим ёзма манбалар ҳамда оғиздан-оғизга ўтиб келаётган ривоятларга қараганда, масжидга XIV аср охирида Шайх Абулҳасан асос солган. У Бухородан иршод хатини олгач, ушбу манзил томон йўл олган экан. Шайх Абулҳасан ҳозирги Лангар қишлоғига масжиднинг пойдеворини қўйибди. Маҳаллий аҳоли у кишига мурид бўлиб, масжид қурилишида кўмаклашган экан.

Лекин баъзилар бу масжид Шайх Абулҳасандан олдин барпо этилган, негаки масжид қурилиши 1448 йилда якунланган, шайх эса 1460 йилда туғилган, дейишади. Шунингдек бу масжидни оддий халқ XIV асрда ҳашар йўли билан қуриши гумон. Чунки масжид фақат подшолик ёрдами билан қурилган деган тахминнинг асоси шуки, масжиднинг ҳар томонлама мукаммал архитектура асосида қурилганлигидир. Негаки масжидда ишлатилган ёғоч устунлар ва улар остида қўйилган мармар тошлар жуда мураккаб шаклда ясалган. Бугунги кун техникалари чиқиши қийин бўлган тоғ устида қурилган ушбу масжид қурилишида албатта шу даврнинг султонлари аралашган бўлиши керак, дейишади маҳалла оқсоқоллари. Шу билан бир қаторда маҳалла нуронийлари масжиднинг кичик хонақоси милодий 1424-34 йилларда, катта хонақо ва айвони 1448 йилда қуриб битказилганини таъкидлашади. Бу масжид юртимизда айни кунларда асл ҳолида сақланиб келинаётган масжидлар ичида биринчи ўринда туради. Чунки бу масжид қурилгандан буён жуда кам таъмирлаш ишлари олиб борилган. Масжид буткул таъмирдан чиқмаган, қандай қурилган бўлса шу холича сақланиб келинмоқда. Бу борада масжид имоми Абдураҳмон домла шундай фикр билдирди:

«Масжидимиз қурилгандан буён ўз ҳолича сақланиб келинмоқда. Масжиднинг катта хонақоси бешта устундан иборат бўлиб, бу динимизнинг бешта арконига қиёс қилинади. Агар биз бир устунни олсак, бутун хонақо томи қулаб тушади. Ҳар бир устун ўз вазифасига эгадир. Иккинчи кичик хонақомизда тўртта устун бор. Буни уламоларимиз тўртта мазҳабга боғлашади. Яъни тўртта мазҳабни ҳам бирдек тан олиш кераклиги, бири-бирини тўлдириб боришини таъкидлашган. Масжид айвонида ўнта устун бўлиб Расулимиз даврида тириклигидаёқ жаннатий эканлиги башорат қилинган ўнта саҳобага атаб қўйилган, дейилади. Энди мана шу жами ўн тўққизта устунинг тагига қўйилган мармар тошлар ҳам бир-бирини такрорламайдиган ўн тўққиз хил шаклда ясалган. Масжид деворида ишлатилган ранглар ўта ноёб эканлиги билан ажралиб туради. Чунки бу рангларни айни кунларда топиб бўлмайди. Масжид деворининг ички томонига ўрта асрлар услубида безак берилган. Бундан ташқари, зарҳал девор бўйлаб икки хил ёзув: арабча ҳамда оддий нақшга ўхшаб кетадиган номаълум ёзувлар муҳрланган. Юқоридагиси қандай имлолиги, безакми ё рамзий белгиларми – маълум эмас. Қизиғи шундаки, улар тўғри чизиқлардан ҳосил қилинган. Бундай рамзлар қадимги туркий халқлар буюмларида, лавҳаларда кўп учрайди. Мутахассисларнинг фикрича, бу безаклар Кўк турк подшоларининг ишоралари, аниқроғи давлат рамзлари экан».  

Мен ўзим ҳам бу масжидда уч марта бўлганман. Айни кунларда масжид таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Чунки масжид ёзда салқин бўлса-да, бироқ қишда жуда совуқ бўлади. Негаки масжидни қишлоқ шароитида ҳеч бир йўл билан иситишнинг иложи йўқ. Фақатгина уни замонавий технологиялар асосида қиздириш мумкин, холос. Масжид қурилган вақтдан то яқин йилларгача унинг олдида катта ҳовузда сув сақланган. Бу ҳовуз ҳозир ҳам бор. Лекин вақт ўтиши билан ҳовуз ўз фаоллигини йўқотиб сувни сақлай олмаган ва унга қуйилган сув масжид остига секин-аста сингиб борган натижада масжиднинг икки метрлик қалинликка эга бўлган деворлари дарз кетган. Шунинг учун ҳам ҳозир бу ҳовуздан фойдаланилмайди. Мен илк бор бу масжидга борганимда мени ҳайрон қолдирган ҳолат масжиднинг хонақосига ва ҳовлисига кирадиган барча эшикларининг паст қилиб қурилганлиги бўлганди. Масжидга кирмоқчи бўлган инсон албатта эгилиб кириши керак. Бу ҳақда қишлоқ оқсоқоллари: 

«Бу Аллоҳнинг уйи, унга бош эгиб кириш керак, шунинг учун ҳам масжид эшиклари паст қилиб қурилган», дейишади.

Айни кунларда масжид ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Масжидга қишлоқнинг турли бурчакларидан намозхонлар пиёда тушиб келишади. Масжид қоронғи, қишлоқ аҳли имкон қадар масжидни ёритиш ускуналари, гиламлар билан жиҳозлашган, лекин шундай тарихга эга бўлган масжид қаровсиз туриши ачинарли ҳолдир. Масжид ёнида қад ростлаган, тарих жиҳатидан масжиддан кейин қурилган Лангар ота зиёратгоҳи жуда замонавий усулда таъмирланган-у лекин масжид ва унинг таҳоратхонаси ҳамон таъмирталаб бўлиб турибди.  Шу зиёратгоҳга келганларнинг аксарияти масжидга кириб намоз ўқишни ҳам канда қилаётгани йўқ. Бу масжид ЮНEСКОнинг моддий ва номоддий мерослари рўйхатига киришга арзийдиган тарихий обидадир. Шундай экан Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон диний қўмитаси ва «Вақф» хайрия жамоат фонди бу масжид биносини таъмирлашга жиддий эътибор қаратса яхши бўларди. 

Нурбек Ғофуров

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бола ўзиники бўлса, истаганча калтаклаш мумкинми?

1211 21:32 29.11.2021

Қашқадарёга янги ҳоким тайинланди

634 12:55 18.11.2021

Қашқадарё вилояти ҳокими ўзгарди

661 12:13 18.11.2021

Пахтакорларга қўшимча ҳақ тўланади

464 16:18 03.11.2021

Хушхабар: Қашқадарёда икки масжид рўйхатдан ўтказилди

787 13:34 20.10.2021

Беш кунлик боласини сотаётган «она» қўлга олинди

587 08:40 14.10.2021
« Орқага