Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Тарих

Қатағон қурбонлари: Азиз Хўжаев – етти тилни билган олим

1326

Азизхўжа 1905 йил Бухоро шаҳрида таниқли мударрис, муфти Авлиёхўжа Атқиёхўжа ўғли хонадонида таваллуд топган. Азизхўжа аввал Эски Бухоронинг Говкушон мавзеъсидаги жадид мактабида, сўнг мадрасада таҳсил олган. 1920 йил Бухоро амири ағдарилган суронли дамларда Қизил аскарларнинг бомбардимони натижасида Азизхўжа яқинларидан ва уй жойидан мосуво бўлди. 15 ёшида етим қолган Азизхўжа бошқа кимсасиз қолган ёшлар қаторида БХР ҳукумати қарамоғидаги “Шуҳадо” мактабига олинади. Болалик вақтидан Фитратнинг назарига тушган Азизхўжа 1922 йил Германияга ўқишга юбориладиган талабалар рўйхатидан ўрин олади. Талабаларга Бухоро ҳукумати томонидан масъул этиб белгиланган Олимжон Идрисийнинг ҳисоботларида ҳам, Абдувоҳид Мунзимнинг хотираларида ҳам Азиз Хўжаев бухоролик талабаларнинг энг тиришқоғи ва энг иқтидорлиларидан бири сифатида тилга олинади. Азиз Хўжаев қисқа муддатли тил курсидан сўнг олмон тилини ўрганиб, Берлин университетининг иқтисод факультетига ўқишга киради. 1926 йилнинг сўнгида олий маълумот ҳақидаги дипломни қўлга киритган Азиз Хўжаев Ватанга қайтади. Афсуски, унинг учун Самарқандда ишга жойлашишнинг имкони топилмади. Азизхўжа устози Бакир Чўпонзода, Исмоил Ҳикматбейлар таклифи билан Бокуга йўл олиб, Озарбайжон Давлат университетига ўқитувчи бўлиб ишга киради. Албатта, олмон, инглиз, араб, форс, урду, турк, рус тилларини мукаммал эгаллаган Азизхўжа ҳар қандай таълим даргоҳи учун керакли мутахассис эди. У аспирантурага кириб тадқиқотни бошлаб юборади. Иттифоқнинг йирик нашрларида, Боку, Тошкент шаҳарларидаги иқтисодий ахборотномаларида, матбуот саҳифаларида Азиз Хўжаевнинг бир қатор таҳлилий мақолалари чоп этилди. Унинг изидан тушган ОГПУ жосуслари Азизхўжани Бокуни тарк этишга мажбур қиладилар. 1928 йилнинг сўнгида Тошкентга келган Азиз Хўжаев Ўзбекистон Маориф нозирлигига ишга жойлашиб, айни пайтда Шарқшунослик факультетида форс-урду тилларидан, Ўрта Осиё давлат университетида иқтисодиёт фанидан талабаларга таълим беришга киришади. “Правда Востока” газетасида таржимонлик ҳам қилади.

Азиз Хўжаев бир вақтлар Туркияда таҳсил олиб қайтган Шаҳид Эсон Мусо, Исмоил Садри, Мирзоамин Муҳиддиновлар билан илмий мунозаралар олиб боради. Айниқса, 1929 йил Тошкентдаги Восточная кўчасидан 10-уйни сотиб олгач, унинг хонадони Қиёмиддин Киромиддин, Атоулло Сайфулмулк, Омонулло Нусратулло каби Германияда таҳсил олиб қайтган  дўстлари, шоир Баҳром Ҳайдарий, хонанда Назира Аҳмедова, ёзувчи Кибальчич, Мансурбек Худоёрхонов каби яқинларининг доимий суҳбатлари марказига айланади. Бу эса инсонларнинг ҳар бир ҳаракатни кузатиб турувчи ОГПУ айғоқчиларининг назаридан четда қолмади. Уни тузоққа тушунтириш мақсадида 1929 йил 5 декабрда ОГПУ 4-бўлимига аввал таржимон сифатида қабул қилади, кейинроқ эса “Ганс” лақабини бериб махсус агент сифатида ёллайди. Азиз Хўжаевни Тошкентдаги афғон консулининг таржимони Сулаймон Асқаров, форс консуллигидан Меҳдихон Ҳакимий, Хитой консулининг таржимони қошғарлик Исабеков, хитойлик Ван Сюн Бо, Ши Вен Ю каби одамлар билан таништириб, Афғонистон, Эрон ва Хитой давлатларининг ташқи алоқаларига оид хабарларни топишни талаб қилишади. Бироқ, Азизхўжанинг ҳеч бир рағбатини кўрмагач, ОГПУ унинг ўзини қамоққа тиқиш чораларини излай бошлайди. Бунга Фитрат Афғон элчилиги орқали Азиз Хўжаевни Туркияга Усмон Хўжаевга хат билан юбормоқчи деган хабар баҳона бўлади. Ишни зудлик билан амалга ошириш мақсадида унинг хонадонига Анна Дорошенко, Мира Мартиновская, Вера Александрова, Катя, Антонина, Оля, Шура каби ГПУ айғоқчиларини ташлайди. Бир неча кун унинг уйида яшаган “меҳмонлар” ҳамма воқеликларни мунтазам етказиб турадилар.

Ва ниҳоят, 1932 йил 13 май куни Ўрта Осиё ОГПУ 4 – бўлими ходими Булато Азиз Хўжаевни аксилинқилобчи, чет эл жосуси деб ЎзССР ЖК нинг 59-, 70-моддалари билан айблаб қамоққа олишга қарор қилади. 1932 йил 14 май тунда унинг хонадонига номаълум кимсалар ташриф буюради. Содда самимий Азизхўжа хонумонидан айрилаётган ҳолда ҳам ўзининг ажали сабабчилари бўлаётган маккора “меҳмон”ларини қутқаришга ҳаракат қилади.

1932 йил 15-28 май кунлари мунтазам сўроқлар давомида англадики “меҳмон”лар унинг сўнгги кунларидаги барча ҳаракатларини оқизмай-томизмай ёзиб боришган эканлар. 

1932 йил 8 июн куни юзлаштиришда у ҳамкасбим деб билган Анна Дорошенко ўзининг Тошкентга 1932 йил 14 январда махсус топшириқ билан келганлигини, Азизхўжанинг ёнидаги барча дўстлари, уларнинг касби-кори, адреслари билан сўзлаб беради. Шунингдек, унинг аксилсовет руҳда "бечора халқим русларнинг қўлида инглиз мустамлакалари халқларидан кўра минг бора хор бўлди. Бизда иқтидорлар кўп, ҳокимият бизда бўлиши керак. Мен ГПУдан қўрқмайман. Коммунистлар ўз келажагини кўра олмайди, газеталарининг ҳаммаси ёлғон ёзади. Албатта, биз русларни қувиб ҳокимиятни ўзимиз оламиз" деганини айтиб беради... 

1932 йил июл-август ойларида мунтазам жисмоний тазйиқ ва таҳқирлар остида Азиз Хўжаевдан Тошкентдаги, Афғонистондаги барча танишлари ҳақида сўраб суриштирадилар. Бироқ, Азизхўжадан бирорта арзирли маълумот олаолмади. Аксинча, ўзининг ҳеч қачон ватанни сотмаслиги, унга зулм фақат бошқаларга туҳмат этмагани, ёлғон кўрсатма бермаётгани учун бўлаётганини айтиб, инсонларга зулм этмаганим учун мени йўқ қилмоққа киришдинглар. Мен аслида СССРга келмадим, онам ва синглим учун Ўзбекистонга келдим. Сенларга аслида давлат керак эмас, ўзларингнинг унвонларингни кўтариш учун ҳеч нарсадан қайтмайсанлар, дейди.

1932 йилда 22 августда айблов баённомаси имзоланиб, унда Азиз Хўжаев Бухоро амири мулозими оиласидан чиққан, отаси советларга қарши курашда ҳалок бўлган, ашаддий аксилинқилобчи каби айблар қўйилди. Азиз Хўжаев иши 1932 йил 10 сентябрда Москвага юборилди. 1932 йил 20 октябрда ОГПУ қошидаги “учлик” томонидан 5 йил концлагерга ҳукм қилинди. У аввал Сазлагда бўлди, 1933 йил 29 июндан даҳшатли Соловки лагерига этап қилинади. Азизхўжа 1935 йил 15 сентябрда СССР бош Прокурори Вишинскийга ариза йўллаб, ўзининг 1932 йил 14 майда бўҳтон асосида қамоққа олингани, тинтув вақтида йўл қўйилган ҳақсизликлар, ҳатто, унинг тилла соатини ўғирлаб рўйхатга олишмаганини ёзади. “...Лагерда ҳаёт қийноқ ва азоблаш устига қурилган, кўпчилик обрў орттириш учун виждонли инсонлар устидан туҳмат қилади ёхуд каръера учун инсонларни антисовет деб айблашади. Тўрт ярим йиллик жазони ўташим билан очлик эълон қилгани учун деб ёлғиз камерага йўллашди. Хотинимни абадий йўқотдим. Ҳақиқат учун бетиним курашдим, аммо бу бирор кишини қизиқтирмади. Лагер раҳбариятига юзлаб хат ёздим. Бирортасига эътибор бўлмади. Аксинча бошимга ташвиш солдилар. Мана яқинда 5 йиллик муддат тугайди. Ҳақиқатга ҳам ишончим сўнган. Ҳеч кимга ҳеч нарса ёзишдан фойда йўқлигини биламан, аммо илинж бор. 75 ёшли онам, касаманд қизим мени кутмоқда” деб ёрдам сўрайди. Дарҳақиқат, бу аризадан сўнг унинг аҳволи янада ёмонлашди. Унинг ёнига турли кишилар киритилиб, ҳар бир ҳаракатини кузатадилар. Лагернинг масъул ходимлари Панамарев, Акимов, Мовшевич каби кимсалар Азиз Хўжаевни иш қобилияти 2-гуруҳ, меҳнатга муносабати ёмон, тегишли нормани бажармаган, майда миллатлар ва троцкийчилар билан алоқада, ўзининг ҳуқуқини талаб қилиб, очлик эълон қилади деб салбий тавсифлайдилар. 1936 йил 7 апрелда қурилиш қоидасини бузган деб 15 кунга, 1936 йил 26 октябрда тонгги йиғинга келмаган деган баҳона билан яна 5 кунга қамоққа буюрадилар. У ҳақсизлик ва зулмни асло тан олмади. Азиз Хўжаевни жазо муддати тугагани учун бошқа сақлаб тура олмаслигига ишонган қамоқхона маъмурияти уни “Учлик” йиғинига тақдим этади. 1937 йил 25 ноябрда Азиз Хўжаев иши машъум “учлик” йиғини унга ўлим ҳукми ўқиб, 1937 йил 7 декабрда ижро этилди. Яна бир ўзбек ўғлони душман ўқидан жон беради...

1956 йил 29 июлда Сталинобод шаҳридан Ойиша Азизхўжаева СССР Бош Прокурорига ариза йўллаб, 1932 йил 7 ёшида қамоққа олинган отаси САГУ ўқитувчиси Азиз Хўжаевнинг сўнгги тақдири ҳақида хабар беришини сўрайди. Ойиша отасининг 1937 йил 23 сентябрда Соловец оролидаги Беломор-Балтика МТЛнинг 8-бўлимидан ёзган сўнгги хатида яқинда қайтишини, бироқ унинг ортида яна кимлардир уни юбормаслик учун турли баҳоналар қидириб уни қайта қамоққа тиқмоқчи эканлигини хавотир билан ёзганди, дейди. Шундан сўнг Азиз Хўжаев иши қайта кўришга топширилди. Қайта сўроқларда унинг учун йиғилган меморандумларнинг барчаси махсус қарор асосида йўқ қилингани маълум бўлди. Гувоҳлик берган қизларнинг бирортаси топилмади. Унинг мутлоқ айбсиз ҳибсга олиниб маҳв этилгани маълум бўлди. Азиз Хўжаев 1958 йил 28 апрелда оқланди. 1958 йил 4 май куни бу хушхабар қизи Ойиша Азизхўжаевага етказилди. Унинг вайрон бўлган болалиги, отасининг увол кетган ҳаёти учун совет давлати икки ойлик маош миқдоридаги жарима пули тўлаб ўз гуноҳини ювган бўлди...

Баҳром Ирзаев,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Толибон» Термиз яқинига тушган снарядлар ҳақида муносабат билдирди  

228 23:18 06.07.2022

Маккаи мукаррама: бугун зиёратчилар Тавофи Қудумни адо этишди

37 23:18 06.07.2022

Ташқи ишлар вазирлиги Нукус воқеалари бўйича махсус баёнот берди

163 22:47 06.07.2022

Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари бир-бирларини байрам билан табриклади

558 21:45 06.07.2022

Украина Европа Иттифоқига қўшилса нима бўлади?

267 21:30 06.07.2022

Хорижда ишга жойлаштириб қўяман деган ҳар кимга ҳам ишонманг!

168 20:45 06.07.2022
« Орқага